Сайёҳларни чорлар Бухоро

4_bixoro2

Бухоро вилояти

Сўнгги йилларда мамлакатимизда туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг самарасини  Бухоро вилоятига ташриф буюрувчи сайёҳлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 40 фоизга ўсгани кўрсатиб турибди. Бу борада жорий йилда ҳам сезиларли ишлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 19 майдаги “2017-2019 йилларда Бухоро вилояти ва Бухоро шаҳрининг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги эзгу ишларда дас­туриламал  бўлмоқда.
Мазкур қарор асосида воҳанинг туризм салоҳия­тини ошириш мақсадида йил давомида 10 та йирик тадбир ўтказиш режалаштирилган. Яқинда ана шундай тадбирлардан бири – “Хўжа Насриддин” ва “Шарқ таом­лари” фестивали барча бухороликлар ва шаҳарга ташриф буюрган меҳмонларни ўзига чорлади.
Иштирокчилар дастлаб қадимий “Арк” қўрғонидан “Лаби Ҳовуз” мажмуасигача тантанали юриб борди. Шундан сўнг дор ўйинлари, масхарабозлик томошалари, миллий ўйинлар намойиши, фольклор жамоаларининг чиқишлари, амалий ва бадиий санъат кўргазма-ярмаркаси, ҳажвий расмлар кўрик-танлови, Шарқ таомлари ва бошқа турдаги маҳсулотлар кўргазмалари, Насриддин Афанди тўғрисида ҳамда бошқа миллий ва ҳажвий фильмлар намойиши, шунингдек, халқимиз ардоқлаган таниқли ҳажвчи шоир ҳамда ёзувчилар, кулги усталарининг чиқишлари, ҳажвий китоблар тақдимоти, давра суҳбатлари ва концерт дастурлари тадбир қатнашчиларида катта таассурот қолдирди.
Мазкур фестиваль доирасида 9 та номинация бўйича ғолиблар аниқланди. Уларга ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Ҳамроз АЛИ,
 “Qishloq hayoti” мухбири.