ҲИНДИСТОН ТОВУСИДАН АФРИКА ТУЯҚУШИГАЧА…

Қўшкўпир тумани Янгилик қишлоғидаги Иброҳим Жуманиёзов мана бир неча йилдирки, ноёб қушлар парвариши билан шуғулланиб келмоқда. Тадбиркор “Ибрат-Рўзмат” оилавий корхонасини ташкил этган. 

Унинг ишлари нафақат воҳа аҳли, балки юртимиз табиати шайдолари, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ихлосмандларида ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда.

Эътиборли томони шундаки, бу оиланинг мўъжазгина “ҳайвонот боғи”да асл ватани Жанубий Африка бўлган  туяқушдан тортиб, ўзида табиатнинг бор ранги ва гўзаллигини жам қилган Ҳиндистон товуси, сайроқиликда булбулдан қолишмайдиган беданалар, ўзига хос кўринишга эга япон товуқлари, Хитой кумушсимон қирғовули, Африка какликлари, ёввойи қуёнлар, ўрдаклар ва воҳа қирғовуллари парвариш қилинмоқда.

Умрида туяқушни кўрмаган ҳар қандай одам унинг 2,5 метр­ча келадиган бўйи, 130 килограммдан ортиқ тош босадиган жуссаси, ҳар бир донаси 1-1,2 килограмм келадиган тухумини кўриб ҳайратга тушиши табиий. Аммо оила бошлиғи Иброҳим ака билан суҳбатлашсангиз, сўзни ўзи асраётган қушларнинг энг миттиси – беданадан бошлайди.

– Бу қушнинг ишқибозлари Тошкент, Фарғона томонларда азалдан кўп бўлса-да, бизнинг воҳада бедана боқиш янги машғулотлардан ҳисобланади, – дейди Иброҳим Жуманиёзов. – Уни асраш, кўпайтириш унчалик қийинчилик туғдирмайди. Гўшти парҳезбоп, тухуми шифобахш. Кичкинагина тухуми қон босимини меъёрлаштирувчи, иммунитетни мустаҳкамлаш  хусусиятига эга. Камқонлик, юрак хасталикларига даво, турли витаминлар, аминокислота ва микроэлементларга бой бедана тухумининг бозори чаққон. Бедана жўжалари 1,5-2 ой ичида тўла маҳсулот бера бошлайди. Ҳозирда 2 мингта бедана парваришлаётган бўлсак, яқин ойлар ичида улар сонини 10 мингтага етказиш чораларини кўрмоқдамиз.

Иброҳим аканинг асл мутахассислиги сув қурилиши муҳандиси. У узоқ йиллар мобайнида ирригация тизимида фаолият кўрсатди. Пенсияга чиққач, севимли машғулоти – ғаройиб ва ажойиб паррандаларни асраш, уларнинг тури ва сонини кўпайтиришга киришди. Табиатга шайдолигини тушунган турмуш ўртоғи Замира Тожиева ҳам унга ёрдам берди. Опа биология фани ўқитувчиси эмасми, Иброҳим аканинг ниятини амалга оширишида унинг ҳам билимлари қўл келди. Иброҳим ака нафақат ҳайвонот оламига, балки наботот оламига ҳам қизиқади. У яратган боғдаги яшиллик олами  – арчалару токзорлар, ўрик, олма, олча, гилос, анору анжирлар буни сўзлаб турибди.

“Ибрат-Рўзмат” оилавий корхонасида ўрдакчиликни ривожлантириш, аҳолига кўплаб ўрдак жўжалари етиштириб бериш борасида ҳам ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Айни пайтда бу ерда боқилаётган 500 та ўрдакдан кунига олинаётган 350 тагача тухум пешма-пеш инкубацияларга қўйилиб, ҳафтасига 1400-1500 та жўжа аҳолига сотилмоқда. Шунингдек,  бу ерда кўркам кўринишга эга бўлган Хитой кумушсимон қирғовули, Ҳиндистон товуслари, Африка какликлари каби паррандаларни кўпайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу ерда ҳозирча 2 та нар, 3 та мода туяқуш асралиб, уларнинг тез орада тухумга кириши кутилмоқда. Битта мода туяқуш йилига 45-50 та тухум бериши ва улардан 35-40 та жўжа чиқишини ҳисобга олсак, бу ноёб парранданинг ҳам воҳада яқин вақтлар ичида кўпайишини кўз олдимизга келтиришимиз қийин эмас.

Паррандаларнинг яйраб ўсишларига имкон яратиш мақсадида ферма қуриш ва озуқа етиштириш учун туман ҳокимлиги томонидан 2 гектар ер майдони ажратиб берилган. Бу келажакда ноёб тур паррандаларни воҳа шароитида янада кўпайтириш, натижада парҳезбоп гўшт ва тухум етиштиришни кўпайтириш, экотуризмни ривожлантириш учун ҳам шароит яратиш демакдир.

Холмурод ҚУРБОНОВ,

“Qishloq hayoti” мухбири.