ГАЗ ТАЪМИНОТИДА ИННОВАЦИОН ЛОЙИҲА

3_01

Қорақалпоғистон Республикаси

Тўрткўл туманидаги “Safety Filtr” МЧЖ томонидан табиий газни фильтрловчи қурилма ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Мазкур қурилма Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги томонидан берилган гувоҳнома ҳамда “Ўзстандарт” агентлиги сертификати асосида ишлаб чиқарилмоқда.

Маълумки, табиий газ бир қанча босқичларда тозаланишига қарамасдан, истеъмолчиларга етиб боргунга қадар газ қувурларининг ички  қисми емирилиши оқибатида ҳосил бўладиган кераксиз чиқиндилар  бевосита газ ҳисоблагич механизмига келиб тушади. Бу эса механизмнинг ишдан чиқишига ҳамда табиий газнинг аниқ ўлчанишининг бузилишига, технологик йўқотишларнинг кўпайишига, натижада эгаси аниқланмаган нореал қарздорликнинг ўсиб кетишига олиб келади.
– “Тўрткўлтумангаз” корхонасининг мижозлар билан ишлаш бўлимида ишлаб юрган кезларим фуқаролардан газ босимининг пасайиб кетиши, газ ҳисоблагич ускуналарининг муддатидан олдин ишдан чиқиши ва, айниқса, қиш мавсумида тез-тез газ узилиш ҳолатлари бўйича кўплаб норозилик­лар келиб тушарди, – дейди “Safety Filtr” корхонаси раҳбари Маъруфжон Ражапбаев.  – Ўшанда бу муаммонинг ечимини топишни олдимга мақсад қилиб қўйган эдим. Изланишларим бесамар кетмади. Банкдан олинган қарийб 400 миллион сўм кредит эвазига Хитойдан дастгоҳлар олиб келдик. “Ўзтрансгаз” АЖ томонидан берилган рухсатнома бўйича Тўрткўл тумани ҳудудида 2,5 минг хонадонга мазкур қурилмани ўрнатиб, синовдан ўтказдик. Натижаси ёмон бўлмади. Буни хонадон эгаларининг ўзлари ҳам тасдиқламоқда.
– 2016 йил август ойида хонадонимиздаги газ ҳисоблагич ускунаси ишламай қолиб, туман газ таъминоти мутахассисларига мурожаат қилдим, – дейди Тўрткўл тумани Тошкент кўчасида истиқомат қилувчи  Ҳусан Давлетов. – Улар менга табиий газни фильтрловчи қурилма ўрнатишимни тавсия этди. Менинг розилигим билан мутахассислар шу куннинг ўзида қурилмани ўрнатиб беришди. Шундан буён газ босими анча яхшиланяпти, газ ҳисоблагич ҳам тўхтовсиз ишлаб келмоқда. Буни яқин қариндошларимга, таниш-билишларимга ҳам тавсия этиб келяпман.
– Ўтган йил декабрь ойида мазкур қурилмани ўрнатганимиздан сўнг уйимизда газ босими яхшиланиб, газ ҳисоблагич ҳам бир маромда ишлайдиган бўлди, – дейди Тўрткўл тумани маркази Диёнат кўчасида истиқомат қилувчи фуқаро Фарида Юлдашева.
Қурилма кенг жорий этилса, истеъмолчиларга етказиб бералаётган табиий газ ҳажми газ ҳисоблагич ускуналари орқали тўғри ва аниқ ҳисоблаб берилиши таъминланади. Натижада ортиқча табиий йўқотиш коэффициентини камайтириш имконияти яратилади. Тумангаз корхоналарига истеъмолчилар томонидан газ ҳисоблагич ускунаси билан боғлиқ бўлган ариза ва мурожаатлар келиб тушиши ва уларни ҳал қилиш учун жалб қилинадиган мутахассисларнинг иш вақтини йўқотишлари камайтирилади. Натижада тегишли ходимларнинг меҳнат унумдорлигини оширишга эришилади.
Бундан ташқари, истеъмолчиларга газ ҳисоб­лагич ускунасидан узоқ муддат фойдаланишини таъминлаш ортиқча сарф-харажатларни ва уларнинг иш вақтларини тежашга  олиб келади. Давлат қиёслаш кўригидан ўтказилган газ ҳисоблагич ускуналарининг белгиланган муддатидан олдин ишдан чиқиб қолиш ҳолатларини камайтиради.
Айтайлик, мамлакатимиз бўйича ўрнатилган 4 миллион донадан ортиқ газ ҳисоблагичнинг технологик йўқотишини кунига тахминан 1 метр кубга камайтирсак, шунинг натижасида эгаси аниқланмаган газ сарфи миқдори бир ой давомида 120 миллион метр кубни, бир йилда  эса 1 миллиард 440 миллион метр кубни ташкил этади.  Натижада нореал қарздорлик 379 миллиард 296 миллион сўмга камайтирилишига эришилади.
Газ захирасидан самарали ва тежамли фойдаланишга қаратилган ушбу ташаббус ҳар томонлама қўллаб-қувватланса, етказиб берилаётган газ сифати янада яхшиланишига, газ ҳажмининг тўғри ўлчанишига ҳамда ҳисоблагич ускуналарининг яроқлилик муддатини узайтиришга эришиш мумкин.

Давуд АБИБУЛЛАЕВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.