ЭЛ ИШОНЧИНИ ОҚЛАШГА КИРИШМОҚДА

Китоб туманида фуқаролар йиғинлари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови муваффақиятли якунланди. Тумандаги мавжуд 38 та қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда уларнинг 303 нафар маслаҳатчилари сайлаб олинди.

Сайлов жараёнларини самарали ташкил этиш мақсадида белгиланган чора-тадбирлар дастури асосида кўмаклашувчи комиссия ҳамда жойлардаги сайловни ташкил этувчи ишчи гуруҳлари аъзолари ҳамкорликда иш олиб боришди. Улар томонидан амалий семинарлар ўтказилиб, сайловга оид қонунлар ҳақида атрофлича тушунтиришлар берилди.

– Ҳаммаси қонунда кўзда тутилганидек, очиқ-ошкоралик, муқобиллик асосида ўтказилди, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Китоб тумани бўлинмаси раиси Жаббор Раҳмонов. – Қишлоқлар ва кўчалардаги йиғилишларда эл ичида ҳурмати бор, маҳалланинг эртанги кунига бефарқ бўлмаган вакиллар сайлаб олинишига эришилди. Кўмаклашувчи комиссия аъзолари ишчи гуруҳлари фаолиятини мувофиқлаштириб, кўмаклашиб турдилар. Рўйхатга олинган номзодлар таржимаи ҳоллари, меҳнат фаолияти ҳақидаги маълумотлар сайлов ўтадиган жойларга илиб қўйилди.

Сайловларда раисларнинг 23 нафари, маслаҳатчиларнинг 194 нафари биринчи маротаба сайланди. Қолган раис ва маслаҳатчиларга эл ишонч билдириб, қайта сайлади.

Ҳусан ТЕМИРОВ,

 “Qishloq hayoti” мухбири.