МУҚОБИЛЛИК ВА ОШКОРАЛИК АСОСИДА

Фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловида ўузор тумани бўйича 40 нафар фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг 400 нафардан зиёд маслаҳатчилари сайланиши кўзда тутилган.

– Турмушимизнинг янада ободлиги, халқимизнинг тинч ва фаровон яшашини таъминлашда маҳалла институтининг алоҳида ўрни бор, – дейди Фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи туман комиссиясининг раиси Бобоназар Ҳасанов. – Ушбу муҳим ижтимоий-сиёсий жараёнда аҳолининг муносиб номзодларга овоз бериши муайян ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий, маънавий муҳитнинг юксалишига хизмат қилади. Шу боис, маҳаллаларда сайловга оид қонун ҳужжатлари асосида бу борада атрофлича тушунчалар берилди.

Тумандаги Наврўз маҳалласида ҳам сайловчилар раисликка номзодлар ҳақидаги маълумотлар билан аввалдан таништирилди. Сайлов ўтказиладиган сана, вақт ва жой тўғрисида ишчи гуруҳидан етарли маълумот олган вакиллар ҳам жараёнга алоҳида тайёргарлик кўришди.

– Ҳар бир кўчада вакиллар сайлаш, номзод кўрсатиш бўйича йиғилишлар ўтказдик, – дейди Фуқаролар йиғинлари раислари ва унинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш бўйича ишчи гуруҳи раиси Нурулло Маҳмудов. – Кишилар фикрини ўрганишда, улар билан аниқ ва ошкора муҳокама юритишда менга ҳудуддаги ҳар бир оиланинг таниш эканлиги қўл келди.

Муқобиллик ва тенглик тамойиллари асосида очиқ овоз бериш йўли билан ўтказилган сайловда маҳалла раиси сайланди. Раис маслаҳатчилигига кўрсатилган 23 нафар номзоддан 11 нафарига ишонч билдирилди.

Шунингдек, Муборак туманидаги Обод турмуш маҳалласида бўлиб ўтган сайловда ҳудудда рўйхатга олинган 1661 нафар сайловчининг 83 нафар вакили иштирок этди.

Очиқ овоз бериш йўли билан амалга оширилган сайловда йиғин раислигига кўрсатилган 3 нафар номзоддан энг муносиби раисликка, сайловчилар қўллаб-қувватлаган 11 нафар номзод эса маслаҳатчиликка сайланди.

Тумандаги қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларида сайлов жараёнлари давом этмоқда.

Ҳусан ТЕМИРОВ,

 “Qishloq hayoti” мухбири.