Кенгашиб экилган экин қуримас

Қашқадарё вилояти

Воҳада деҳқон, фермер ва аҳоли томорқа хўжаликлари фаолиятини янада ривожлантириш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Бунда Президентимизнинг фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштиришга оид фармони муҳим дастуриламал бўляпти.

Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 28-30 январь кунлари вилоятга ташрифи давомида берган топшириқлари ва Чироқчи туманида кенгайтирилган тарзда ўтказилган мажлисдаги тавсия ва кўрсатмалари асосида олиб борилаётган ишлар ижобий самарасини беряпти. Топшириқларга мувофиқ, туманлардаги 4 та сектор раҳбарлари билан биргаликда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Хонадонлар кесимида ер майдонлари тўлиқ хатловдан ўтказилиб, сердаромад озиқ-овқат экинлари жойлаштирилмоқда. Уруғлик ва кўчатлар етказиб берилиб, 818 гектар майдонда енгил конструкцияли ихчам иссиқхоналар ташкил этилди.
Томорқадан самарасиз фойдаланиб келаётган 1169 нафар деҳқон ва томорқа ер эгаларига тегишли 92 гектар ер майдони рўйхатга олиниб, ҳар бир маҳалла, хонадонга томорқадан фойдаланиш назоратини олиб бориш учун ташкилот, корхона, ҚФЙ, МФЙлардан масъ­уллар бириктирилди. Шунингдек, мавжуд хонадонлар тасарруфидаги томорқа ерларидан самарали фойдаланиш бўйича вилоятнинг 4 та сектор раҳбарлари томонидан ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режаси тасдиқланиб, барча бўғиндаги ижрочиларга етказилди.
Томорқаларга экиладиган экинлар ҳисоб-китоб қилиниб, улар учун тегишли маблағ ажратилди. Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига Қарши шаҳридаги “Агроконтинент”, Қарши туманидаги “Насаф сара уруғ”, “Бек агро”, Тошкент шаҳридаги “Агровер” ва бош­қа экспортчи ташкилотлар, агрофирмалар бириктирилди. Жорий йилда вилоятда томорқаларда жами 778 минг тонна маҳсулот етиштирилиб, ундан 1 триллион сўмдан ортиқ даромад олиниши кўзда тутиляпти. Бу жараёнда Чироқчи туманида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши мутахассислари иштирокида ихчам иссиқхоналар қуриш, маҳаллаларда лимон кўчатчилиги ва ўсимлик­ларга биологик, агротехник хизмат кўрсатиш бўйича “Чироқчи тажрибаси” оммалаштирилди. Айни пайтда туманларда аҳоли томорқаларидаги жами 818,3 гектар майдонда 1-2 сотихли маҳаллий хомашё – теракдан ихчам иссиқхоналар қуриляпти. Бу кўп харажатни талаб қилмайди. Бир сотих ерда ана шундай иссиқхона қуриб, ишга тушириш учун атига 1 миллион сўм маблағ талаб этилади.
Бундан ташқари, аҳолининг таклифлари асосида жорий йил ҳосили учун қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш, шунингдек, уй шароитида чорва моллари, парранда, асалари боқишни йулга қўйиш, мевали дарахт­лардан юқори ҳосил олиш ва сотишнинг прогноз кўрсаткичлари тасдиқлаб олинди. Ушбу ишларни якунига етказиш бўйича қатъий назорат йўлга қўйилди. Жойларда “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига комплекс хизмат кўрсатиш” марказлари ташкил этилиб, улар зиммасига бир қатор вазифалар юкланди. Шартномалар тузиш, етиштирилган маҳсулотни сотиб олиш кафолатини таъминлаш, ишни мониторинг асосида олиб бориш, марказ қошида ҳосилни қуритиш ва қадоқлашни ташкил этиш, унинг харидини уюштириш, кўчатларни ўз вақтида етказиш шулар жумласидандир. Бундан ташқари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан ҳар ойда бир маротаба томорқадан фойдаланишнинг аҳволи муҳокама қилиб бориляпти. Маҳалла жамғармаси маблағлари ҳисобидан маҳаллалардаги ногирон, боқувчисини йўқотган оилаларнинг томорқасида ишлаш, экин экиш ҳамда маҳаллалардаги ишсиз фуқароларни жалб қилган ҳолда ички ариқ ва зовурларни қазиш, тозалаш ишлари ташкил этиляпти.
Сирасини айтганда, вилоятда ушбу йўналишда дадил қадамлар ташланмоқда. Бу эса, албатта, аҳоли фаровонлиги, янги иш ўринлари яратиш ва воҳанинг экспорт имкониятларини оширишга хизмат қилади.

Ҳусан ТЕМИРОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.