ИЛҒОР ТАЖРИБАЛАР, НАМУНАЛИ ФАОЛИЯТ ЭЪТИРОФИ

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида миллий ва маънавий қадриятларни кенг тарғиб қилиш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш ҳамда маҳаллаларни комплекс ривожлантириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш мақсадида Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда “Энг намунали фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари” танловининг ҳудудий босқичлари ўтказилмоқда.

Уларда ижтимоий шериклик муносабатларини янада кенгайтириш, давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан олиб борилаётган ишларга асосий эътибор қаратилаётир. Шунингдек, фуқаролар йиғинлари ҳузурида ташкил этилган жамоатчилик комиссияларининг фаолияти, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар чуқур ўрганилмоқда.

Урганч шаҳрида “Энг намунали фуқароларнинг ўзини-ўзини бош­қариш органлари” танловининг Хоразм вилояти босқичи бўлиб ўтди.

Унда танловнинг туман ва шаҳар босқичида ғолиб бўлган фуқаролар йиғини вакиллари иштирок этди.

Танловда иштирокчиларнинг ўз иш фаолияти доирасидаги саволларга берган жавоблари, дунёқараши ва ҳозиржавоблиги синовдан ўтказилди. Ўз ҳудудида тинчлик ва осойишталик, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, миллий қадриятларни ёшлар онгига сингдириш, аҳиллик ва меҳр-муҳаббат муҳитини таъминлаш борасида олиб бораётган ишлари сар­ҳисоб қилинди. Бундан ташқари, тадбирда иштирокчиларнинг меҳнат фаолиятига оид фотоальбом, плакат ва стендлар, ҳунармандчилик ишлари, миллий либослар кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Фуқаролар йиғинлари томонидан олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободончилик ишлари, хусусан “Соғ­лом она ва бола йили” Давлат дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар, эришилаётган ютуқлар, ижобий иш тажрибалари, ошкоралик, адолат ва тенглик тамойиллари асосида баҳоланди.

Кўтаринки кайфият ва қизғин баҳс-мунозаралар руҳида ўтган танловда Шовот туманидаги “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини биринчи ўринга муносиб деб топилди ва танловнинг республика босқичида иштирок этиш йўлланмасини қўлга киритди. Қўшкўпир туманидаги “Бўрлоқ”, Ҳазорасп туманидаги “Пичоқчи” маҳалла фуқаролар йиғинлари иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллашди.

Қарши шаҳрида ўтказилган “Энг намунали фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари” танловининг Қашқадарё вилояти босқичида 14 та фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи учта шарт бўйича ўзаро баҳслашди.

Танловнинг туман ва шаҳар босқичларида ана шу талабларга мос келадиган қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолияти, хусусан, маҳаллалар ҳудудида амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижроси бўйича эришилаётган ютуқ ва натижалар, жамоатчилик комиссиялари иши юқори баҳолангани аҳамиятлидир.

Танловнинг вилоят босқичида иштирокчиларнинг ҳудудлардаги маънавий муҳит барқарорлиги, ёшлар тарбияси, миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш каби йўналишларда амалга оширилаётган ишлари, маҳалла институтига оид қонун ҳужжатлари билан боғлиқ билимлари ва маҳаллалар ҳудудидаги айрим муаммолар ечимини излаб топиш тажрибасига алоҳида эътибор қаратилди.

Якуний натижаларга кўра, Қарши шаҳридаги “Хонтепа” маҳалла фуқаролар йиғини энг намунали фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи деб топилди ва танловнинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Иккинчи ва учинчи ўринлар Косон туманидаги “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғини ва Касби туманидаги “Муғлон” қишлоқ фуқаролар йиғинига насиб этди.

ўолиблар диплом ва эсдалик сов­ғалари билан тақдирланди.

Холмурод ҚУРБОНОВ,

Ҳусан ТЕМИРОВ,

“Qishloq hayoti” мухбирлари.