«Қатраға чун тарбият этти садаф…»

Президентимиз томонидан 2018 йил 28 февралда қабул қилинган “Давлат мактабгача таълим муассасалари ходимларининг айрим тоифалари меҳнатига ҳақ тўлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарори умрини бола тарбиясидек улуғ ишга бағишлаган неча ўн минглаб фидойи тарбиячи-хизматчиларга янги куч-ғайрат, илҳом бағишлади.

Кейинги бир йилда таълим-тарбия соҳасида амалга оширилган ишларнинг салмоғи бир неча ўн йилларга татийди.
Президентимиз томонидан ёш авлод тарбиясининг муҳим бўғини бўлган мактабгача таълим тизимини ривож­лантиришга катта эътибор берилмоқда. 2017 йил 16 август ва 19 октябрь кунлари бўлиб ўтган йиғилишларда мазкур масала атрофлича муҳокама қилинган эди. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 30 сентябрдаги “Мактаб­гача таълим тизими бош­қарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори соҳа равнақи учун янги истиқболларни очиб берди.
Давлатимиз раҳбари жойларда халқ билан мулоқот чоғида ҳам доимо ушбу масалага алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Яқинда қабул қилинган қарор эса ниҳоятда улуғ ишларга дастуриламал бўлиши шубҳасиз.

Қарорга мувофиқ, жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб мудирлар, тарбиячилар, методистлар, ўқитувчилар, дефектологлар, психологлар, мусиқа раҳбари ва тарбиячининг ёрдамчилари ойлик маошлари 30 фоизга, 1 сентябрдан бошлаб эса тайёргарлик гуруҳида фаолият юритадиган ходимларнинг базавий тариф ставкалари миқдорларини умумтаълим мактаблари бошланғич синф ўқитувчилариникига тенг­лаштирган ҳолда 30 фоизга оширилиши соҳага кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир амалий ифодаси бўлди. Бу, албатта, ҳар бир ходимни моддий манфаатдорлигини ошириши билан бир қаторда уларнинг ўз касбига бўлган масъулиятини ҳам юксалтиради. Шу ўринда вилоятимизнинг Деҳқонобод, Касби, Миришкор, Қамаши, Чироқчи, Нишон, Яккабоғ ва Ғузор туманлари мактаб­гача таълим муассасаларида болалар сақлангани учун амалдаги ота-оналар тўлови миқдори 2023 йил 1 январгача бўлган муддатда икки баробарга қисқартирилгани юртимизда ёш авлод таълим-тарбияси, оилалар фаровонлиги устувор масала сифатида қўйилаётганидан далолат беради. Бундай юксак ишонч ва рағбатга муносиб бўлиш учун ишлаш, изланиш ва муттасил ўқиб-ўрганишимиз шарт.
Кейинги бир йилда биргина Қарши шаҳрида бу соҳада амалга оширилган ишларни айтиб ўтишни жоиз топдик. Соҳага кўрсатилаётган эътибор туфайли қисқа муддат ичида Қарши шаҳридаги Ислом Каримов кўчасида алоҳида мослаштирилган бинога  эга бўлдик. Бўлим учун Қарши политехника касб-ҳунар коллежидан 15 та хона ажратилди. Самарали фаолият юритишимиз учун жиҳоз ва компьютерлар етарли. Маъмурият, марказлашган молия-бухгалтерия хизмати тажрибали ҳамда малакали ходимлар ҳисобига мустаҳкамланди.
Қарши шаҳрида ҳозирги кунда 39 та мактабгача таълим муассасаси мавжуд бўлиб, умумий қуввати 7 минг 600 ўринни ташкил этади. Уларда 7 минг 100 нафар 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар таълим-тарбия олмоқда. Мактабгача таълим муассасасининг 30 таси намунавий, 9 таси мослаштирилган бинода жойлашган. Давлат дастури асосида сўнгги уч йилда 6 та, 2015 йилда эса 11 та мактабгача таълим муассасаси биноси таъмирланди. Жорий йилда ҳам бу борадаги ишлар жадал олиб борилаётир. Шаҳардаги 2-махсус мактаб­гача таълим муассасасида, шунингдек, 41-мактабгача таълим муассасасида капитал реконструкция ишлари бошлаб юборилди. Бундан ташқари, Қарши шаҳрининг Шайхали қўрғонидаги 38- ҳамда “Хонтепа” МФЙдаги 36-мактабгача таълим муассасалари капитал таъмирлаш режасига киритилган.
Мактабгача тарбия муас­сасасидаги болаларнинг тўғри ва сифатли овқатланиши бўйича ҳам қатъий назорат ўрнатилган. 2018 йилнинг 1 январидан эътиборан ягона таомнома асосида овқатланиш ташкил этилди.
Тарбияланувчиларни мактабга тайёрлаш мақсадида мавжуд мактаб­гача таълим муассасаларида рус ва инглиз тили, 14-, 17-, 25-, 39-МТМларда бадиий гимнастика тўгараклари иш бошлади. Ҳафтанинг ҳар пайшанба куни шаҳарда мактабгача тарбия муассасалари куни, деб эълон қилинган. Қарши шаҳар ҳокими ва ишчи гуруҳ аъзолари жойларда амалга оширилаётган ишлар билан танишиб, мавжуд камчиликларни бартараф этишда ва ҳомийлик ёрдами кўрсатишда бевосита иштирок этмоқдалар.
Айни пайтда шаҳардаги мактабгача таълим муассасалари 1-, 2-, 3-тоифага бўлинган ҳолда ўрганилиб, уларни янада такомиллаштириш учун барча куч ва имкониятлар ишга солинмоқда. Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йилнинг 14 февраль куни мактабгача таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-­тадбирлар натижадорлиги таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилишида давлат-хусусий шериклик асосида хусусий боғчалар ташкил этиш бўйича муҳим вазифалар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди. Қарши шаҳрида тадбиркорлар томонидан 50 дан ортиқ хусусий боғча ташкил этиш бўйича таклифлар билдирилган бўлиб, айни пайтда улар ўрганиб чиқилмоқда. Жорий йилнинг дастлабки чорагида шаҳарда иккита хусусий боғча фаолият кўрсатади.
Мактабгача таълим муассасаси тарбиячиларининг савияси, билим ва педагогик маҳоратини ошириш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Ҳозирги кунда мавжуд мактабгача таълим муассасаларида жами 1382 нафар ходим фаолият кўрсатади. Шундан олий маълумотлилар 124 нафарни, ўрта махсус маълумотлилар 420 нафарни, умумий ўрта маълумотлилар 838 нафарни ташкил этади. Айни пайтда 200 нафардан зиёд ўрта махсус маълумотига эга бўлган ходимлар бакалавриат йўналишида таълим олиш истагини билдирмоқда.
Жорий йилнинг 22 февралидан Қарши давлат университети билан ҳамкорликда мактабгача таълим муассасалари тарбия­чилари, амалий психолог ва дефектологларни қайта тайёрлаш курслари ташкил этилди. Янги ўқув йилидан бошлаб олий таълим муасса­саларида сиртқи ва кечки шаклда бакалаврлар тайёрлаш бўлими фаолият кўрсатиши режалаштирилган. Шунингдек, Жанубий Кореянинг Пучон университети билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида Мактабгача таълим университетининг ташкил этилиши тизим фаолиятида кескин бурилиш ясаши кутилмоқда.
Ҳазрат Навоий кишининг чинакам инсонлиги унинг наслида эмас, балки яхши тарбия ва таълим олиши билан белгиланади, дея шундай таъриф этади:
Улча эрур тифлға шоиста иш,
Билки кичикликта эрур парвариш.
Қатраға чун тарбият этти садаф,
Эл бошиға чиққуча топти шараф.
Тифл – гўдак, бола. Демак, болани жуда кичиклик вақтидаёқ тарбия этиш лозим деб қаралади. Бола тарбияси ёшлигидан бўлар экан, у садаф ичида дурнинг етишиб чиқишига ўхшатилади.
Англаб турибмизки, таълим-тарбия давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида. Бу соҳага оид қабул қилинаётган фармон ва қарорлар, бошқа ҳужжатлар, бугун мамлакатимиз таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар яқин келажакда улкан мўъжизалар, ёрқин самаралар беришига ишонч уйғотади. Бу ишонч бизни янада фаолроқ бўлишга, виждонан ишлашга чорлайди.

Ораста ТОШЕВА,
Қарши шаҳри Мактабгача таълим бўлими мудираси.