ЮКСАК МАРРАЛАРНИ КЎЗЛАГАН ЁШЛАР

8_05

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказидан олинган маълумотларга кўра, жорий йилда мамлакатимиз олий ўқув юртларига 663 минг 298 абитуриент ҳужжат топширган. Бу ўтган йилга нисбатан 57 минг 462 нафарга кўпдир.

1 август куни мамлакатимиз олий ўқув юртларида тест синовлари бўлиб ўтди

Ёшларнинг олий маълумот олишга иштиёқи муттасил ўсиб бораётгани мамлакатимизда “Таълим тўғрисида”ги қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури асосида изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар, Ватан тақдири ва ўз келажаги учун қайғуриб яшайдиган авлодни камолга етказиш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатлар самарасидир.

Маънан ва жисмонан баркамол авлод соғлом ота-она, соғлом муҳит мевасидир. Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат сифатини янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимизда ҳар йили қабул қилинаётган ижтимоий аҳамиятга молик давлат дастурлари, фармон ва қарорларнинг ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани фуқароларни кучли ижтимоий муҳофазалаш, уларнинг ҳаёт сифатини янада юксалтиришда муҳим омил бўлмоқда.

Бу борада халқимизни сифатли, хавфсиз ва ишончли дори-дармон препаратлари билан таъминлаш, маҳаллий фармацевтика саноатини равнақ топтириш, дори воситалари ишлаб чиқарувчи корхоналарни техник ва технологик модернизациялаш, қайта жиҳозлаш, уларни юқори малакали кадрлар билан таъминлаш, диёримизда ўсувчи шифобахш ўсимликлар асосида дори воситаларини тайёрлаш ҳажмини кенгайтиришга қаратилган ишлар муҳим ўрин тутади. Амалга оширилаётган чора-тадбирлар дори воситаларининг таннархи сунъий тарзда ошиб кетишининг олдини олиш, фармацевтик маҳсулотлар нархини ягона қийматда сақлаб туриш, чет элдан келтирилаётган аксарият препаратларни мамлакатимизда ишлаб чиқариш ва уларни экспортга жалб этиш имконини бермоқда.

Тошкент фармацевтика инс­титути юртимизда ушбу йўналиш учун юқори малакали мутахассисларни тайёрлаб берувчи ягона ва етакчи олий таълим даргоҳларидан саналади. Ушбу ўқув масканида 2016/2017 ўқув йили учун таълимнинг бакалавриат бос­қичида беш йўналиш – касб таълими: фармация, биотехнология (фармацевтик биотехнология), фармация (турлари бўйича), саноат фармацияси (турлари бўйича), метрология, стандартлаштириш ва маҳсулот сифати менежменти (фармацевтика соҳаси бўйича) мутахассислари тайёрлаш кўзда тутилган.

Бу йил институтга талаба бўлиш истагидаги 2 минг 721 йигит-қиздан ариза тушган. Абитуриентлар фармация, саноат фармацияси йўналишларига катта қизиқиш билдирган. Белгиланган режага асосан кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтганларнинг 60 нафари давлат гранти, 280 нафари тўлов-шартнома асосида ўқишга қабул қилинади.

Мамлакатимизнинг жаҳон иқтисодиётига тобора интеграциялашуви, янги саноат тармоқларининг ишга туширилиши, ишлаб чиқаришнинг модернизациялашуви турли соҳаларда етук билим ва малакали, ўз касбининг устаси бўлган илғор мутахассисларга талабни ошираётир. Шу боис меҳнат бозоридаги мавжуд эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда, юқори малакали мутахассислар тайёрлашга устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Ўқув-тарбиявий ишлар муттасил такомиллаштирилиб, жаҳон андозалари ва замон талабларига мос таълим стандартлари амалиётга жорий этилмоқда. Назария ва амалиёт, ишлаб чиқаришни ўзига уйғунлаштирган, ижтимоий-иқтисодий тараққиётга ҳамоҳанг янгидан-янги ихтисосликлар ташкил этилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 26 майдаги “2016/2017 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида”ги қарори асосида олий ўқув юртларида 18 янги таълим йўналиши очилди. Янги ўқув йилидан Абу Райхон Беруний номидаги Тошкент давлат техника университетида саккиз, Тошкент архитектура-қурилиш институтида уч, Тошкент кимё-технология институти, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти, Тошкент тиббиёт академияси, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти, Тошкент давлат аграр университети ва ушбу олий ўқув юртининг Нукус филиали, Андижон қишлоқ хўжалиги институтида биттадан янги таълим йўналишлари бўйича талабалар қабули амалга оширилди.

Эндиликда ушбу таълим масканларида қуймакорлик технологиялари, энергия машинасозлиги, муқобил энергия манбалари, мехатроника ва робототехника, интеллектуал муҳандислик тизимлари, электрон аппаратлар ишлаб чиқариш технологияси, лазер технологияси ва оптоэлектроника, биотиббиёт инжинерияси, нефть-газни қайта ишлаш саноати объектларини лойиҳалаштириш ва қуриш, сув таъминоти ва канализация тизимларини лойиҳалаштириш ва эксплуатация қилиш, коммунал инфратузилма ва уй-жой коммунал хўжалигини ташкил этиш ва бошқариш, резинотехника буюмлари ишлаб чиқариш технологияси, ўзбек-инглиз таржима назарияси ва амалиёти, тиббий-биологик иш, санъатда анимация­вий ва мультимедиавий лойиҳалаш, доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш технологияси, ўрмончилик ва ўрмон мелиорацияси йўналишлари бўйича тайёрланадиган мутахассислар мамлакатимиз тараққиётига хизмат қилади.

Президентимизнинг 2016 йил 13 майдаги “Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони асосида янги университетнинг очилиши халқимиз маънавиятини юксалтириш, ўзлигини англатиш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар силсиласида катта тарихий воқеа бўлди. Ушбу олий ўқув юртига 5 минг 31 йигит-қиз ҳужжат топширган. Университетнинг ўзбек филологияси факультетида бир ўринга 14,2 абитуриент, ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш факультетида бир ўринга 17,1, ўзбек-инглиз таржима факультетида бир ўринга 19 нафар абитуриент тўғри келгани ёшларимизнинг буюк бобомиз – Алишер Навоий номи берилган ушбу билим даргоҳида ўқиб, камолга етишга, улуғ аждодларга муносиб ворис бўлишга иштиёқи кучли эканини кўрсатади.

– Барча соҳаларда интеграция жараёни кузатилаётган, ахборот оқими замон ва макон чегараларини тан олмаётган бугунги глобаллашув даврида она тилимизнинг қўлланиш доирасини янада кенгайтириш, унинг тарихий илдизларини чуқур ўрганиш ва илмий асосда ҳар томонлама ривожлантириш долзарб масалалардан биридир, – дейди самар­қандлик абитуриент Санжар Ражабов. – Университетнинг ўзбек филологияси факультетига ҳужжат топширдим. Тест синовларидан муваффақиятли ўта олсам, соҳада етук мутахассис бўлиб, бу борадаги мавжуд масалалар ечимига ўз ҳиссамни қўшаман.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан ишончли ва қулай, замонавий транспорт инфратузилмасини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимиз иқтисодиётида янги тармоқ – автомобиль саноатининг равнақ топиши жаҳон талабларига жавоб берадиган йўл ўтказгичлар, эстакада ва кўприклар қуриш, кўчаларни кўп полосали тезюрар магистралларга айлантириш, транспорт тармоқларига хизмат кўрсатишни янада ривожлантиришни тақозо этаётир.

Бу соҳада малакали мутахассисларга бўлган талабни янада оширмоқда. Марказий Осиё минтақасида ягона ҳисобланган Тошкент автомобиль-йўллар институти ерусти транспорт тизимлари ва уларнинг эксплуатацияси, автомобиль йўллари ва аэродромлар, ташишни ташкил этиш ва транспорт логистикаси (транспорт турлари бўйича), транспорт иншоотларининг эксплуатацияси, электр техникаси, электр механикаси ва электр технологиялари, автотехника, йўл қурилиши, автомобиль йўл хўжалиги корхоналари иқтисодиёти ва бошқаруви, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси, хизматлар соҳаси, тармоқ менежменти ва маркетинги, касб таълими йўналишларида малакали мутахассислар тайёрлаб келаётир.

Бу йил ҳам институтда барча йўналишлар бўйича кадрлар тайёрлаш учун абитуриентлардан 5 минг 827 ҳужжат қабул қилинган. Олий ўқув юртида тест синовларини юқори савияда ўтказишга алоҳида тайёргарлик кўрилган. Абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари учун барча шароит яратилган. Аудитория раҳбари, вакил ва кузатувчилар учун махсус ўқув-семинарлари ташкил этилиб, барча шароитларга эга бино ва аудиториялар тайёрланган. Яратилган бундай қулайликлар тест синовларининг очиқлик, ошкоралик, адолатлилик тамойил­лари асосида ўтказилишига имкон берди.

– Жорий йилда янги ташкил этилган метрология, стандартлаштириш ва маҳсулот сифати менежменти йўналишига ҳужжат топширдим, – дейди пойтахтлик Сардор Исаев. – Шайхонтоҳур саноат касб-ҳунар коллежининг автомеханика йўналишини тугатганман. Ниятим – соҳанинг ҳар томонлама етук мутахассиси бўлиш. Тест синовлари белгиланган тартиб-қоидаларга мувофиқ ўтказилди. Талабалик бахтига, албатта, тинимсиз ўқиб, изланган, мақсади аниқ ёшлар мушарраф бўлади.

Халқимиз маънавиятини юксалтиришда маданият ва санъатнинг аҳамияти ғоят катта. Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда миллий санъатимиз, жумладан, тасвирий санъатни жадал равнақ топтиришга доимий эътибор қаратилмоқда. Ёшларимиз ўз маҳорати билан халқаро кўргазмалар, биенналелар ва бош­қа тадбирларда муваффақиятли иштирок этиб, юртимиз довруғини жаҳонга ёймоқда.

1997 йили давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида соҳанинг етук мутахассислари камолга етмоқда. Бу ерда касб таълими, рангтасвир, дизайнер ва интерьерни лойиҳалаш, либос дизайни ва газламаларнинг бадиий ечими, санъатшунослик, тасвирий ва амалий санъат, музейшунослик, консервация ва бадиий ёдгорликларни сақлаш, даст­гоҳли, маҳобатли рангтасвир, компьютер графикаси, бадиий фотография, реклама ва амалий графика, интерьерларни лойиҳалаш дизайни йўналишларида малакали кадрлар етишиб чиқмоқда. Режага кўра ушбу олий таълим даргоҳига бу йил 250 нафар йигит-қиз талабаликка қабул қилинади. Абитуриентлардан келиб тушган ҳужжатлар бундан бир неча баробар кўп – 983 та.

Ушбу олий ўқув юртида ҳам тест-синовлари тартибли, белгиланган талаб ва меъёрларга мувофиқ тарзда ўтказилди. Ота-оналар учун ҳам махсус ўриндиқлар, салқин ичимликлар савдоси йўлга қўйилди.

– Қизим Гулнора либос дизайни ва газламаларнинг бадиий ечими йўналишига ҳужжат топширди, – дейди сирдарёлик Фотима Жўрақулова. – Бугун юртдошларимиз ўзининг кийинишидан тортиб уй-жойини безатишда юксак эстетик талабларга эътибор қаратмоқда. Шу боис фарзандимизнинг қарорини қўллаб-қувватладик. Унинг имтиҳонларга тайёрланиши учун барча шароитни яратиб бердик. Насиб этса, қизим ўз кучига ишонган, юксак билим ва ижодий салоҳиятли дизайнер бўлиб етишади.

Шаҳбоз Улуғбобоев Республика рассомлик коллежини тамомлаб, мазкур олий ўқув юртининг маҳобатли рангтасвир йўналишига ҳужжат топширди.

– Тест саволларига билимим даражасида жавоб бердим,– дейди Шаҳбоз. – Биз ёшларга кўрсатилаётган чексиз меҳр ва эътибор тест синовлари пайтида ҳам яққол намоён бўлди. Имтиҳонлар олдидан ўтказилган консультатив машғулотлар, кенг ва ёруғ аудиториялар, ота-оналаримиз учун махсус кутиш жойлари шулар жумласидандир. Келгусида қайси йўналишда меҳнат қилишдан қатъий назар Ватанимиз равнақи, унинг гуллаб-яшнашига ҳисса қўшиш бизнинг бурчимиздир.

Тошкент кимё-технология инс­титути қабул комиссиясига абитуриентлардан 6 минг 556 ариза тушган. Белгиланган режада 750 талаба қабул қилиниши кўзда тутилган. Институтда касб-ҳунар таълими, менежмент (тармоқлар ва соҳалар бўйича), метрология, стандартлаштириш ва маҳсулот сифати менежменти, технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш, техник машина ва жиҳозлар каби йўналишлар билан бирга бу йилдан бошлаб янги резино-технологик маҳсулотлар ишлаб чиқариш технологияси йўналиши бўйича ҳам мутахассислар тайёрланади.

– Мен Қашқадарё вилояти ўузор туманидаги қурилиш касб-ҳунар коллежини тамомлаб, техник машина ва жиҳозлар йўналишига ҳужжат топширдим, – дейди абитуриент Равшан Нарзуллаев. – Имтиҳонга пухта ҳозирлик кўрдим. Бироқ бордию инс­титутга киролмаган тақдиримда ҳам режаларим кўп. Чунки барча коллеж битирувчилари каби менда ҳам 2-3 йўналиш бўйича кичик мутахассислик бор. Қурувчилик, пардозлаш-декорация, газ ва электр пайвандчиси сифатида меҳнат жамоаларида бемалол ишлашим мумкин.

– Қизим Мафтуна Бухородаги маиший хизмат касб-ҳунар коллежини тикувчилик, модельер-дизайнерлик йўналишлари бўйича тамомлади, – дейди Муҳаррам Жумаева. – Президентимиз томонидан ёшлар учун яратилган кенг имконият ва шароитлар таълим-тарбия, касб-ҳунар эгаллаш жараёнида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Болаларимизнинг таълимнинг кейинги босқичида ўқишни давом эттириши учун ҳам, меҳнат фаолиятини бошлаши учун ҳам зарур барча шароит яратилгани биз, ота-оналар кўнглини хотиржам қилса, ёшларнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлайди.

Берунийлик Сурож Артиқбоев – Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетига ҳужжат топширган минглаб ёшлардан бири. Унинг орзуси – нефть-газ саноати учун етук мутахассис бўлиб етишиш.

Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган углеводород захираларини чуқур қайта ишлашга ихтисослашган мажмуа­ларни барпо этишга қаратилган ислоҳотлар самарасида илғор технологияларга асосланган нефть ва газ кимёси саноати шаклланди. Сурғил кони негизида барпо этилган Устюрт газ-кимё мажмуаси бугунги кунда ушбу соҳа жадал ривожланиб бораётганидан далолатдир.

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида ҳам ана шундай йирик мажмуалар, янги-янги замонавий корхоналарда ишлайдиган етук кадрлар тайёрланади. Университетда ўқиш истагида бу йил 15 минг 264 йигит-қиз ҳужжат топширди. Уларнинг 1 минг 894 нафари 43 бакалавр таълим йўналиши бўйича талабалик бахтига муяссар бўлади.

– Университетнинг нефть-газни қайта ишлаш технологияси факультетида ўқиш ниятидаман, – дейди Сурож. – Тест имтиҳони очиқлик, ошкоралик шароитида ўтди. Талаба бўлсам, ушбу соҳанинг етук мутахассиси бўлиш учун, Ватанимиз тараққиётига ҳисса қўшиш учун бор куч ва имкониятимни сафарбар этаман.

Фарғона давлат университетида ҳам тест синовлари очиқлик, холислик, адолат мезонлари асосида бўлиб ўтди. Ушбу олий ўқув юртида филология, математика, тарих, биология каби йўналишлар бўйича халқаро стандартлар даражасидаги юқори малакали мутахассислар тайёрланади.

Ушбу таълим муассасасига бу йил 25 бакалавр йўналишида давлат гранти асосида 405, тўлов-шартнома бўйича 869 ёшни ўқишга қабул қилиш режалаштирилган. 22 минг 135 абитуриентдан ҳужжат тушган бўлиб, тест синовларида энг юқори балл тўплаганлар талаба бўлади.

Мустақиллик йиллари тубдан янгиланган Термиз давлат университетида  давлат тест синовлари юксак савияда ўтказилди. Бу йил 37 минг 676 йигит-қиз ҳар жиҳатдан замонавий кўриниш олган ушбу таълим муассасасида ўқиб, касб ўрганиш истагини билдирди. Имтиҳон натижаларига кўра, 37 таълим йўналишига 1 минг 842 ёш қабул қилинади.

Жорий йилдан университетда озиқ-овқат технологияси, қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкцияларини ишлаб чиқариш, мева-сабзавотчилик, боғдорчилик йўналишлари бўйича ҳам бакалавр мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилмоқда.

– Мамлакатимиз улкан бунёдкорлик майдонига айланган, – дейди олтинсойлик Бобомурод Бўронов. – Шу соҳага қизиқишим баландлиги сабабли янги ташкил этилган қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкцияларини ишлаб чиқариш йўналишига ҳужжат топширдим. Омадим чопиб, талабалик бахтига муяссар бўлсам, олган билим ва малакамни келажакда Ўзбекистонимизнинг тараққиёти учун сарфлайман.

…Ҳа, яна саноқли кунлардан сўнг мамлакатимиз талабалари сафига минглаб ёшлар қўшилади. Уларнинг яратилган шароитлардан унумли фойдаланиб, ўзлари танлаган соҳанинг етук мутахассиси бўлиб етишишига, Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлигига ҳисса қўшишига тилакдошмиз.

ЎзА