Радиология соҳасида энг илғор усуллар

Самарқанд давлат тиббиёт институтида тиббий визуализация ва интервенцион радиология­нинг замонавий йўналишларига бағишланган халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва республика радиологлар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Австрия, АҚШ, Италия, Чехия давлатларидан олим ва шифокорлар қатнашди.

Вилоятдаги тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган радиологлар, ёш тадқиқотчи олимлар ҳамда талабалар хорижлик мутахассислар билан тиббий визуализация ва интервенцион радиологиянинг замонавий услубларини ўзлаштиришга оид долзарб масалаларни муҳокама этдилар.

– Бугун радиологиянинг энг илғор усуллари амалиётга татбиқ этилаётгани Ўзбекистонда ушбу соҳага қаратилаётган эътибор самарасидир, – дейди Вена тиббиёт институти (Австрия) профессори Р.Рейнмюллер. – Ушбу анжуман ҳам тиббиётнинг радиология йўналишидаги янгиликларни оммалаштириш, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш бўйича тажриба алмашиш, ўзаро ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Халқаро анжуман давомида соҳага илғор технологияларни жорий этиш ва касалликларни самарали даволашга оид долзарб масалалар, хусусан, тиббий визуализация ва интервенцион радиологиянинг ютуқларини амалиётда қўллаш натижалари бўйича маърузалар тингланди.

Нуриддин БОЛИЕВ

Самарқанд вилояти