Иши қинғирнинг йўли чўнқир

Кейинги йилларда барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар самараси аҳоли учун қатор қулайликлар яратмоқда. Хусусан, хорижга чиқиш-келишда кўплаб енгилликлар яратилди.

Аммо айрим шахслар бу қулайликларга қаноат қилмасдан, фириб беришга, қонунни четлаб ўтишга уринмоқда.

Жорий йилнинг 1 апрель куни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига “Сабиха – Тошкент” йўналишида учиб келган самолёт йўловчиларини аэропорт чегара назорати дивизиони ходимлари томонидан амалдаги қонунларга асосан текшириш жараёнида Ўзбекистон Республикаси фуқароси Холбиби Тоирова (исм ва фамилия ўзгартирилган) ўзига тегишли бўлган паспортида “Дунёнинг барча мамлакатларига чиқиш учун” стикер визаси(рухсат ёзуви)ни расмийлаштирмаган ҳолда, қонунда белгиланган тартибни бузиб, Туркия  давлатининг Истанбул шаҳрида бўлганлиги аниқланди. Унга нисбатан жиноий иш очилиб, дастлабки тергов ўтказилди.

Маълум бўлишича, у 2018 йилнинг 19 февраль куни Тошкентдан Озарбайжон Республикаси пойтахти Боку шаҳрига учади ва ўша куннинг ўзидаёқ Туркия давлатининг Истанбул шаҳрига етиб олади. Аммо унинг фуқаролик паспортида “Дунёнинг барча мамлакатларига чиқиш учун” стикер визаси йўқ эди. Табиийки, бу қонунга хилоф. 2018 йилнинг 1 апрель санасида эса Х.Тоирова ҳеч нарса кўрмагандек “Сабиха  – Тошкент” йўналишида Ўзбекистон Республикасига қайтиб келган.

Терговлар жараёнида маълум бўлдики, фуқаро Холбиби Тоирова  даволаниш мақсадида бундай жиноятни содир этган. У бир неча йилдан буён аллергик кўринишдаги тери касаллиги билан курашиб келган. У касалликдан халос бўлиш мақсадида Истанбул шаҳрида жойлашган хусусий клиникада даволангач, Тошкентга қайтиб келган. Аммо бу сабаб мавжуд тартибларни бузишга асос бўла олмайди. Зеро, қонунни ҳурмат қилган инсон қонуний имконини топади. У 2008 йилда ҳам судланган эди. Бундан тегишли хулоса чиқармагани кўриниб турибдики, у яна қонунни четлаб ўтишга уринди. Энди эса яна қонун олдида жавоб беради.

Ш.ЧИНИЕВ,

капитан.