«Ҳар кимдан яхши иш қолғон бўлса, анинг бирла амал қилмоқ керак»

Ўтган йилнинг август ойи эди. Чироқчи шаҳридаги замонавий бозорни томоша қилмоқчи бўлдик. Отасига раҳмат, бозорда ҳар ҳирфагарга алоҳида раста ташкил қилишибди. Расталар тоза-озода, сотувчилар бир-биридан хушмуомала. Ҳамма нарса ўз ўрнида. Нима тиласанг, осонгина топилади. Бунинг устига нархлар арзон. Яхши кайфият билан бозордан чиқдик. Иттифоқо, дарвоза тўғрисидаги дарахт соясида суҳбатлашиб турган икки йигитнинг суҳбати, аниқроғи, улардан бирининг зорлангани беихтиёр қулоғимизга чалинди.

– Еб қўйди! – деб нолиш қилар эди йигитлардан бири иккинчисига соф Чироқчи шевасида овозини баралла қўйиб. Атрофдагилар эшитяпти деб истиҳола ҳам қилмас эди. Зеро, иш истиҳоладан ўтган, йигитни мол аччиғи гапиртираётган эди. – Бу тўй деганинг еб қўйди. Август ойининг ўзида олти тўйга бордик. Хотиннинг қариндоши ҳам кўп экан, урф-одатлариям кўп экан. Машина оламан, деб йиққан пулнинг ярми кетиб қолди…
Мана бир йилдирки, ўша йигитнинг зорланган овози ҳамон қулоғимдан кетмайди. Унинг таъсирида шу мавзуда учта мақола ёздим. Яна бир ҳикоянинг материа­ли миямда пишиб етилди.
Тўй маросимларимиздаги исрофгарчиликлар ҳақида илк танқидий фикр қачон айтилгани бизга номаълум, аммо бундан беш юз йил олдин маърифатпарвар шоҳ Бобур ўзининг “Бобурнома” китобида тўй-ҳашамлардаги исрофгарчиликлар ҳақида ёзиб, Самарқанддаги бир тўйни мисол тариқасида келтиради: Бобур Мирзо шахсан ўзи гувоҳ бўлган бу тўйда “олтиндан писталар ясаб, зумраддан анга мағизлар қилибдурлар… буларни табақ-табақ сочқи қилдилар” деб эслайди. Бу одатлар ота-боболардан қолган ёмон одатлар эканлигини қайд этади, танқид қилади ва хотимада “Ҳар кимдан яхши иш қолғон бўлса, анинг бирла амал қилмоқ керак” дея хулоса чиқаради.
Ўтган аср бошларида маърифатпарвар боболаримиз тўйлардаги бемаъниликларни қаттиқ танқид қилганлар, боёнларни ана шу маблағларни халқнинг болаларини саводли қилишга сарфлашга чақирганлар. Бугун Юртбошимиз иш бошида туриб, масъулиятни зиммасига олиб, миллатимизни орқага тортаётган ана шу иллатларга қарши бизни даъват қилиб турганларида ҳар биримиз шахсий намуна кўрсатиб, ўзимиз ва яқинларимизнинг тўйлари мисолида ибрат бўлмоғимиз лозим деб ўйлайман. Эшитдик, кимдир тўйида Меҳрибонлик уйи тарбия­ланувчиларини чақириб зиёфат қилибди. Бу яхши ибрат. Қанчадан-қанча толиби илмлар билим олиш илинжида заҳмат чекиб юрибди. Уларга қилинган харажатлар ҳам, албатта, муносиб ўрнини топган бўларди, деб ўйлаймиз.
Бир пайтлар тўй маънавий-маърифий тадбир бўлган. Ота-боболаримиз тўй баҳонасида яқинларини чорлаб, меҳр-мурувват изҳор этган. Тўй тегар-тегишники, дейди доно халқимиз. Етти ухлаб тушига кирмаган минглаб одамларни чақириб, тиқилгунча ош-овқат бериб, ичириб, маст қилиш билан айрим замондошларимиз нимани исботламоқчи бўладилар, билмадим.
Яқин-яқинларда ҳам тўйларда даврабошилар ибратли ҳикоятлар, ҳикматли сўзлардан айтиб, кишиларга сўз берар ва тарбиявий шеърлардан ўқиб йиғилганларни эзгуликка тарғиб этар эдилар. Тўйларда байтбараклар бўлгувчи эди. Бугун турфа бачканалик­лар урфлашиб, бундай одатлар сийраклашиб бормоқда. Тўйда мутлақо гап-сўзсиз олдига келганини еб, ичиб, маст бўлгач, қийқириб рақс тушадиган ва оқибатда жанжал билан тарқалишадиган ёшларни, афсуски, тез-тез кўриб турибмиз. Буларни кўриб-кўрмасликка олишимиз, сен менга тегма, мен сенга тегмайман, қабилида юраверишимиз яхшиликка олиб келмайди.
Тўғри, айрим туманларда маънили тўйлар ҳам учрайди. Каттақўрғон тўйларида даврабошининг маърифий шеърлардан ўқиб, маънавий ҳикоят ва ривоятлардан айтиб, чиройли тарзда даврани олиб боришига гувоҳ бўлдик. Ва ана шу хайрли анъанани мамлакат бўйича оммалаштириш, уни янада бойитиш лозим экан, деган фикр кўнглимиздан кечди.
Яна бир муаммо санъаткорлар билан боғлиқ. Баъзи тўйларга борсангиз, овоз кучайтиргичларни охиригача бураб қўйиб, қўшкарнайни меҳмонлар асабига тегадиган тарзда жойлаштириб, “дунёни бошига кўтариб, маҳалладагиларнинг ҳам тинчини бузиб бақираётган “хонанда”лар дастидан ёнингизда ўтирган дўстингиз билан сўрашолмай хуноб бўласиз. Кошки, айтилаётган ашулада маза-матра бўлса…
Мутахассисларнинг таъкидлашларича, 80 децибелл (дБ) ва ундан ортиқ даража баланд товуш ҳисобланади ва асабга тегади, 130 (дБ) эса чидаб бўлмайдиган даражада оғриқ пайдо қилади.
Ана энди ёпиқ залларда ўтказилаётган тўйлардаги шовқиннинг даражасини ўлчанг ва ўзингиз хулоса чиқараверинг.
Яна бир шармандали ҳолат борки, кўпинча меҳмонлар олдида кишини хижолатга солмоқда. Бу ўйинчилар масаласи (уларни раққоса деб бўлмайди). Чунки тўйларда юрадиган отарчиларнинг кармони раққоса ёллашни хушламайди. Ўйинчини эса мардикор бозордан ҳам топиш мумкин. Бетида пардаси бўлмаса, кифоя. Ҳар бир меҳмонга алоҳида муқом қилиб суйкалиш учун ҳеч қандай қобилият ҳам, санъат ҳам керак эмас. Биродарлар, сиз шу ҳолатга четдан келган кишининг нигоҳи билан, халқ иборасида айтганда “душман кўзи билан” қараб кўринг-а.
Самарқанд туманидаги бир тўйда шундай шармандали ҳолга гувоҳ бўлдик: ўйинчи даврани айланиб бўлгач, товоқ ташиб юрган йигитларга муқом қила бошлади… Бу ҳам камлик қилгандай товоқчиларга эргашиб қозонбошига қараб кетди. Зимдан кузатдик, ош сузаётган ошпазга суйкалиб, нималар деди, нималар қилди, билмадик, иккита мингталикни олиб тиржа­йиб чиқиб келди. Ана сизга ўйинчининг “санъати”ю, мана сизга ўйинчининг “маҳорати”.
Бундай “халтасиз лўли”ларни тартибга чақирадиган кайвониларимиз қани? Нега аксар ҳолларда тўй бошида маҳалла оқсоқоли ёки хотин-қизлар маслаҳатчилари кўринмайдилар? Нега улар тўйларда жиловни қўлга олиб, уларни маънавий-маърифий тадбирларга айлантириш борасида жонбозлик кўрсатмаётирлар? Ахир, Президентимиз таъкидлаганларидай, тўйдаги исрофгарчиликлар ҳалол пул эвазига бўлмайди, кимдир қандайдир йўллар билан бировни қақшатиб топган пулига бунақа бемазагарчиликни қилади, демак бу ҳам адолатсизликни тарғиб қилади. Кучли давлатдан кучли жамиятга ўтишимиз учун биринчи навбатда жамоатчилик фикрини шакллантиришимиз ва ана шу фикрнинг ҳаётимизга таъсирини оширишимиз керак эмасми? Шу маънода Республика “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва “Нуроний” жамғармаси фаолларининг ватандошларимизга мурожаати амалий бир иш бўлди. Аммо бу ташкилот фаоллари ҳам шу билан ўз зиммасидаги ишни бажариб қўйгандай хотиржамликка берилмасликлари лозим. Негаки, иш энди бошланди. Бутун зиёли табақа оёққа турмас, халқ дардини ўз дарди билган қалам аҳли фаоллик кўрсатмас, жаҳолатга қарши, манманлик ва ўзини кўз-кўзлашга қарши ҳамма жойда, ҳар куни курашга тайёр турмас экан, ҳеч нарса ўзгармайди ва келгуси авлод ҳам худди биз каби тўй-тўйлаб юраверади.

Ориф ҲОЖИ