ҲАЗМИ ОСОН, ДАРМОНГА КОН

Қуён гўшти таркибида дармон-дорилар – С, В 6, В 12, РР, минерал-маъданлар – темир, фосфор, кобальт, марганец, фтор, калий ва бошқа моддалар мавжуд. Шу моддалар туфайли у бир қатор хасталикларни даволашда қўл келади.

Юрак-томир тизими, қон босими юқори бўлганида, қандли диабетда, ошқозон-ичак йўли хасталикларида, ўт (сафро) йўли, аллергияда, жарроҳликдан кейин ҳолсизланган беморларга куч-қувват бағишловчи омил сифатида қуён гўшти тавсия этилади. Боиси, унинг таркибидаги оқсил инсон организмида яхши ўзлаштирилади. Бу хусусияти билан у қўй, қора қўчқор, бузоқ гўштларидан ҳам устун туради.

Ҳомиладор аёллар туғуруқдан кейин, космонавтлар ва спортчилар ортиқча жисмоний зўриқишдан ҳосил бўлган юкламада қуён гўшти истеъмол қилса, ниҳоятда яхши малҳам бўлади. Буюк аллома Абу Али ибн Синонинг ёзишича, қуён гўшти иссиқроқ ва қуруқ. Қуён гўштининг қайнатмасига подагра ҳамда бўғин оғриғига мубтало бўлган кишилар ўтирғизилса, даво бўлади.

Қуён гўшти таркибида антибиотик гормон ва бошқа дори турлари қолдиқлари бўлмайди. Демак, қуён гўшти экологик жиҳатдан ҳам тоза ҳисобланади.

Қуён ёғи ҳам фойдали. Унинг мойини асал билан аралаштириб тайёрланса, йўталга барҳам беришда, бронхитда яхши наф келтиради. Қуён гўштини сурункали равишда истеъмол қилинса, танада моддалар амашинувини яхшилайди. Қуённинг ички ёғи эса биофаол мода ҳисобланади ва у яраларни даволашда қўлланилади. Гўштни эса меъёрида истеъмол қилиш даркор.

Мирзамир Мирзашарипов, доришунос.