Ўқувчилар иқболига мафтун муаллим

Ҳар бир ўғил-қизнинг ҳаётда баркамол инсон бўлиб вояга етишида ота-онаси билан бирга устозларининг ҳам хизмати беқиёс. Чунки барчамиз айнан улар туфайли онгу тафаккуримизни бойитиб, одамийлик, меҳр-оқибат, эзгу орзу-ниятлар билан яшашни ўрганганмиз. Бинобарин, ҳаётда, жамиятда муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллашимизда меҳрибон устозларимизнинг ҳиссаси ғоят катта. Шу боис, уларни ҳар қанча ардоқласак кам.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида шундай сўзлар бор: “…агарки дунё иморатлари ичида энг улуғи мактаб бўлса, касбларнинг ичида энг шарафлиси ўқитувчилик ва мураббийликдир, десак, ўйлайманки, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Чиндан ҳам, ўқитувчи наинки синф хонасига файз ва зиё олиб кирадиган, балки минг-минглаб мурғак қалбларга эзгулик ёғдусини бахш этадиган, ўз ўқувчиларига, ҳақиқатан ҳам, ҳаёт мактабини берадиган мўътабар зотдир. Она тилимизда “мактаб кўрган”, мактаб яратган” деган чуқур маъноли ибораларнинг мавжудлиги ҳам бу муқаддас даргоҳнинг, заҳматкаш ўқитувчи меҳнатининг давлат ва жамият ҳаётида қанчалик муҳим ўрин тутишидан далолат беради”.

Мамлакатимизда таълим тизимини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида ўқитувчи ва мураббийларнинг шарафли меҳнатини қадрлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Биринчи Президентимиз ташаббуси билан 1 октябрь юртимизда умумхалқ байрами – Ўқитувчи ва мураббийлар куни деб эълон қилингани ҳамда ушбу сана тантанали нишонланаётгани зиё аҳлига нисбатан чуқур эҳтиромнинг ёрқин ифодасидир.

 

Кимёнинг “оҳанрабоси”

1990-йилнинг сентябри эди. Эндигина 8-синфда ўқишни бошлаган кезларимиз… Бизга кимёдан мактабимизда кўп йиллардан буён ишлаб келаётган Абдулҳай Расулов кирадиган бўлди. Бироз ҳаяжонландик. Сабаби аён: кимё биз учун мутлақо номаълум фан, боз устига, ушбу фандан жиддий ва салобатли муаллим киради.

Абдулҳай муаллим биринчи дарсданоқ ўқувчилар билан тил топишиб кетди. У аста-секин бизни ўзига оҳанрабодай торта бошлади. Муаллимимиз ҳар гал фан мавзуларини тушунтирар экан, бизни кимёнинг сирли олами сари етакларди. Шундай пайтларда ким­ё­ни Абдулҳай акадан, Абдулҳай акани эса кимёдан ажрата олмасдик. Боиси, ўтган қирқ беш дақиқа ранг-баранг маълумотларга бой бўлар, улар онгимизга бутунлай синг­маса-да, хотирамизда муҳрланиб қоларди. Биз бундан ҳайратланардик.

Абдулҳай ака дарс давомида ҳар бир гапни аниқ ва равон қилиб, ҳаётий мисоллар билан айтардики, шунинг ўзиёқ биз, ўқувчиларда бир олам таассурот уйғотар эди. У киши биз танлаган мақсадларга, келажакда қандай инсон бўлишимизга ҳам қизиқарди. Мактаб даврини эсласак, бизнинг тасаввуримизда ҳозиргача ўқувчилар иқболига мафтун бўлиб дарс ўтаётган муаллим сиймоси гавдаланади.

 

Меҳр ва маҳорат – алоҳида дарс

Абдулҳай ака ўқитувчиликка ҳамиша юксак масъулиятли вазифа сифатида қараган. Муаллимимиз биз, ўқувчилар устида тиним билмай ишларди. Устознинг ўқувчилар билимини аниқлаш услуби ўзгача эди. Дарс аввалида янги мавзуни тушунтириб берарди-да, сўнгра ўртамизга саволлар ташларди. Саволлар оддий кўрингани билан, аслида, ҳар томонлама ўйланган, пухта жавобларни талаб қиларди. Дарс­ликни бир сидра варақлаб, баҳо олиш –“қутулиш”га шошаётган айрим синфдошларимиз довдираб қоларди бу саволлар олдида.

Энди билсак, ўқувчилар учун ўзини, бутун борлиқни унутиб дарс ўтган Абдулҳай муаллимнинг меҳри ва маҳорати алоҳида бир дарс экан. Бизни муаллимга боғлаган ришта ҳам меҳр ва маҳорат туфайли экан.

Бу йил етмиш икки ёшни қарши олган Абдулҳай Расулов бугун нафақада. Фарзандлари ва набиралари даврасида кексалик гаштини сурмоқда. Бироқ қадрдон муаллимимизни гоҳ мактабда, гоҳ маҳалла фуқаролар йиғинида учратиб қоламиз. Яқинда у кишини “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳиятига бағишланган тадбирда учратдик.

– Мустақиллик йилларида қанчадан-қанча янги умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар қурилди, – дейди устоз. – Улар замонавий ўқув жиҳозлари, чунончи, энг сўнгги русумдаги компьютер жамланмалари ва мультимедиа воситалари билан таъминланган. Бугунги кунда ўғил-қизларимизнинг дунёдаги тенгдошларидан кам бўлмай, жисмонан ва маънавий етук инсонлар бўлиб улғайиши учун барча шароитлар яратилгани, мухтасар қилиб айтганда, ёшлар таълим-тарбиясига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани бизга фахр-ғурур бағишлайди. Зеро, ҳозирги замонда таълим-тарбия масаласига янада чуқур масъулият билан ёндашишни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.

Юртимизда Абдулҳай Расулов каби фидойи инсонлар кўп. Ҳаётимизнинг ҳал қилувчи кучи бўлиб майдонга чиқаётган эртамиз эгалари эса уларнинг йўл-йўриқлари, меҳри ва дуоси туфайли юксак марраларни эгаллаши шубҳасиз.

Сайидодил САЙИДИСЛОМОВ