Етказганингга шукур

u8709f228606m

Қўшни хонадондан чиққан бир коса сумалакни кўриб, Рўзимбой отанинг дили энтикиб кетди. Қалбини шукроналик туйғуси эгаллади:
– Шукур, сумалакка ҳам етдик.
Сумалакли косага ширинлик тўлдириб қайтаришди.Удуми шунақа.
Рўзимбой ота сумалакка жимжилоғини ботириб ялади.Ширин бўлибди. Хаёли узоқ узоқларга олиб қочди. Уруш йиллари ҳовлисида пишган сумалак ёдига тушди.
…Онаси қўни-қўшни, маҳалла-кўй билан сумалак пиширган эди. Йўқчилик пайт­лар. Бир кафт ун ҳисобда. Шундай бўлса-да, Наврўз шукронаси сифатида сумалак пиширишган эди. Туни билан катта гужумнинг тагида сумалак пишириб, ухламасдан ўтириб чиқишган эди. Тонгга яқин сумалак тайёр бўлди. Рўзимбой сумалакка ўтин ташиб чарчаганди. Аммо ўша кеча ухламади.
Эрталаб онаси қўни-қўшнию қариндош-уруғларга сумалак тарқатди. Кимга бир пиёла, кимга ярим… Уларнинг ҳам оғзи тегсин деган-да.
Қишлоқ четидаги Қорадош­ли кўли этагида ғарибона кулбада саксон ёшдан ошган, ўғли урушга кетиб, кампири билан ёлғиз яшаётган Аҳмад бобога Рўзимбой сумалак олиб борди.
Йўл узоқ эди. Рўзимбой тушга яқин етиб борди. Аҳмад бобонинг кампири сумалак идишига иккита тухум солиб юборди…
Кейин Наврўз бўлди. Қишлоқ бозорининг орқа томонидаги катта бир яланг­ликка ҳамма сайилга чиқди. Дор ўйинлари, масхарабозу бахшиларнинг чиқишлари, полвонларнинг курашлари, қолаверса, қўчқор уриштириш каби томошалар бўлди. Рўзимбойнинг ҳамон ёдида ўша манзаралар… Мадамин дорбознинг баланд дор қуриб, ўзини арғимчоққа ташлаб ўйнаганлари, Раҳим ва Матёқуб масхарабозларнинг оғзидан олов чиқариб кўрсатган томошалари…
Қишлоқнинг кайвони онахонлари катта қозонда сумалак пиширган эди. Буғдойни ёши улуғ момолар кўкартирган, аёллар, ёш келинчаклар кўкарган буғдойни тозалаб, келида туйиб, тайёрлашган эди. Йигитлар ўтин ёриб берганди. Тонггача гармонда қўшиқ айтиб, ўйин-кулги қилишганди.
Эрталаб сумалак тайёр бўлгач, қозоннинг қопқоғи очилганди. Аввало, қишлоқнинг энг ёши улуғ отахонига сумалак тортиқ қилинган. У сумалакдан татиб кўргач, ҳаммага тенг тақсимланганди.
Буларнинг барчасида кўп ҳикмат бор-да, ўйлади у. Қаранг, анъаналаримиз қандай ажойиб.
…Вақт – оқар дарё. Бугун унинг ўзи Аҳмад бобонинг ёшида. Бир этак невараю чевараси бор. Рўзимбой ота Қурбонбоев Қўшкўпир туманидаги Ғозовот қишлоғида истиқомат қилади. Узоқ йиллар қишлоқдаги 30-умумтаълим мактабида ёш авлодга математикадан сабоқ берди. Бобо ҳали ҳам бардам. Меҳнатдан қочмайди.
Сумалакнинг тотли таъми ва баҳорнинг хуш насимлари бобони бир зум болаликка қайтарган эди.
Бобо дастурхонга дуо ўқиб, ўрнидан турар экан, танида ёшлик шижоатини туйди:
– Баҳорга етказганингга, неъматингга етказганингга шукур!

Болтабой МАТҚУРБОНОВ