Балиқчилик: Кичик ҳовузлар билан катта мақсадлар сари

Бухоро вилояти

Президентимизнинг 2017 йил 1 майдаги “Балиқчилик тармоғини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Бухоро вилояти “Бухоробалиқсаноат” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилди.

Айни кунгача жамиятнинг фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида “Ипотека банк” вилоят филиалининг 6,4 миллиард сўмлик кредити ва улуши, лойиҳа ташаббускорларининг жами 7 миллиард сўмлик маб­лағи ҳисобидан 90 гектарлик майдоннинг 70 гектарида сунъий ҳовуз ҳамда унинг ёнида замонавий технологик ускуналар билан жиҳозланган ишлаб чиқариш мажмуаси барпо этилди.
Вилоятда 240 та сунъий ва 14 та табиий усулда балиқ етиштиришга ихтисослашган тадбиркорлик субъектлари фаолият кўрсатади. Улар ихтиёридаги 1 минг 600 гектардан иборат сунъий ҳовуз ва 57,6 минг гектардан ортиқ табиий кўлларда балиқ парваришланмоқда. Жорий йилда мазкур субъектлар томонидан 8,6 минг тонна балиқ етиштириш кўзда тутилган. Улар орасида ташкил этилганига ҳали кўп вақт бўлмаган “Бухоробалиқсаноат” масъулияти чекланган жамияти алоҳида ўрин тутади. Соҳа мутахассислари жамиятнинг балиқ чавоқларини тайёрлашдан тортиб, уни парваришлаш, етиштирилган маҳсулотни саноат усулида қайта ишлаш ва сақлаш жараёнларини ўзида бирлаштирган яхлит тизимни кичик кластерга қиёслашмоқда.
Жорий йилнинг 16-17 февраль кунлари Президентимиз жойларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши ва ишлаб чиқилган лойиҳаларнинг амалга оширилиши жараёни билан танишиш мақсадида Бухоро вилоятига ташрифи давомида мазкур балиқчилик хўжалигида бўлиб, бу ердаги ишларни юқори баҳолади.
– Барча соҳада бўлгани каби балиқчиликда ҳам наслчилик ишларини тўғри йўлга қўйиш муҳим ўрин тутади, – дейди илмий маслаҳатчи Даврон Ниёзов. – Шу боис, ушбу масалага алоҳида эътибор қаратяпмиз. Инкубация цехимизда йилига 60 миллион дона чавоқ етиштирилади. Бу жараёндаги бироз эътиборсизлик ҳам балиқларнинг заифлашувига сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун чавоқлар парвариши, хона ҳарорати мўътадил бўлиши малакали мутахассисларимиз томонидан қатъий назоратга олинган.
Инкубациядан чиқарилган чавоқлар ёпиқ бинодаги кичик ҳовузларда вазни 1,5-2 граммга етгунча боқилиб, очиқ ҳавза ҳудудидаги ҳар қайсиси 1 гектарлик тўртта ҳовузда босқичма-босқич парваришланади. Уларнинг вазни 35-50 граммга етгач, махсус ҳовузда қишлайди. Баҳорда эса катта сувга қўйиб юборилади.
Яна бир муҳим жиҳати, маж­муада ёпиқ сув айланма тизими ҳам йўлга қўйилган. Унда қишда интенсив усулда мўл балиқ етиштирилади.
Корхонада маҳсулотни тозалаш, қисқа муддатга музлатиш ва 200 тонна сиғимга эга совуткичларда узоқ вақт сақлаш учун махсус цехлар ҳам фаолият кўрсатади. Шунингдек, бу ерда балиқни қайта ишлаш, яъни дудлаш технологияси ҳам мавжуд. Хуллас, маҳсулот бозорга музлатилган ва тайёр ҳолида чиқарилади. Инкубациядан чиқарилган 60 миллион чавоқнинг 48 миллиони шартнома асосида турдош хўжаликларга етказиб берилиши корхона учун қўшимча даромад манбаи ҳисобланади.
Албатта, сунъий ҳовуз маҳсулдорлиги озуқага ҳар жиҳатдан боғлиқ. Бу масала ечими ҳам пухта ўйланган. Корхона йиллик қуввати 2 минг тоннадан зиёд озуқа ишлаб чиқарадиган замонавий цехга эга. Бу ерда таркиби маккажўхори дони, протеин, турли витамин ва бошқа аралашмалар билан бойитилган озуқалар тайёрланади. Бундан ташқари, овланган балиқларни тозалашда ҳосил бўладиган чиқиндилар қайта ишланиб, улардан иккиламчи емиш тайёрланади.
– Баҳор балиқчилар учун ҳам масъулиятли давр, – дейди “Бухоробалиқсаноат” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Қаюм Саломов. – Кичик ҳовузларда сазан, оқ амур, оқ дўнгпешона, чипор дўнгпешона, Африка лаққаси каби балиқ чавоқларини парвариш қилишни бошлаймиз. Режага кўра, кузда 300 тоннага яқин балиқ овлаймиз.  Вьетнамлик ҳамкасбларимиз таклифига биноан жорий йилнинг февраль ойида Ханой шаҳрида бўлдим. Балиқ етиштиришда инновацион технологияларни қўллаган ҳолда катта ютуқларга эришаётган хорижликлар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга келишиб олдик. Истиқболда корхонамиз негизида қўшма корхона ташкил этмоқчимиз.
Ўтган йили воҳадаги барча тоифа хўжаликлар томонидан 4250 тонна ёки ҳар бир гектар сувли майдондан 17 килограммдан балиқ овланган. Албатта, бу миқдор аҳолининг балиқ ва балиқ маҳсулотларига бўлган талабини қондириш учун етарли эмас. Шу боис, самарадорликни ошириш учун илмий изланишлар ва амалий саъй-ҳаракатларни изчил давом эттириш лозим.

Ҳамроз АЛИ,
“Qishloq hayoti” мухбири.