Аждодларимиз ҳаммадан аввал шахмат ўйнаган экан…

shaxmat_uzb

бундай дейишга тарихий ва илмий жиµатдан асослар юзага келди

Маълумки, шахмат спортнинг инсоният кашф этган энг қизиқ, айни пайтда беҳад сиру синоатларга бой, шуғулланувчидан кучли ақл-идрок, кенг миқёсли тафаккур ҳамда теран таҳлил маҳоратини талаб қилувчи туридир.

Шу жиҳатдан унда спорт ва санъат уйғунлашган, деб ҳисоб­лашади. Шахмат қадимул айёмдан буён жаҳонгир шоҳлар, энг улуғ олиму ижодкорларнинг севимли машғулоти бўлиб келганлиги бежиз эмас. Хўш, ана шу ажойибу ғаройиб ўйин қачон, қаерда кашф этилган? Узоқ даврлардан буён унинг ватани Ҳиндис­тон, деб ҳисоб­лаб келинди. Чунончи, буюк юртдошимиз Абу Райҳон Берунийнинг “Ҳиндистон” номли рисоласида шахматнинг кашф этилиши билан боғлиқ қуйидаги ривоят келтирилган. Эмишки, маҳаллий ҳукмдор – рожа шахмат кашшофини ҳузурига чорлаб: “Шундай қизиқарли ва ақлли ўйин яратибсан, тила тилагингни, сенга қандай мукофот берайин?”, деса, браҳман бир қарашда арзимаган туҳфа сўрабди. “Олтмиш тўрт катакнинг биринчисига бир дона, иккинчисига икки, учинчисига тўрт, кейингисига ўн олти… ва шу тариқа кейинги ҳар бир катакка тўғри келадиган сонни ўзига тенг миқдорга кўпайтирган ҳолда (геометрик прогрессия) ҳисоблаб, шунча дона буғдой берсангиз кифоя”, дебди. Рожа кулиб, мулозимларига: “Майли, истаганидан ҳам кўпроқ, бир қоп буғдой бериб юборинглар!”, дебди. Аммо мулозимлар буйруқни адо этишолмабди. Маълум бўлишича, браҳман сўраган миқдордаги буғдойни бериш учун наинки Ҳиндистон, ер юзидаги жами мамлакатларнинг омборларидаги донни йиғса ҳам етмас экан.

Энди илмий манбаларга мурожаат этадиган бўлсак, улар ҳам яқин-яқингача айтарли даражада кўп эмасди. Инг­лиз шарқшуноси Х.Мюррейнинг 1913 йилда Оксфордда нашр этилган “Шахмат тарихи” китобида бу ўйин V асрда Ҳиндистонда пайдо бўлиб, VI асрда Эронга, сўнгра Европага тарқалгани айтилган. Бироқ не ажабки, кейинги тадқиқотлар бу фикрни инкор этиш имконини яратди.

Ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида Самарқанд давлат университети профессори, таниқли қадимшунос Юрий Буряков Афросиёб шаҳристонида ўтказган қазилмалари чоғида шахмат тарихига оид тасаввурларни тубдан ўзгартиришга қодир бир археологик топилдиққа дуч келди. Бу фил суягидан ясалган шахмат доналари жамланмаси эди. Шоҳ (қирол) жанг араваси, отлиқ аскар, фил минган сипоҳ, шер ниқобли чавандоз, шер бошли от ва икки пиёда аскардан иборат бу жамланма, ер юзида шахмат тарихига оид энг мукаммал топилма бўлиб чиқди. Орадан олти йил ўтгач, 1996 йилда Ўзбекистон жанубидаги қадимий Далварзинтепа шаҳристонида қазув олиб борган япон археологлари яна иккита шахмат донасини топишди ва бу мамлакатимиз ҳудудида эрамизнинг II асри бошларидаёқ шахмат ўйналгани ҳақида хулоса чиқариш имконини берди. Аниқланишича, ушбу шахмат доналари ҳозирги Ўзбекистон, Тожикис­тон, Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистон ҳудудларини ўз ичига олган қўҳна Кушон салтанати даврларига оид экан. Шундан кейинги қазилмалар чоғи бойларнинг уйлари, ҳунармандларнинг ишхоналари, ҳатто ҳаммомларнинг харобаларидан ҳам шахмат доналари топилди ва қадимда юртимизда турли табақадаги кишиларнинг бу ўйин билан анчайин кенг шуғулланганликлари тасдиқланган.

Шахмат илк бор Ўзбекис­тон ҳудудида яратилганини кўрсатувчи яна бир далил унинг номланиши билан боғлиқ. Яъни “шоҳмот” атамаси туркийча “шоҳ мот бўлди”, яъни иложсиз вазиятда қолди, деган маънони англатади.

Ҳиндистонда эса XVI асрга қадар шоҳлару подшоҳлар бўлмагани тарихдан маълум. Бу мамлакатда йирик, марказлашган давлат барпо этилиши ҳам айнан юртдошимиз – буюк шоир ва ҳукмдор Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи билан боғлиқ.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, юртимиздан чиққан улуғ алломалар, давлат арбобларининг аксарияти шахмат устаси бўлишган. Жумладан, соҳибқирон Амир Темур бу ўйинни мукаммал билгани ҳамда унинг қоидаларини янада такомиллаштиргани ҳақида тарихий маълумотлар бор.

Қадимшунос Юрий Буряков фикрига кўра, Буюк Ипак йўлидаги Самарқанд, Бухоро, Хива, Термиз, Тошкент каби шаҳарлар шахмат дунё бўйлаб тарқалишида муҳим ўрин тутган. Яъни бу ўйиннинг оммалашувида бутпараст коҳинлар эмас, карвон билан юрт кезган Марказий Осиёлик тожирларнинг хизмати катта. Улар Шарқда, Сибирнинг жанубий ҳудудлари ва Хитойдан тортиб, Мисргача қатнаганлари тарихдан яхши маълум. Булардан ташқари, шахматнинг мазмун-моҳияти, доналари таркиби, қоидалари таҳлили ҳам бу ўйиннинг майда ҳукмрон гуруҳлар тасарруфидаги юртларда эмас, шоҳ ва унинг мустаҳкам асосга эга бўлган давлат тизими ўрнатилган мамлакатда яратилганини тасдиқлайди.

Шу ва бошқа яна бир қатор олимлар шахмат ўйини Шарқда, ва аниқроғи Ўзбекистон ҳудудида вужудга келганини яққол исботламоқда. Албатта, унинг ҳозирги кўриниши, қонун-қоидалари шаклланишида бутун дунё мамлакатлари халқларининг ҳиссаси катта. Чунки шахмат  асрлар давомида ер юзидаги барча миллату элатларнинг севимли машғулотларидан бирига айланди, “ақл гимнастикаси”, деган шарафли номга сазовор бўлди. Шу боисдан ҳозир бу ўйиннинг энг номдор усталари орасида Ҳиндистон, Хитой, АҚШ, Европанинг қатор давлатлари, Россия ҳамда бошқа мамлакатлар вакиллари бор. Турли йилларда жаҳон чемпиони унвонига сазовор бўлган кубалик Р.Капабланка, россия­лик А.Алехин, америкалик Р.Фишер, ҳиндис­тонлик В.Ананд, норвегиялик М.Карлсен ва бошқалар шулар жумласидандир. Улар сафида ҳамюртимиз Рустам Қосимжонов ҳам муносиб ўрин эгаллаб тургани ғоят фахрлидир.

Ҳозирги пайтда Ўзбекис­тонда 22 нафар халқаро грос­мейстер бор. Шулардан энг кичиги 12 яшар Нодир Абдусатторов, дунёдаги энг ёш гросмейстер ҳисобланади. Сирасини айтганда, аҳоли жон бошига халқаро гроссмейс­терлар сони бўйича мамлакатимиз жаҳонда биринчи ўринни эгаллаб турибди.

Шу йилнинг 4 июнида Ўзбекистон Шахмат Федерацияси конференциясида қатнашган Халқаро Шахмат Федерацияси (ФИДЕ) Президенти Кирсан Илюмжинов ҳам мамлакатимизни шахмат ватани дея эътироф этди.

Баҳодир УМРЗОҚОВ,

Ўзбекистон Шахмат Федерацияси вице-президенти,

иқтисод фанлари доктори, профессор.