Томорқа: эътибор катта, самараю даромад ҳам шунга яраша бўлиши керак

3_surxon

Сурхондарё вилояти

Шеробод туманининг қай бир маҳалласида бўлманг, ким билан суҳбатлашманг, томорқадан унумли фойдаланишда улардан тажриба ўрганиш мумкинлигига ишонч ҳосил қиласиз. Тумандаги ҳар икки хонадоннинг бирида иссиқхона бор. Одамлар иссиқхонаю, томорқаларидаги очиқ майдонларда ҳалол меҳнат қилиб, фаровон ҳаёт кечиришмоқда.

Туманнинг Тароқли маҳалласида яшовчи Панжи Омонов омилкор деҳқон. Унинг томорқадан самарали фойдаланишдаги тажрибаси катта.
– Ҳар йили бодринг ва помидор ҳосилини йиғиштириб олгач, такрорий экин сифатида турп ва шолғом парваришлаймиз, – дейди у. – Маҳалламиз аҳли асосан деҳқончилик билан кун кечиришади. Мана, салкам 10 йилдирки, 8 сотихли томорқамиздаги иссиқхонадан йилига 10  миллион сўмдан даромад оламиз. Даромадимиз эвазига тўйлар қилдик, автомашина олдик.
Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Масалан, Хўжақия-1 маҳалласида яшовчи Олтибой Муҳаммадиев ўтган йили иссиқхонада етиштирган маҳсулотларидан 70 миллион сўм даромад олди. Бу мавсумдаги режаси ундан ҳам улкан.  Иссиқхонада турли хилдаги кўчатлар бир-бирига пайванд қилиниб етиштириляпти. Аслида кўчатчилик ҳам оиланинг яна бир қўшимча даромад манбаи. Ҳар қарич ердан унумли фойдаланиш, оқилона парвариш туфайли ниҳоллар гуркираб ўсяпти. Хуллас, оиланинг барча аъзолари, фарзандлар, набиралар ҳам шундай ишлар билан банд. Ўз фаолиятларидан, топаётган даромадларидан мамнун.
Ана шундай фикрларни Денов тумани мисолида ҳам келтириш мумкин.  Тумандаги Тасмасой маҳалласи аҳолиси ҳар қарич ерни олтинга тенг билади. Нормамат Норқобилов оиласи 35 сотихли томорқасининг 20 сотихли иссиқхонасида лимон, 15 сотихида эса 80 турдаги гул кўчатларини парваришлайди.
– Биз етиштираётган гул кўчатларини республикамизнинг барча вилоят­ларидан келиб, олиб кетишади, – дейди у. – Ҳалол меҳнатимиз ортидан тотли ҳаёт кечиряпмиз. Томорқамизда илгарилари сабзавот ва кўкатлар етиштирилган бўлса, эндиликда уларнинг ўрнини  гуллар эгаллаган.
Даромадга яраша буромад деганларидек, оиланинг  бюджети йилдан-йилга мустаҳкамланиб бор­япти. Ҳисоб-китобларга қараганда йилига камида 15-20 миллион сўмдан соф фойда қилиняпти.
Қизириқ тумани деҳқонлари ҳам эл-юрт фаровонлиги, дастурхонларимиз тўкин-сочинлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшиб келишмоқда. Тумандаги Қишлоқ азон маҳалласида 878 та хонадон мавжуд бўлиб, уларда 5 минг 606 нафар фуқаро истиқомат қилади. Аҳоли томорқаларининг 15 гектарида пиёз, 18 гектарида картошка ва 5 гектардан ортиқ ерда карам ҳамда турли хил кўкатлар экилган. Бу ерда 50 дан ортиқ иссиқхона ҳам барпо этилган бўлиб, уларда асосан помидор, бодринг, бақлажон ҳамда булғор қалампирининг эртапишар нав­лари етиштирилмоқда.
– Маҳалламиз аҳолиси асосан деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланади, – дейди МФЙ раиси Жовли Тўхтаев. – Шахсий томорқа майдони 133 гектарни ташкил этади. Ўтган йили биргина маҳалламизнинг ўзидан қарийб 500 минг тоннага яқин пиёз маҳсулоти бозорларга етказиб берилди. Аҳоли илгарилари пиёзни уруғидан сепиб экарди. Эндиликда деҳқонларимиз ердан оқилона фойдаланиш мақсадида август ойининг 5 санасидан 20 санасигача уруғни сепиб, октябрь ойларига бориб кўчат қилиб экишяпти. Кейинги йилнинг апрель ойи бошларида тайёр бўлган маҳсулотларини  йиғиштириб олиб, изидан қовун-тарвуз экиб, августнинг ўрталарида уни ҳам сотиб, изидан кўчат етиштирмоқда. Шу тариқа бир йилда томорқалардан 3 мартагача даромад олиняпти. Бу йил ҳар бир хонадонда 5 сотихдан 15 сотихгача майдонга картошка экилган. Фуқароларимиз давлат ишида ишлаш баробарида ердан ана шу усулда қўшимча даромад олиб келишмоқда. Бу йил қишлоғимиздаги 50 дан зиёд хонадонда тўйлар бўлди, 30 дан ортиқ хонадонга янги автомашиналар келди.
– Иссиқхонамизда 14 туп лимон экилган, – дейди Эгамберди Ҳақназаров. – Йилига 350-400 килограммгача ҳосил оламиз. Бундан ташқари, 25 сотих очиқ майдонга пиёз экканмиз. Ундан йилига 25 миллион сўмгача даромад оламиз. Томорқада ишлашнинг тарбиявий аҳамияти катта. Фарзандларимиз меҳнатга меҳр қўяди, уқувли бўлиб вояга етади. Оиладаги фаровонлик ниманинг ҳисобидан келаётганлигини кўриб, билиб тургани боис, меҳнат билан топилган неъматнинг қадрига етадиган инсонлар бўлиб улғаяди.
Термиз туманидаги Намуна маҳалласи аҳлининг кўкат етиштириш бўйича малакаларини наинки юртимизда, бошқа мамлакатларда ҳам  яхши билишади. Чунки улар етиштирган маҳсулотлар экспорт қилинади. Маҳалла ҳудудидаги “Gold Agro Frish” агрофирмасининг 20 гектарлик замонавий иссиқхонасидан йилига 300 миллион АҚШ долларилик маҳсулот экспорт қилинади. Унда укроп, пиёз, карам, брокколи ва петрушка парваришланади ва бу маҳсулотлар тўлиқ экспорт қилинади. Агрофирма йирик қайта ишлаш мажмуасига эга. Етиштирилган маҳсулотлар аввал сараланиб, тезкор музлатилади. Лекин улар сифатини йўқотмайди. Ўтган йили минг тоннадан ортиқ маҳсулот экспорт қилинди. Иссиқхонанинг кўчатчилик бўлими 5 гектардан иборат. Уруғни ундириб олиш, парваришлаш мутахассислардан катта масъулиятни талаб этади. Кўчат қанчалик соғлом бўлса, ҳосилдорлик шунча юқори бўлиши ўз-ўзидан маълум. Бу ерда йилига 60 миллион дона кўчат етиштирилади ва унинг барчаси агрофирма далаларига, иссиқхоналарга экилади.
– Деҳқон ва шахсий  томорқа хўжаликлари вилоят ялпи қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг 68,1 фоизини етказиб бермоқда, – дейди вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Шерпўлат Бойқулов. – Айни кезда соҳага қаратилаётган эътибор ҳар қачонгидан-да катта. Шундай экан, эндиликда томорқанинг самарадорлигию, даромади ҳам шунга яраша бўлиши керак.

Дилфуза ЖЎРАЕВА,
“Qishloq hayoti” мухбири.