Экспортчилар, бормисиз, омонмисиз?

Андижон вилояти

Қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган таркибий ўзгаришлар боис ғалла ва пахта ҳосилдорлиги паст бўлган экин майдонлари боғдорчилик, сабзавотчилик, шоличилик, пиллачилик ва бошқа тармоқларни ривожлантиришга ажратилмоқда. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда эҳтиёжимиздан ортиб қоладиган маҳсулотларни экспортга йўналтиришга алоҳида урғу берилмоқда.

Боғдорчилик ва сабзавотчиликнинг сизу биз билмаган шундай оғриқли томонлари борки, уни енгиб ўтиб, дастурхонимиз тўкин-сочинлигига баҳоли қудрат ҳисса қўшаётганларга ҳар қанча таъзим қилсак, арзийди. Аввало, сўз юритилаётган тармоқларда қўл меҳнатининг улуши ўта юқори. Махсус техникаларни камдан-кам ҳолларда учратмасангиз, тушингизда ҳам кўрмайсиз. Ана шундай шароитда меҳнат қилаётган фермерлар, деҳқон хўжаликлари  ва томорқачилар етиштираётган маҳсулотларини ички ва ташқи бозорга йўналтиришда қийинчиликлар гирдобида қолиб кетишмоқда.

Биз томондан қилинаётган даъво ҳар бир деҳқон бозорида мавжуд эканлиги, барча расталар тадбиркорлар билан бандлиги орқали ўз исботини топади. Давлат таъминоти билан боғлиқ тизимлар эса зарур маҳсулотларни қаердан олишяпти, деган савол ўртага қалқиб чиқаверади. Бироқ бу саволга жавобни кундузи чироқ ёқиб ҳам тополмайсиз. Ваҳоланки, давлат таъминоти тизими учун оз эмас, салмоқли миқдордаги маҳсулотлар зарурлигини ҳис этасиз.
Халқ тилида айтганда, далага ёхуд хонадонингизга “ўртакаш”лар қадам ранжида қилишади. Улар ҳосилни кўришади, баҳолашади ва шу орқали сизни “тупроққа қориштириб” ташлайди. У айтган нархга маҳсулотингизни беришдан бошқа илож қолмайди. Бўнак пулини беради ва қолганини “ўртакаш”нинг хонадонига қатнаб ё оласиз, ё охир-оқибат тақдирга тан берасиз.
Ўтган йили қўшнимизнинг уйидан баланд овоз чиқди. Овоз кучайгач, қўшничилик йўриғида дарвозасига яқинлашдик. Қўшнимизнинг ҳовлиси гилосзор. “Ўртакаш”лар наинки гилосни, бошқа мева ва саб­завотларни ҳам ўз одамлари ёрдамида териб олади ва идишларга жойлайди. Гилос саралаб олингач, ортгани 300 килограммдан зиёд тош босди. Лекин “ўртакаш” уни сотиб олмаслигини айтгач, хонадон эгаси бу ғирромликка чидамасдан олиб кетишга тайёрланган гилосни бермаслигини билдирган. Узоқ тортишувлардан сўнг “ўртакаш” қолдиқ ҳисобланган мевани Қува бозорида сотиб бериш шарти билан олишга мажбур бўлди… Шарт бажарилгандан сўнггина олий тоифадаги гилослар “ўртакаш”нинг қўлига ўтди.
Қўшнимиз уйдаги воқеа боис “ўртакаш” ҳам тирикчилик важидан 10-15 нафар аёлни ёллаб, мева-сабзавотлар савдосида аралашиб юришини билдик. У экспортчининг дилерига топган маҳсулотини ўтказиб, пулини олади ва ёлланма ишчиларга ҳам ана шу маблағ ҳисобидан ҳақ тўлайди. Тайёрланган маҳсулот миқдори қанча бўлмасин, бирорта ҳужжатда акс этмайди.
Тайёрлов идоралари тугатилгандан буён ўтган вақт мобайнида деҳқонларнинг аҳволи ана шундай ҳолатдалиги ойдек равшан бўлса-да, вазиятни ўнглаш борасида жўяли ечим топилмаяпти. Битта хонадонда 200-300 килограмм маҳсулот харидорга ёқмаслиги ҳисобига чиқитга чиқса, кўча, маҳалла, қишлоқ, туман ва вилоят миқёсида қанча ҳосил бой берилаётганлигини қачонгача сезмаймиз? Қайта ишлаш корхоналари бўлганида, бу муаммо ўз ечимини топар ва маҳсулот етиштирувчилар меҳнати зое кетмасди.
Гектар-гектар боғи ёки токзори бор фермерларнинг қайси шароитда ҳосил яратаётганликлари ва сотаётганликларини кўз олдингизга келтирсангиз, кўтарилаётган масаланинг моҳияти аён бўлади. Яқинда пойтахтдан айни озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш, тайёрлаш ва экспорт қилиш масалалари бўйича нуфузли ишчи гуруҳи келди. Гуруҳга ҳамроҳлик қилган мутахассислардан бирининг айтишига қараганда, экспортчиларни топиш ой тўлишгунга қадар давом этган. Шунда ҳам кўплаб экспортчиларнинг ўзлари эмас, балки диллерлари ёки “жонкуярлари” келишибди.
Озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш, тайёрлаш ҳамда экспортга йўналтириш масаласи ҳамиша кун тартибида. Шундай шароитда айрим мевалар ва сабзавотлар нарх-навоси ички бозорнинг ўзида юқорилигича қолмоқда.
Интенсив боғлар ҳали кутилган ҳосилни бермаётганлиги, маҳаллий боғларнинг бузиб юборилганлиги, айрим жойларда эса мевали дарахтлар ўтинга айланганлиги сабаб тақчиллик юз кўрсатмоқда.
Бу тақчилликка ўзимиз сабабчи бўлдик. Тарихи асрларга тенг бўлган халқ селекциясининг дурдонасига айланган ўриклар мажбуран кесиб ташланди. Ўрик қоқининг нархи ҳар қандай харидорнинг чўнтагини чақади. Беҳи, Андижон ноки, Андижон олмаси йилдан-йилга анқонинг уруғига айланмоқда. Натижада қуритилган мевалар ҳам “Қизил китоб”­га кириш арафасида.
Сабзавот етиштириш майдонлари кенгайиб бораётган бир шароитда унинг ҳосилдорлиги ҳеч кимни қаноатлантирмайди. Ана шундай ҳолатда экин турлари режалари қайта-қайта тақдим этилмоқда. Бунда экспортчилар ва бошқа тайёрловчиларнинг ваъдалари инобатга  олинаётганлиги, аслида, томорқачилар ва фермерларнинг эркин фаолият кўрсатишига тўғаноқ бўлаётир.
Яқинда Балиқчи туманидаги “Сиза азиз ерлари” фермер хўжалигида бўлдик. Хўжалик раҳбари Давронбой Ўринбоев ва ўндан зиёд аъзолар карам қирқишаётган эди. Фермерга юзланиб, “Бозорини берсин”, дея тилак билдирдик. У эса бу гапимизни хуш кўрмади.
Фермер 2017 йилнинг айни саратонида ғалладан бўшаган майдоннинг 2 гектарига 100 минг туп “Тундра” навли карам ўтқазибди. Унинг ҳар тупи 300 сўмдан харид қилинган ва кўчат учун 30 миллион сўм сарфланган. Ҳайдов, эгат олиш, озиқлантириш, суғориш ва зараркунандаларга қарши кураш каби тадбирлар ҳам анчагина маблағни ютиб юборган. Шу йилнинг 3 март кунга қадар ҳам етиштирилган карамнинг анча қисми далада турибди. Афсуски, карамни, шолғомни, турпни чорва ҳайвонлари бир бор ейди. Кейин қайрилиб ҳам қарамайди. Бозори йўқ маҳсулотларни йўқотиш ҳам етиштирувчилар учун яна бир азоб.
Кўплаб эмас, минглаб деҳқонларнинг аҳволи Давронбой Ўринбоевникидан  кам эмас. Наинки карам, шолғом, турпнинг уволга айланганлигини кўриб, деҳқонга қандай тасалли беришни билмайсиз. Тадбиркорлик қилишга бел боғлаган кўплаб юртдошларимиз дардини худога айтишдан бошқа чора топишолмаяпти. Кузда қимматга олинган маҳсулотлар бугунга келиб ярим баҳосига ҳам сотилмаяпти.
Очиқ гапни айтадиган бўлсак, меҳнати ва маблағи совурилаётган томорқачилар, фермерлар аслида бизнес қурбонига айланишмоқда. Сўнгги йилларда ошқовоқ, ошкўк, карам, саримсоқ пиёз экишга, ҳатто уруғи тайёр эканлигига даъватлар қилинди ва охир-оқибат ваъдадаги харидорлар ҳосил пишганда қорасини кўрсатишмади.
2017 йилда мош рекламаси авжига чиқди. Экспортчилар унинг ҳар килограммини 1 доллардан чекланмаган миқдорда сотиб олишлари ҳар йиғилишда тилдан тушмади. Мош йиғиштириш бошлангач, экспортчиларнинг хорижий шартномалари бекор бўлганлиги, шунинг оқибатида нархи 2 минг сўмга белгиланганлиги эълон қилинди.
Рекламага таъзим қилган кўплаб деҳқонлар экспортчилар тақдим этган ҳар килограмми 50 минг сўм бўлган уруғликни таниш-билишчилик билан олишди. Кўзига доллар кўринган юртдошларимиз эса бозорлардаги мошларни ҳаш-паш дегунча олиб кетишди. Андижонда мош бошқа ҳудудларга нисбатан камроқ истеъмол қилинади. Реклама кучи билан нарх осмонга чиқди. Ҳозирда эса мош етиштирганларнинг дарди ичида. Нарх-наво билан харажатлар ўртасидаги фарқ деҳқон зиёнидадир. 2 минг сўмдан мош топширганлар эса экспортчининг йўлини пойлаб ҳақини ҳамон олганларича йўқ.
Ер ёнғоқ қандолатчилик саноати учун асосий хомашё ҳисобланади. Избоскан, Пахтаобод, Андижон туманларида ушбу экин такрорий тарзда кўплаб майдонларга экилади. Афсуски, ер ёнғоқ етиштирганлар ҳам бозорини топишолмай харидорларга кўз тикиб туришибди. Ушбу ҳолатнинг юзага келиши сабаби эса харажат ва даромад билан боғлиқдир. Экспортчиларга эса бунинг қизиғи йўқ.
Шу кунларда аччиқ қалампир толқонининг хорижда ҳар килограммига 8 АҚШ долларидан харидор борлиги рекламаси авжига чиқди. Аччиқ қалампирни харид қилувчи “Чил уз” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилди. МЧЖ раҳбари аччиқ қалампир етиштирувчиларга ҳар килограмми 460 АҚШ долларидан уруғлик беришини маълум қилди. Кўчат сонини ҳисобга олсангиз, ҳар гектар ерга уруғнинг ўзи учун 230 доллар харажат қилинади. Кўчат қилиш, ўтқазиш, парвариш қилиш, териш ҳам ўз-ўзидан бўлмайди. Назаримизда, экспортчи учун аччиқ қалампирдан кўра ўзи тақдим этаётган уруғни ўтказиб, манфаат топиш ҳиди келиб турибди. Буни анг­лаган бўлажак “аччиқ қалампир”чилар шов-шув кўтаришгач, экспортчининг аччиқ қалампир уруғи улуши 40 фоизга туширилди. Яъни маҳаллий уруғ экиш ҳам мумкин бўлди.
Мутахассисларнинг сўзларига қараганда, республикамизда қалампирнинг аччиқлилик даражасини ўлчайдиган технология мавжуд эмас. Терим чоғида вазият кимнинг фойдасига ҳал бўлади? Яна аввалги ўйин­лар такрорланмасмикин?
Яна бир қизиқ ҳолат шуки, ҳали кўчат кўрмаган томорқачи ёки фермер гектар ҳисобига банкка ўртача бир миллион сўмдан маблағ қўйиши айтилмоқда. Эмишки, ушбу маблағ агротехник тадбирларга йўналтирилади.
Шу йилнинг 27 февраль куни Президентимиз раислигида экспортни ошириш ва импортни қисқартириш бўйича қўйилган вазифалар ижроси, бу борада тармоқлар ва ҳудудлардаги ишлар ҳолати таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Мазкур  йиғилишда фермерлар ва аҳоли томорқаларида сердаромад мева-сабзавот экиш, уларни уруғлик, маблағ, ўғит, ёқилғи билан таъминлаш ишларини ташкил этиш вазифаси қўйилди. Ҳар бир туманда мева-саб­завотни экспорт қилувчи корхона ташкил этиш асосий вазифа эканлиги таъкидланди. Шукрки, энди етиштирувчи ва харидор бўлмиш экспортчининг бир-бирига юзи тушадиган кунлар келмоқда.

Қобилжон АСҚАРОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.