САЛОМАТЛИКНИ АСРАШ – МАСЪУЛИЯТЛИ ВАЗИФА

Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда эл саломатлигини, айниқса, оналар ва болалар соғлиғини муҳофазалаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Фарғона шаҳридаги 5-оилавий поликлиника айни пайтда 13 та маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисига хизмат кўрсатади. Мазкур поликлиниканинг капитал таъмирдан чиқарилганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Бино шаҳар кўркига кўрк қўшиб турибди. Хоналарга профилактик кўриклар, ташхис қўйиш учун керакли тиббиёт жиҳозлари, асбоб-ускуналар ўрнатилган. Бу ерда ишлаётган 26 нафар шифокор ва юздан ортиқ ўрта тиббиёт ходимлари аҳолига малакали хизмат кўрсатиш борасида етарли тажриба тўплаганлар.

Тиббий маскан хизмат кўрсатадиган ҳудудда 54 600 нафардан ортиқ  аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 12 761 нафарини туғиш ёшидаги аёллар ташкил этади. Шифокорлар айнан ана шу аёлларнинг соғлиғини муҳофаза қилишни дои­мо эътиборда тутадилар. Ўтган йили поликлиника “Саломатлик – 3” лойиҳасига кўра, юрак қон-томир касалликларини аниқлашда ишлатиладиган ЭКГ аппарати, умумий амалиёт  шифокори ва тиббиёт патронаж ҳамширалари сумкалари, вакциналар сақлаш учун совуткич, офтольмаскоп каби энг керакли тиббиёт анжомлари билан таъминланган эди.

Ўтган йил давомида 987 нафар ҳомиладор аёл рўйхатга олиниб, скрининг кўригидан ўтказилганда уларнинг 2 нафарида носоғлом ҳомиладорлик белгилари аниқланган эди. Ўз вақтида тиббий чора-тадбирлар кўрилган беморлар соғайиб кетди. 5100 дан кўпроқ 6 ёшгача бўлган болалар эса мукаммаллаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, юқумли касалликларга қарши эмланди.

– Айни пайтда аҳоли, айниқса, оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг тиббий саводхонлигини ошириш, ёш аёлларни оналикка тайёрлаш борасида самарали иш олиб борил­япти, – дейди поликлиника бош шифокори Феруза Мадалиева. – Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ёшлар ўртасида эрта турмушнинг олдини олиш, туғуруқлар оралиғини сақлаш, қариндошлар ўртасидаги никоҳларга йўл қўймаслик, жинсий йўл билан юқувчи касалликлар ҳақида шифокорларимиз аҳоли ўртасида суҳбатлар, мулоқотлар ўтказишмоқда. Бу борада бизга фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари яқиндан ёрдам беришмоқда.

Ҳамиджон БУРҲОНОВ,

“Qishloq hayoti” мухбири.