Тут эккан минг йил маржон теради

956ffcd8de09387ac21f8630c7ba7e5c

Тут дарахти серҳосил бўлиб, меваси витаминларга бой. У кўпгина касалликларда даволовчи  сифатида бошқа мевалардан ажралиб туради. Ҳатто дарахт новдаси, барглари, пўстлоғи, илдизининг ҳам фойдали жиҳатлари мавжуд.

Абу Али ибн Сино “Тиб қонунлари” китобида мазкур мева инсон саломатлиги учун фойдали эканлиги, истеъмол қилишнинг тартиб ва қоидалари ҳақида айтиб ўтади. Хусусан, тут меваси иммун тизимини мустаҳкамлаб, организмнинг ҳар хил юқумли касалликларга қарши ҳимоясини кучайтиради. Буқоқ, қалқонсимон без касалликларида тавсия этилади. Терига барвақт ажин тушишдан сақлайди, кўриш қобилиятини яхшилайди. Мевани икки хил ҳолатда истеъмол қилиш мумкин. Янги пишиб етилганда ёки қуритилган (тут майизи)да. Шунингдек, бу мевадан мураббо, жем ва шарбатлар ҳам тайёрланади.
Ичак хасталиклари билан оғриган, қандли диабет, қон босими юқори бўлган инсонларга меъёридан ортиқ тут истеъмол қилиш тавсия этилмайди. Чунки бу касалликнинг янада авж олишига сабаб бўлади. Тут баргининг қайнатмаси ангина ва бошқа шамоллаш касалликларида иситмани туширувчи, чанқоқ қолдирувчи восита ҳамдир. Қон босими ва қон айланиш тизимини меъёрига келтириш учун эса мазкур дарахтнинг илдизи қайнатмасидан ичиш тавсия қилинади. Пўстлоғидан фойдали малҳам тайёрлаб, йирингли яраларга, терининг куйиши ва жароҳатида, ҳуснбузарга қарши восита сифатида ишлатиш яхши самара беради.
Тут кўчатини экиб, парвариш қилган инсон фойда кўрса кўрадики, асло зарар қилмайди. Ёзнинг жазирама кунларида дарахтнинг сояси салқинлик бериб, танларга ором бахш этади. Катта-катта япалоқ барглари пилла етиштиришда ягона озуқа ҳисобланади. Унинг қайнатмасидан ҳосил бўлган ранг ип, матоларга табиий ранг  беришда, кулолчиликда эса ҳар хил сопол буюмларни жилолашда асқотади. Танаси мебелсозлик, турли чолғу асбоблар, ёзув қоғозлари ҳамда бош­қа керакли ашёлар тайёрлашда қўл келади.
Тут дарахти парвариш қилинса, бир неча йилдан сўнг яхши даромад беради. Бу дарахт тез ўсувчан, қурғоқчилик ва совуққа чидамли, кўп йилликдир.
Тут ноёб хусусиятларга эга дарахт. Уни экиб, кўпайтириш унчалик кўп меҳнат талаб этмайди. Шундай экан, айни дарахт экиш мавсумида тутни ҳам назардан қочирмайлик. Яна донишманд халқимизнинг  бир нақли бор: тут эккан минг йил маржон теради.

Дилором КОМИЛЖОНОВА