Ҳақиқий гулистонга айланаётган Гулистон

Хоразм вилояти

Гурлан туманидаги Гулистон қишлоғи туман марказидан 20 чақирим узоқликда жойлашган. 1975-1981 йилларда “Гулистон” давлат хўжалиги ташкил этилгач, бу ерга собиқ Иттифоқнинг турли бурчакларидан аҳоли ишлаш учун келиб, ўтроқлашиб қолган.

Шунинг учун ҳам қиш­лоқда ўндан ортиқ миллат вакиллари истиқомат қилишади. Сирасини айтганда, байналмилал қишлоқ. Жумладан, ўзбек, қозоқ, туркман, қорақалпоқ, рус, корейс, татар, бошқирд, украин каби миллат вакиллари ўзбеклар билан бирга умргузаронлик қилишмоқда. Қишлоқ учта маҳалладан иборат бўлиб, ҳозирги кунда 835 та хонадонда 4954 нафар аҳоли истиқомат қилмоқда. Қиш­лоқ “Дўстлик”, “Наврўз” ва “Шанғи” маҳалла фуқаролар йиғинларига бўлинган. Ушбу маҳаллалар ҳудудида 3 та мактаб, 3 та мактабгача таълим муассасаси, 1 та касб-ҳунар коллежи, оилавий поликлиника ва қишлоқ врачлик пункти  фаолият кўрсатмоқда.
Қишлоқ инфратузилмасига яқин йиллар ичида умуман эътибор қаратилмаганлигини одамларнинг яшаш шароити, кўчаларнинг қаровсизлиги, ички ва ташқи йўлларнинг хароб аҳволда эканлигидан ҳам билиш мумкин. Масалан, қишлоқни туман маркази билан боғловчи 20 километр асфальт йўл ўйдим-чуқурлигидан 15 дақиқалик йўлни бир соатларда босиб ўтасиз.
Гулистонликлар яқинда қишлоғининг “Обод қишлоқ” дас­турига киритлганини эшитиб, жуда хурсанд бўлишди. Эндиликда улар қарийб йигирма йиллар назардан четда қолиб кетган қишлоқнинг ҳақиқий гулистонга айланишидан умид­вор бўлишмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган “Обод қишлоқ” дастури бўйича қишлоқда кенг қамровли ишлар бошланди. Дастурга кўра, 4950 миллион сўмлик қурилиш, таъмирлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган.
Аҳоли уйлари томини шиферлаш  ишларига 136 миллион сўм банк кредити маблағлари йўналтирилади. Кўчаларни ободонлаштириш, тунги чироқлар ўрнатиш ва гулзорлар барпо қилиш ишларига маҳаллий бюджет ҳисобидан 144 миллион сўм пул ажратиш кўзда тутилган. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашга Оролбўйини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан 400 миллион сўм ажратилиб, ишлар бошланиш арафасида турибди. Бундан ташқари, электр энергияси ва табиий газ билан таъминлаш тизими учун “Ўзбекэнерго” ва “Ўзтрансгаз” АЖлар томонидан тегишли маб­лағлар йўналтириладиган бўлди.
Қишлоқдаги автомобиль йўллари ва ички йўлларни таъмирлаш учун 2775 миллион сўм ажратилиб, ишлар бошлаб юборилди. Шунингдек, ижтимоий соҳа объектларини жорий таъмирлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Дастур дои­расида 2 та мактабгача таълим муассасаси, битта мактаб, касб-ҳунар коллежи ва қишлоқ оилавий поликлиникасини таъмирлаш учун  маҳаллий бюджет ҳисобидан 250 миллион сўм  пул маблағи ажратилди.
Қишлоқ аҳлига қулайлик яратиш мақсадида 4 та сервис хизмат кўрсатиш шохобчаси, 2 та маҳалла гузарини янгидан қуриш ҳам  режага киритилган.
– Бирор жойдан уйга меҳмон келса, йўлларимизнинг абгорлиги ва кўчаларимизнинг кўримсизлигидан уялар эдик, – дейди “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Эриммат Ражабов. – Қишлоғимизнинг обод қишлоққа айлантирилаётганлигидан барчамиз хурсандмиз. Насиб бўлса, яна келсангиз, қишлоғимизни умуман танимай қолсангиз, ажабмас.

Болтабой МАТҚУРБОНОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.