КЎНГИЛЛАРНИНГ КЎРКИСАН, БАҲОР

flowers2

Баҳор! Кўнгилларга олам-олам қувонч улашиб, баҳор келди. Бодомлар гуллади. Табиат бағрида илиқ насимлар эса бошлади. Бутун борлиқ аста-секин жонланиб, уйғониш тараддудига тушди. Қушлар парвозга чоғланди. Баҳорни кутиб орзиққан кўнгиллар Наврўзга талпинмоқда. Қалблар ажиб наволарга тўлиб, туйғулар баҳорнинг хуш бўйлари билан ифорланади. Шу топда баҳор ва шодлик куйчиси Ҳамид Олимжоннинг мафтункор мисралари хаёлдан ўтади:
Деразамнинг олдида бир туп,
Ўрик оппоқ бўлиб гуллади.
Новдаларни безаб ғунчалар,
Тонгда айтди ҳаёт отини.
Ва шаббода қурғур илк саҳар,
Олиб кетди гулнинг тотини.
Баҳор!
Сен бебаҳою бетакрорсан. Қалблар найсонингда қушлар каби яйрайди. Булбулларинг ёниб сайрайди.
Самоларда турналарнинг овози. Сою жилғаларда баҳор навоси. Болажонлар бағрида бойчечаклар. Севиниб, қувониб югуриб бораётган, болажон, сенинг гўзал баҳорингдир бу. Бола қалбида доимо баҳор яшайди, дерлар. Ўзинг бойчечагимсан,  ўзинг гулчечагимсан.
Баҳорнинг бағрида чексиз гўзаллик товланади. Мадҳ этайин дейсизу, сўз тополмайсиз. Остонадан осмонгача  шодликка, нафис яшилликка бурканди. Баҳор гуллар бағридами?.. Ёки гуллар баҳор қучоғидами?! Қалдирғочдан сўранг буни. Лолаларга талпинган оламни кўринг. Камалакнинг етти рангида  етти иқлим мўъжизаси жам.
Деҳқон даласида баҳор нафаси. Майсаларда ноннинг иси. Шабнамда қуёш акси… Уларда бободеҳқон ниятлари барқ уради.
Баҳор. Далаларда меҳнат қўшиқлари жаранглайди. Кетмонида қуёш товланади деҳқоннинг. Нуронийлар нурли дуолар қилмоқда. Табиатнинг юраги, борлиғи кундан-кун қуёшланмоқда. Баҳор, сен ҳарир нурлар ичра ҳур келинчаксан.
Қадамингга дурлар ёғилсин. Сен келишинг билан кўркам юртимиз янада гўзалликка бурканди. Уйғониш,  яшариш, қут-барака  фасли бўлиб, хуш келдинг, гўзал баҳор!

Дилфуза ЖЎРАЕВА