ФАРЗАНДЛАР СОҒ — ЖАМИЯТ БАХТИЁР

Оилада юксак маънавий-ахлоқий муҳитни қарор топтириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом фарзандларни тарбиялаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Соғлиқни сақлаш тизимини жаҳон андозаларига мос тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш, малакали мутахассислар тайёрлашга қаратаётган эътибор баробарида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ҳам ўз самарасини бермоқда.

Юртимизда “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурига мувофиқ, ҳар бир фуқаронинг, айниқса, аёллар ва болаларнинг тиббий маданиятини ошириш мақсадида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, жорий йилда академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари учун “Оила психологияси” ўқув фани, “Тиббиёт билимлари асослари”, умумтаълим мактабларининг 1-4-синфлари учун “Саломатлик дарслари”, 5-8-синф ўқувчилари учун “Соғлом авлод асослари” ўқув курслари жорий этилди. Ёшлар орасида турли юқумли ва хавфли касалликларнинг олдини олиш мақсадида “ОИТС ва ОИВ профилактикаси” ўқув курси ҳам киритилди.

Айниқса, 1 ёшгача ва 1 ёшдан 6 ёшгача бўлган болаларнинг саломатлигини мустаҳкамлашга алоҳида ёндашилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 1 ёшгача ва 1 ёшдан 6 ёшгача бўлган болаларнинг патронаж тиббий кўриги ташкил этилганлиги ва амалга оширилганлиги бу борада қилинган муҳим ишлардан ҳисобланади.

Соғлом авлоднинг дунёга келишида ота-оналарнинг саломатлиги муҳим аҳамиятга эга. Аҳоли саломатлигини мус­таҳкамлашда тиббиёт ходимлари ҳамда тиббий муассасаларнинг ўрни ва роли катта. Шу маънода янги тиббиёт муассасаларининг барпо этилиши, таъмирланиши ва уларни замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлашга алоҳида аҳамият берилаётганлиги ҳам тиббиёт соҳасида кейинги йилларда амалга оширилган муҳим ишлардан.

Денов туманида болаларга тиббий хизмат кўрсатувчи туман марказий шифохонасининг 1- ва 2-сонли болалар бўлимлари, тумандаги 1-сон болалар поликлиникаси, туман акушерлик комп­лекси ҳамда 34 та ҚВП фаолият кўрсатмоқда. Шифо масканларининг малакали ходимлари кам таъминланган оилалар, болаликдан ногиронлар, беморлар, боқувчисини йўқотганларнинг саломатликларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор ва ғамхўрлик билан ёндашмоқдалар.

Айни пайтда Денов туманида 92 минг нафар туғуруқ ёшидаги аёл, 17 ёшгача бўлган 130 минг нафарга яқин болалар ва ўсмирлар бор. Туманда оналар ва болалар соғлиғини муҳофаза қилиш ишида 72 нафар врач акушер-гинеколог ва 108 нафар врач-педиатр фаолият кўрсатмоқда. Тумандаги барча даволаш-профилактика муассасаларида болалар ва оналар соғлиғини назорат қилиш учун врач-педиатр, терапевт, акушер-гинеколог ҳамда патронаж ҳамширалар бириктирилган.

Жорий йилнинг биринчи чорагида “Саломатлик — 3” лойиҳаси доирасида тумандаги барча қишлоқ врачлик пунктлари ҳамда туғуруқ комплекслари замонавий тиббий ва диагностика асбоб-ускуналари билан жиҳозланди.

Сирасини айтганда, юртимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган изчил ислоҳотлар кўлами йил сайин кенгайиб боряпти. Бу эса фарзандларимиз соғлом вояга етиши, оналар бахтиёрлигига асос бўлмоқда.

Э.ХУДОЙНАЗАРОВ,

Денов тумани Саломатлик

маркази раҳбари.