КЕЧА ЎҚУВЧИ – БУГУН МУТАХАССИС

Бу йил вилоятдаги 122 та касб-ҳунар коллежини 37 минг 254 нафар ўғил-қиз турли йўналишлар бўйича битирмоқда. Шу кунларда уларни кўплаб меҳнат жамоалари ўз бағрига чорламоқда. Диплом билан иш бошлаётган ёшларнинг фаолиятга эмин-эркин киришаётгани аҳамиятлидир. Чунки битирувчилар учун меҳнат жамоалари бегона эмас, бунгача уларнинг ҳар бири тузилган шартномага асосан муайян корхоналарда амалиёт ўтаган, кўникма ҳосил қилган.

– Мамлакатимизда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди вилоят ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи Ботир Аҳмедов. – Бу борадаги ишлар йилдан йилга такомиллашиб бормоқда. Масалан, ҳозир амалда бўлган уч томонлама шартномаларга жорий йилдан муҳим ўзгартириш киритилди. Унга кўра, энди шаҳар ва туман ҳокимлари ҳам бунга тўртинчи томон бўлиб қўшилди. Бу саъй-ҳаракатлар эса битирувчилар бандлигини тўла кафолатмоқда.

– Тузилган шартномага кўра, газ таъминот корхонасида иш бошлаяпман, – дейди Ангрен ижтимоий-иқтисодиёт ва сервис касб-ҳунар коллежи битирувчиси Дилноза Ашурова. – Ушбу корхона менга бегона эмас, илгари ҳам икки маротаба ушбу жамоада амалиёт ўтаганман. Бу ердаги аҳиллик, тартиб-интизом менга жуда ёқади.

Шу билан бир қаторда касб-ҳунар коллежларининг битирувчилари орасида мустақил ҳаётга тадбиркорлик фаолияти билан кириб келаётган ёшлар ҳам кўпчиликни ташкил этмоқда. Ўзбекистон “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши, вилоят ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси ва бир қатор тижорат банклари ҳамкорлигида ёш тадбиркорларни муносиб рағбатлантириш, уларга ҳар томонлама молиявий кўмак бериш мақсадида танлов ўтказилиб, 147 нафар йигит-қизларнинг лойиҳалари ўрганиб чиқилган эди. Бугун уларнинг қарийб 100 нафарига имтиёзли кредитлар ажратилди.

Иброҳим ТОШЕВ,

“Qishloq hayoti” мухбири.