«Аёлларимизнинг бахти – халқимиз, жамиятимизнинг бахтидир»

Президентимизнинг Халқаро хотин-қизлар байрамига бағишланган учрашувдаги нутқини ўқиб…

Атоқли шоира Зулфия Мўминованинг шундай сатрлари бор:
Аёлга бахт беринг, саодат беринг…
Давлатимиз раҳбарининг нутқини ўқир эканман, ушбу мисралар бот-бот хаёлимга келаверди. Зеро, мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, уларнинг ҳуқуқларини ҳар томонлама муҳофаза қилиш, оила, оналик ва болалик манфаатларини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётир. Уларнинг бахтли ва саодатли бўлиши учун барча имкониятлар ишга солинмоқда.
Хусусан, ўтган бир йил давомида халқимиз билан, айниқса, хотин-қизлар билан мулоқот олиб бориш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Энг аввало, Президентимизнинг ўзлари жойларда мулоқотлар давомида аёлларнинг муаммоларини ўрганди. Уларга амалий кўмак беришга, ҳар бир муаммони чуқур ёндашув асосида ҳал қилишга киришди. Давлат муассасалари вакилларининг қишлоқ ва шаҳарларда уйма-уй юриб, ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиши, бу борадаги муаммоларни ҳал этиши бўйича самарали тизим яратилди.
Келинг, буни Хоразм вилоятида олиб борилаётган ишлар мисолида айтиб ўтайлик. Вилоятда фаолият олиб бораётган “Оила” марказига ўтган йили 587 нафар аёлдан мурожаат тушган эди. Бугунги кунгача уларнинг аксарияти ўз ижобий ечимини топ­ди.
Вилоятдаги барча шаҳар ва туманларда Хотин-қизлар қўмитаси томонидан аёлларни тадбиркорликка йўналтириш бўйи­ча махсус курслар ташкил этилди. Уларда 100 нафар хотин-қиз ўқитилди. Шунингдек, кўплаб иш билан банд бўлмаган аёллар томорқа деҳқончилиги бўйича Хонқа тажрибасини ўрганишди. Тижорат банклари томонидан 5569 нафар тадбиркор аёлга 112 миллиард 580 миллион сўмлик кредит маблағлари ажратилди. Иш билан банд бўлмаган 7 минг нафар аёлдан 5 минг нафардан ортиғи ишга жойлаштирилди.
Президентимизнинг Хоразм вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлар асосида ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногирон, кам таъминланган аёлларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаётга бўлган ишончини ошириш мақсадида 57 нафар аёлга тикув машиналари ажратилди. Ушбу ишлар бу йил изчил давом эттирилиб, йил бошидан буён 61 нафар кам таъминланган аёлга уйида касаначилик билан шуғулланиши учун тикув машиналари берилди.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногирон аёлларни ижтимоий қўллаб-қуватлаш мақсадида уларни арзон уй-жойлар билан таъминлаш ва бошқа зарур ёрдамларни кўрсатиш борасида ҳам хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, ногирон аёллардан 54 нафари бошланғич бадали тўланган уй-жойлар билан таъминланди. Кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ижти­моий ҳимоя­га муҳтож 293 та оила бошланғич бадали кам фоизли бўлган уй-жойга кўчиб ўтишди. Улардан 315 нафарига ногиронлик аравачаси, 69 нафарига эшитиш мосламаси берилди.
Ички ишлар органларининг профилактик ҳисобида турган аёлларга фуқаролар йиғинларининг маслаҳатчилари таълим муассасалари педагоглари, психологлар, умумий амалиёт ҳамшираларидан иборат вакиллар бириктирилиб, уларнинг оилавий шароитлари, турмуш тарзи ўрганиб чиқилди.
Жорий йил бошидан буён амалга оширилаётган ишлар кўлами ҳам ниҳоятда кенг. Хусусан, айни вақтгача 97 нафар аёл тадбиркорлик фаолиятини бошлади. Шу йилнинг охиригача ҳар бир шаҳар ва тумандан 100 нафардан хотин-қизнинг ишли бўлиши учун ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда тегишли дастурлар ишлаб чиқилди. 350 нафар аёл томорқа деҳқончилиги бўйича “Хонқа тажрибаси”ни ўрганиб, фаолият бош­лашига шароит яратилмоқда.
Президентимизнинг жорий йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мус­таҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Фармонда аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини кучайтириш, қонуний манфаат­ларини таъминлаш, қобилият ва салоҳия­тини рўёбга чиқариш, оила институтини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни ҳимоя қилишга қаратилган кўплаб чора-тадбирлар белгилангани, энг муҳими, уларнинг тўла рўёбга чиқарилаётгани аёлларнинг жамиятнинг ҳақиқий таянчига айланишига хизмат қилади.
Яна бир муҳим жиҳатни айтиб ўтиш жоиз. Мамлакатимиз бўйлаб амалга оширилаётган “Обод қишлоқ” дастури ҳам, энг аввало, аёлларимизнинг турмуш шароитини яхшилаш, уларнинг кайфияти, дунёқарашини юксалтиришга хизмат қилиши, шубҳасиз.
Урганч туманининг Амударё соҳилига энг яқин ҳудудда жойлашган Чолиш қишлоғи ҳам шундай дастур асосида обод бўлмоқда. Қишлоқда  6 минг 500 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади.
Вилоятнинг чекка ҳудуди ҳисобланган ушбу қишлоқни ободонлаштириш натижасида ҳудуддаги 7 километр ариқ-зовурлар, 20 гектар томорқа ерлар ортиқча хас-чўп­лардан, чиқиндилардан тозаланди. Уч ярим мингдан ортиқ мевали ва манзарали дарахт­ларга ишлов берилди. Аҳоли томонидан 150 дан ортиқ ноқонуний қурилмалар, 6,5 минг метрлик тўсиқ ва панжаралар олиб ташланди.
Бу хайрли тадбирларда қишлоқ аҳолиси ҳам ташаббус кўрсатиб, саришта яшашни, аввало, оилада шакллантириш кераклигига алоҳида эътибор қаратмоқда. Ушбу кенг кўламли ишлар, аёлларга чексиз мамнунлик бахш этмоқда.
“Аёлларимизнинг бахти – халқимиз, жамиятимизнинг бахтидир”. Президентимизнинг бу сўзлари замирида чексиз меҳрни туйдик. Бу юксак эътибор Ўзбекистон хотин-қизларининг жамиятни янада равнақ топтириш, юрт келажаги бўлган соғлом авлодни вояга етказиш борасидаги масъулия­тини янада оширади, уларни янги меҳнат марраларига руҳлантиради.

Сайёра Абдукаримова,
Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси.