УЛУҒ АЖДОДЛАРГА МУНОСИБ АВЛОД БЎЛИШ ИШТИЁҚИ

MG_4691 копия

6-9 апрель кунлари Самарқанд ВИЛОЯТИда бўлиб Ўтган «Биз – буюк ЮРТ фарзандларимиз!» фестивалида ана шу туйғу устуворлик касб этди

Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги муносабати билан “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда кенг жамоатчилик ва ёшлар билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, маданият ва санъат арбоблари, эстрада хонандалари, кино ва театр актёрлари, ёш олимлар, давлат мукофоти соҳиблари, шоир ва ёзувчилар, спортчилардан иборат тарғибот гуруҳи аъзолари иштирок этишди.

Таълим муассасалари, маҳаллий ҳокимликлар, ҳарбий қисм­лар, маданият ва истироҳат боғлари, аҳоли дам олиш масканлари, спорт майдонлари, маҳаллаларда уч кун давомида “Депутат ва ёшлар”, “Ҳоким ва ёшлар”, “Сиз севган қаҳрамонлар”, “Замонамиз қаҳрамонлари”, “Одам савдоси – давр муаммоси”, “Нуронийлар эъзозимизда”, “Биз соғ­лом турмуш тарзи тарафдоримиз!”, “Биз терроризм ва диний экстремизмга қаршимиз!”, “Виждонли сотувчи”, “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!”, “Ёшлар ўртасида эрта никоҳ ва унинг олдини олиш”, “Ватан тараққиётига менинг ҳиссам”, “Камолот кутубхонаси” каби лойиҳалар асосида маданий тадбирлар, учрашувлар, давра суҳбатлари ташкил этилди.

Жомбой туманидаги 10-болалар мусиқа ва санъат мактабида ташкил этилган “Сиз севган қаҳрамонлар” лойиҳаси доирасида ўқувчи-ёшлар таниқли шоир ва ёзувчилар, санъаткорлар билан учрашди. Уларнинг маҳорат сабоқлари, концерт дастурларидан баҳраманд бўлди.

– Истиқлол йилларида давлатимиз томонидан ёш авлодга яратиб берилган шарт-шароитлар,  имкониятларнинг чеки йўқ, – дейди тадбир иштирокчиси Ўзбекистон халқ артисти Элёр Носиров. – Бизнинг ёшлик давримизда бундай имкониятлар йўқ эди. Бугунги ёшларнинг шижоатини кўриб, уларга ҳавасим келди.

Булунғур педагогика ва спорт коллежи, 1-умумтаълим мактаби ҳамда 9-мусиқа ва санъат мактабида ўтказилган “Бу менинг Ватаним”, “Камолот” кутубхонаси” тадбирлари ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат, ўзи туғилиб ўсган юртдан ифтихор туйғуларини янада юксалтирди.

Тайлоқ тумани ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмда “Ўзбекистонга хизмат қиламан!” лойиҳаси доирасида ўтган тадбирда аскарларнинг кўргазмали чиқишлари ёшлар қалбида мардлик, юрт ҳимоясидек муқаддас бурчга садоқат, меҳр туйғуларини илҳомлантирган бўлса, Ургут иқтисодиёт, спорт ва хизмат кўрсатиш, агросаноат ва сервис касб-ҳунар коллежларида ўтказилган “Одам савдоси – давр муаммоси”, “Диний экстремизм ва терроризм – ёшлар келажагига таҳдид” лойиҳалари ўқувчиларнинг “оммавий маданият” ва бошқа турли иллатлар  ҳақидаги тасаввурларини янада бойитди, огоҳликка даъват этди.

Бундан ташқари, вилоятнинг Пайариқ туманидаги истироҳат боғида, Ургут тумани марказидаги амфитеатрида, Пахтачи туманидаги “Пахтакор” стадионида, Пастдарғом туманидаги “Ёшлар” истироҳат боғида “Мустақиллик фарзандлари” шиори остида футбол шоуси ва гала-концертлар ўтказилиб, мазкур тадбирларга минглаб ёшлар жалб этилди.

Буюк соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 680 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбирларда  “Темур тузуклари” яна бир бор зиёлилар томонидан мутолаа қилинди ва медиатўплам шаклида ёшларга тақдим қилинди. “Юлдузлар билан тарихга саёҳат” лойиҳасида юртимизнинг машҳур кишилари Самарқанднинг тарихий обидалари ҳақида ёшларга сўзлаб бердилар.

Фестивалнинг якуний қисми Самарқанд шаҳридаги “Динамо” стадионида “Мустақиллик фарзандлари” шиори остида пойтахтдан ташриф буюрган таниқли эстрада хонандалари, кино актёрлари ва “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши фаолларидан таркиб топган жамоалар иштирокидаги футбол шоуси билан бошланди.

– Мен шу юрт фарзанди эканлигимдан фахрланаман, бундай жаннатмонанд юртда туғилишнинг ўзи бир бахт, – дейди тадбир иштирокчиси Зулфия номидаги давлат мукофот соҳибаси, Жаҳон чемпиони Диёра Келдиёрова. – Муҳтарам Президентимиз томонидан биз ёшларга яратилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланишимиз лозим.

Фестиваль якунида Самарқанд шаҳридаги Регистон майдонида
“3D МИТИНГ ЛАЗЕР” шоуси намойиш этилиб, унда дунё тамаддунида ўчмас из қолдирган буюк аждодларимиз матонати ва жасорати, илм фан, маданият ва санъат ривожи йўлида амалга оширган эзгу ишлари кўрсатиб берилди.

“Биз – буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остида ўтган фестиваль самарқандлик ёшларнинг қувончига қувонч, ғайратига ғайрат қўшиб, улар қалбида истиқлол ғояларига, миллий қадриятларимизга ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлади. Ватан равнақи учун хизмат қиладиган фидойи ёшларни тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиши билан аҳамиятли бўлди.

Тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими З.Мирзаев сўзга чиқди.

Нуриддин БОЛИЕВ,

“Qishloq hayoti” мухбири.