БЕБАҲО ҚАДРИЯТЛАР ТАРАННУМИ

27

Навоий вилоятида Ватанимиз мустаҚиллигининг 25 йиллигига баўишлаб фольклор жамоалари ва бахшиларнинг “Нурли наволар” республика фестивали ташкил этилди

Ушбу тадбир  Ўзбекистон Бадиий академияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, “Ҳунарманд” уюшмаси, Республика “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳамкорлигида ўтказилди.

Нурота тумани марказидаги Чашма мажмуасида бошланган фес­тивалда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келган фольклор-этнографик ансамбллар, бахшилар, оқин ва жировлар иштирок этди.

– Фестивални ўтказишдан кўз­ланган асосий мақсад қадимий фольклор ва бахшичилик санъати билан ўтмиш маданий ёдгорликларимиз тарихининг ўзаро боғлиқлигини, улар маънавиятимизнинг ҳақиқий сарчашмалари эканлигини кенг тарғиб қилиш, ёшларимизни аждодларимизнинг маънавий меросидан баҳраманд этиш, уларни миллий ғурур, Ватанга садоқат туйғуларини янада юксалтиришдан иборатдир, – дейди Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Халқ ижодиёти ва маданий-маърифий ишлар илмий-методика маркази директори Азамат Ҳайдаров. – Бу маънавий-маърифий тадбир янги-янги истеъдод соҳибларини кашф этиб, уларда авлоддан-авлодга мерос бўлиб келаётган қадимий фольклор қўшиқлари ва бахшичилик санъатига бўлган юксак ҳурмат ва эътиборни янада кучайтиришга хизмат қилади.

Мазкур фестиваль чет эллик сайёҳларни ҳам бефарқ қолдирмади. Фестивалга ташриф буюрган хорижлик меҳмонларга фольклор жамоаларнинг чиқишлари ўзгача завқ бағишлади.

– Ўзбекистонга биринчи марта келишим, – дейди франциялик сайёҳ Доминико Биго. – Юртингизнинг бой тарихини ушбу ажойиб фес­тиваль ҳам намоён этади. Унда жуда катта таассуротга эга бўлдик. Айниқса, миллий қадриятларингизнинг асраб-авайланаётгани ҳар қанча таҳсинга лойиқ.

Тадбирнинг эътирофга молик жиҳатларидан яна бири шу бўлдики, унда мамлакатимизнинг турли вилоятларидаги олий ўқув юртлари ҳамда илмий муассасаларида тад­қиқот олиб бораётган ёш олимлар, фольклоршунослар, этнографлар иштирок этиб, ўзлари аниқлаган, тадқиқ этган янгиликлар хусусида фикр алмашдилар.

Фестивалнинг кейинги куни ўзбек бахшичилик санъатида бетакрор мактабга эга Хатирчининг Олтинсой қишлоғидаги Пўлкан шоир хотирасига барпо этилган майдонда давом этди.

Мазкур тадбир иштирокчилари Ўзбекистон халқ бахшилари Абдуназар Баянов, Зиёдулла бахши, Шоберди бахши Болтаев ва бошқалар томонидан ижро этилган достон ҳамда бугунги кун воқелиги билан боғлиқ ижод намуналари йиғилганлар қалбида бой маънавий меросимиздан ғурур туйғусини юксалтирди.

– Президентимиз томонидан мус­тақиллик йилларида маънавий меросимизга, жумладан, бахшичилик санъатига қаратилган эътибор биз ижодкорларни ниҳоятда руҳлантириб, оғиздан-оғизга ўтиб келаётган достонлар билан чегараланиб қолмасдан, янги-янги достонлар яратишга ҳам илҳом бермоқда, – дейди Шоберди бахши Болтаев. – Қолаверса, бундай тадбирлар хал­қимизнинг маданий мероси улуғворлигини намоён этиш билан бирга, уни халқаро миқёсда кенг тар­ғиб қилиш, ёшларда Ватанга садоқат ва миллий ғурур туйғуларини юксалтиришга хизмат қилади.

Фестивалда халқимизнинг қадимий урф-одатлари, миллий халқ ўйинлари ҳамда кураш мусобақалари ҳам уюштирилди.

Фестиваль доирасида ўтказилган танловда биринчи ўринни хоразмлик Рўзимбой бахши Нормаматов қўлга киритди. Иккинчи ўрин Навоий вилоятидан Сунғат Жумаханов ва Хоразм вилояти вакили Достон Нормаматовга насиб этди. Сурхондарё вилоятидан Абдуназар Поёнов, қашқадарёлик Баҳром Раҳимов, Жиззах вилояти вакили Нишонбой Ўрозов учинчи ўринга сазовор бўлди.

Фольклор-этнографик халқ ансамбллари орасида Қорақалпоғистон Республикасининг “Шуъла” ва Навоий вилоятининг “Нуржаҳон” жамоалари биринчи ўринга сазовор бўлди. Иккинчи ўринни Хоразм вилоятининг “Хоразм” ва “Мерос” жамоалари эгаллади. Учинчи ўрин Қашқадарё вилоятининг “Ризвонгул”, Самарқанд вилоятининг “Бешқарсак” ва Фарғона вилоятининг “Қўқон ёр-ёри” жамоаларига насиб этди.

Темур  ЭШБОЕВ,

 “Qishloq hayoti” мухбири.