ЯНГИ УНИВЕРСИТЕТ: ЎЗБЕК ТИЛИ ВА АДАБИЁТИ ТАРАҚҚИЁТИ ЙЎЛИДА

Президентимиз Ислом Каримовнинг “Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони халқимиз маънавиятини юксалтириш, ўзлигини англатиш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар силсиласида улкан тарихий воқеа бўлди.

ЎзА мухбири Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Шуҳрат СИРОЖИДДИНОВ билан мазкур фармоннинг тарихий аҳамияти, янги олий ўқув юртини ташкил этишдан кўзланган эзгу мақсадлар, жамоа олдига қўйилаётган вазифалар, ушбу масканда илк ўқув йили учун тайёргарлик ишларининг бориши ҳақида суҳбатлашди.

– Мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳот замирида эзгуликка хизмат қилиш, ҳаётимизни янада фаровонлаштириш, моддий ва маънавий тараққиётимизни янги босқичга кўтаришдек эзгу мақсадлар мужассамдир, – дейди Ш.Сирожиддинов. – Бундан йигирма етти йил муқаддам – мустабид тузум кишанлари ҳали парчаланмаган бир шароитда ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши Ватанимиз мустақиллиги сари қўйилган дадил қадам эди.

Ҳар қайси халқнинг она тили унинг миллий руҳи ва ўзлигининг, миллий ғоясининг асосини ташкил этади. Тил ва миллат тушунчаси эгиз тушунчалардир. Миллат бўлмаса тил йўқ, тил бўлмаса миллат аҳамиятсиздир.

Мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки йилларидан она тилимизнинг ҳуқуқий мақомини тиклаш ва таъминлаш, мустабид тузум томонидан она тилимизга нисбатан кўрсатилган камситиш асоратларига бар­ҳам бериш, ўзбек тилини кенг истеъмолга киритиш устувор вазифалар сифатида белгиланди. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қатор қонун ва қарорлар, Президентимизнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч”, “Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор”, “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида”, “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир” китоблари бу борадаги беқиёс ислоҳотлар йўриғи ва равнақини белгилаб берди.

 1991 йилнинг Алишер Навоий йили деб эълон қилиниши, 1993 йилда “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги қонун, 1995 йили “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг янги таҳрири, 1996 йили ушбу қонунни амалга оширишга қаратилган давлат дастурига тегишли ўзгартиришлар киритиш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори ва бошқа ҳужжатлар қабул қилингани она тилимиз ривожи учун беқиёс имкониятлар яратди.

Тилимизнинг ўзига хос қирраларини ўрганиш кучайди. Ўзбек тили ва адабиётининг хал­қимиз, жамиятимизнинг маънавий ривожида, мамлакатимизнинг дунё ҳамжамиятига тобора кучли интеграциялашуви ҳамда ахборот билан яқиндан, бевосита танишиш имкониятларини яратишдаги муҳим роли билан боғлиқ кўплаб тадқиқотлар, луғат ва қомуслар дунё юзини кўрди. Бир қанча терминологик, таржима, этимологик, изоҳли луғатлар, турли йўналишдаги ўқув луғатлари нашр қилинди.

XXI аср юксак технологиялар ва ахборот асри сифатида тарихга кирди. Бугун ўз давлати тараққиёти ва нуфузини улуғлашга интилган ҳар қандай миллат ўз тили ва маданияти дунё халқлари эътирофига сазовор бўлиши учун курашаётганини кўрмоқдамиз. Энг ривожланган давлатлар қаторидан ўрин олишни мақсад қилган халқимиз она тилимиз, тарихимиз ва маданиятимиз билан ҳам дунёнинг энг мўътабар мақомларидан жой олишга интилмоқда.

Президентимизнинг “Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони халқимиз шаънини янада улуғлашга даъват, ғурурини кўтариш, ўзлигини тобора чуқур англатиш борасида яна бир муҳим қадам бўлди.

Ўзбек тили ва адабиёти университети ана шу эзгу мақсадларни амалга оширишга ҳисса қўшадиган, тил орқали миллат шаънини дунё халқлари олдида ҳимоя қила оладиган, хал­қимизнинг кўп мингйиллик тарихи, санъати ва адабиётини илмий асосда холис баҳолаб, ке­йинги авлодлар учун илмий пойдевор ясашни ўзига бурч деб билган ватанпарвар, фидойи ва иқтидорли мутахассислар, илмий тадқиқотчи ва педагоглар тайёрлашга йўналтирилган.

– Университет жамоасига она тилимизнинг қўлланиш доирасини янада кенгайтириш, унинг тарихий илдизларини чуқур ўрганиш ва илмий асосда ҳар томонлама ривожлантириш борасида қандай вазифалар юкланган?

– Университет жамоаси олдида қатор илмий изланишлар олиб бориш вазифаси турибди. Она тилимизнинг кенг қўлланиши мамлакатимизда иқтисодиётимизнинг турли соҳаларига оид хилма-хил луғат ва қўлланмаларни ишлаб чиқиш, жаҳон миқёсида ўзбек тилига эътиборни кучайтириш мақсадида тизимли тарғибот ишлари ва ахборот технологиялари воситасида ўзбек тилидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, автоматлаштирилган таржима дастурларини яратиш устида мунтазам илмий-амалий изланишларни йўлга қўйишни тақозо этади.

Ўрта мактаб, лицей, коллеж ўқувчилари, олий ўқув юртлари талабалари учун ёзилган дарслик ҳамда қўлланмаларни такомиллаштиришга, уларда ёзма ва оғзаки нутқ компетенцияларини шакллантиришга зарурат кун сайин ортиб бормоқда. Фармонда “ҳозирги тез ўзгараётган глобаллашув даврида ўзбек тили ва адабиётининг ўзига хос бетакрор хусусиятлари, тарихий тараққиёти, унинг бугунги ҳолати ва истиқболи билан боғлиқ масалаларни чуқур ўрганиш, бу борада олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари самарадорлигини кучайтириш, таълим-тарбия тизимининг барча бўғинларида ўзбек тили ва адабиёти фанини ўқитишнинг ҳамда ушбу соҳа бўйича юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг сифатини тубдан ошириш” алоҳида таъкидланган. Демак, янги университет жамоаси ўз фаолиятини ушбу талабларга мос ташкил этишни, Ватанимиз илм-фани учун, ўзбек филологияси илмининг дунё филологияси билан тенглашиши учун зарур фундаментал илмий масалалар устида бош қотириш ва унинг ечимларини амалиётга жорий этишни, ҳар томонлама билимдон, ўзбек ва хорижий тилларда равон сўзлайдиган етук мутахассис кадрлар етиштиришни олий мақсад деб билади.

 Компьютер лингвистикаси соҳасини ривожлантириш, ўзбек тилининг ахборот услубини шакллантириш, она тилимизда матнларни автоматик таҳрир қилиш, машина таржимаси учун мўлжалланган дастурларни, компьютер изоҳли ва таржима луғатларини ишлаб чиқиш, ўзбек тили ва адабиёти бўйича электрон дарсликлар, мультимедиа комплекслари, инглиз тилидаги IЕLTS, TOEFL типидаги мукаммал дастур тизимини яратиш сингари ҳозирги давр учун долзарб бўлган ишлар ҳам янги университет жамоаси зиммасида турибди.

– Университетда таълим жараёнининг ўзига хос жиҳатлари ҳақида тўхталсангиз. Ташкил этиладиган факультетлар, мутахассислик йўналишлари шу вақтга қадар мавжуд бўлганларидан нимаси билан фарқ қилади?

– Аввало, бу университет ўзининг мазмун-моҳиятига кўра маънавият намунаси бўлиши лозим. Ҳар бир педагог ва талаба мустақил диёримизнинг баркамол авлоди қиёфасини белгилаши назарда тутилмоқда. Давлатимиз томонидан университетга ажратилган бино ва ундаги жиҳозлар дунё университетларининг ҳавасини келтирадиган даражада. Шунга муносиб равишда ўқув жараёни ҳам бугунги замонавий халқаро тажрибага асосланган модерн усуллар асосида ташкил этилади. Таълим йўналишларининг ўқув режалари мамлакатимизда филология соҳасидаги бошқа таълим йўналишлари ва мутахассисликлари ўқув режаларидан тубдан фарқ қилади. Махсус ишчи гуруҳлар томонидан дунёнинг илғор мамлакатлари олий таълим муассасалари ўқув режалари чуқур ўрганилиб, улар асосида миллий ғоямизни ўзида акс эттирган, шу билан бирга, келажакда бутун дунёдан ўзбек тилини ўрганишга келиши кутилаётган хорижий талабаларнинг қизиқиш доираси ҳисобга олинган, энг асосийси, тил ва адабиётга доир фанлар билан бир қаторда тарих, санъат ва фалсафа бўйича янгича ёндашувларга эга фанлар киритилмоқдаки, улар ўз халқи ва унинг моддий-номоддий меросидан ифтихор қиладиган бўлғуси мутахассисларнинг мукаммал билим ва компетенцияларга эга бўлишини таъминлайди.

Янги ташкил этилган ўзбек-инглиз таржима факультети ўзининг мақсад-мазмуни билан таржима назарияси ва амалиёти таълим йўналишлари ва мутахассисликларига эга бошқа олий ўқув юртлари факультетларидан кескин фарқ қилади. Бошқа олий ўқув юртларида хорижий тилни ўқитиш ва хориж мамлакатшунослигига кенг эътибор қаратилса, яъни инглиз-ўзбек схемасида билим, малака ва кўникма беришга мўлжалланган ўқув режаси тузилган бўлса, янги университетда ўзбек тили ва адабиёти мутахассисига юқори даражада инглиз тилини эгаллаш малакаси берилади. Бу илмий, бадиий, шеърий асарларни ўзбек тилидан инглиз тилига ва бошқа чет тиллардан она тилимизга профессионал даражада таржима қилувчи мутахассисларни тайёрлаш имконини беради.

Университет педагог-ўқитувчилари бутун мамлакат олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида фаолият кўрсатаётган мутахассислар орасидан  танлаб олинди.

– Ўқув режалари ва дастурлари, илмий ва ўқув-методик материалларни ишлаб чиқишда нималарга эътибор қаратилмоқда?

– Янги университет нафақат Марказий Осиёда, балки дунёдаги энг нуфузли ўқув даргоҳларидан бўлиши шарт. Айни пайтда университетимиз жаҳон ўзбек тилшунослигининг марказига айланиши лозим. Ўзбек тили ва адабиёти, ўзбек маънавияти ва маданияти билан шуғулланувчи хориждаги марказлар университетимиз билан ҳамкорлик қилишни ўзига шараф деб билишига эришмоғимиз керак. Бунинг учун ҳозирдан жаҳон таълим тизимида университетимизнинг жозибадорлигини ошириш, халқаро алоқаларни ўрнатишга катта эътибор бериш, ўқув жараёнини дунёдаги энг илғор таълим анъаналари асосида такомиллаштириш, илмий изланишларимизни она тилимизнинг тарихий илдизларини очиш, унинг халқаро нуфузини оширишга қаратишимиз лозим.

– Ўзбек адабиёти намуналарини хорижий тилларга, хусусан, инглиз тилига, жаҳон адабиётининг дурдона асарларини она тилимизга юксак таржима қиладиган моҳир таржимонларни тайёрлаш мақсадида қандай чора-тадбирлар амалга оширилади?

– Бадиий таржима ҳақида гапирадиган бўлсак, ўзбек адабиёти назарияси жанр ва поэтикасини яхши тушунадиган, ўзбек ва чет тилларини бирдек биладиган, ўз Ватанини чин дилдан севадиган маҳоратли таржимонларгина ўзбек адабиёти намуналарини жаҳон адабиётининг дурдона асарлари қаторидан ўрин олишига ҳисса қўшиши мумкин. Ўзбек-инглиз таржима факультетининг ўқув режаси айнан шу компетенцияларни шакллантириш нуқтаи назаридан  ишлаб чиқилди. Унда биринчи навбатда ўзбек тилининг барча назарий фасллари – фонетика, лексикология, морфология, синтаксис, стилистика инглиз тили грамматикаси билан қиёслаб чуқур ўргатилади. Ўбек адабиёти тарихи, поэтика асослари, улуғ ўзбек адиблари, жумладан, Алишер Навоий ижоди батафсил ўрганилади. Ўқув дастурларига бўлажак таржимонларнинг илмий, техник, тиббий ва бошқа соҳаларда малакага эга бўлиши учун терминология, илмий-техник таржима амалиёти билан боғлиқ бир қанча махсус курслар киритилмоқда. Талабалар ўқув режасидаги фанларни ўқиш билан чекланиб қолмайди. Уларнинг ижодкорлиги, истеъдоди адабий тўгаракларда ҳам тобланади. Факультет қошида “Таржимон” тўгараги фаолият юритади.

– Дастлабки ўқув йили учун абитуриентларни қабул қилиш жараёнига тайёргарлик қандай кетмоқда? Қанча ҳужжат қабул қилиниши, бир ўринга неча абитуриент тўғри келиши борасида қандай тахминлар қилинмоқда?

– Янги университетга қизиқиш жуда кучли. Ҳали қабул жараёнигача анча кун бўлса ҳам кўплаб лицей ва коллеж битирувчилари эшик қоқиб, маслаҳатга келмоқда. Бу ўқув йили биз учун жуда шарафли ва масъулиятли йил бўлади.

Қабул комиссияси Тошкентдаги Турин политехника университети ҳузуридаги академик лицей биносида фаолият кўрсатади. Абитуриентлардан қабул қилинаётган ҳужжатлар ҳамда бошқа зарур маълумотлар акс этадиган махсус эълон тахталари жойлаштирилди ва улар ҳар куни янгилаб борилади. Фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва уларга тезкор жавоб бериш мақсадида комиссиянинг “ишонч телефони” ишламоқда. Шу ернинг ўзида абитуриентларга ҳужжат топшириш жараёнида зарур бўладиган ўқув қуроллари савдоси, суратга олиш, овқатланиш, кутувчиларнинг дам олиши учун махсус жойлар ташкил қилинмоқда. Университетимизда тузилган тар­ғибот гуруҳи шу кеча-кундузда вилоятларга чиқиб, лицей-коллежларда тарғибот ва тушунтириш ишларини олиб бормоқда.

Дастлабки ўқув йили учун абитуриентлардан қанча ҳужжат қабул қилиниши, бир ўринга қанча талабгор бўлишидан қатъи назар энг истеъдодли, билимдон ёшлар тест синовларидан муваффақиятли ўтиб университетимиз талабаларига айланишига ишончимиз комил.

– 2016/2017 ўқув йили учун биринчи курсга қабул кўрсаткичлари қандай белгиланган?

– Бу йил қабул режасига кўра ўзбек филологияси факультетига 80, ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш факультетига 120, ўзбек-инглиз таржима факультетига 100 талаба қабул қилинади. Янги университет таркибидаги барча факультетларнинг ўз мақсад ва вазифалари, бамаслаҳат ишлаб чиққан концептуал йўллари мавжуд. Ҳар бир факультет ва улар таркибидаги кафедралар ўзлари ўқитадиган фанлар бўйича жаҳондаги энг илғор олий ўқув юртларининг факультет ва кафедралари билан ҳамкорлик қилиши режалаштирилган.

– Битирувчиларни иш билан таъминлаш масаласи бўйича ҳам муайян режалар борми?

– Биз тайёрлаган кадрлар қаерда ишлайди, деган масалани муҳокама қилмасдан ўқув жараёнига киришиш мантиқсизлик бўлади. Ўзбек тили ва адабиётини мукаммал биладиган, инглиз ва шарқ тилларидан бирини эгаллаган, шунингдек, ахборот технологияларидан эркин фойдалана оладиган, ҳар томонлама кенг билимларга эга замонавий фикрловчи филолог мутахассисларга иқтисодиётимиз ва ижтимоий соҳаларнинг барча бўғинларида талаб катта бўлиши шубҳасиз. Битирувчилар мамлакатимизда ва хорижда ўзбек тилида иш юритишни янада ривожлантириш, таълим-тарбия даргоҳлари, ўқув муассасалари, таҳририят, нашриёт, радио-телевидение, маънавият-маърифат марказлари ва бошқа соҳаларда ишлашлари кўзда тутилган. Университетимизда таҳсил оладиган ёшлар халқимизнинг юрак-юрагидан жой олган, неча асрлардан буён яшаб келаётган ўзбек тили ва адабиётининг дунё миқёсидаги обрў-эътибори ва нуфузини янада юксалтиришга хизмат қилишига ишонамиз.

ЎзА мухбири

Дилшод КАРИМОВ

суҳбатлашди.