Энг яхши китоб менинг фарзандимга

3_kitob

Навоий вилояти

Ишга кетаётиб, бир нуроний онахон билан суҳбатлашиб қолдим. Онахон бугунги ёшлар, уларнинг юриш-туриши, муомаласи ва одоби ҳақида сўзлаб, барчаси оиладаги тарбияга боғлиқ эканлигини куйиниб гапирди. Шу аснода ёшлигини, ўзининг болалик йилларини эслади.

Бўш вақтини қандай ўтказгани, нималар билан банд бўлгани, энг муҳими, оғир кунларда ҳам шам ёруғида китоб мутолааси билан машғул бўлганини ёдга олди. Суҳбат чоғида ота-она учун фарзанд тарбия­сидан-да муҳим масала йўқ эканлигини янада  теран ҳис этдим.
Китоб дўконига йўлим тушиб, муҳташам бинонинг ичкариси томон одимлайман. Қандай янги китоблар бор экан, кимларнинг китоби расталарни тўлдириб турибди, дея қизиқаман. Маънавият маскани  – китоблар оламига кирар эканман, фарзандларим учун энг яхши адабиётларни излайман. Қизиқарли, ватанпарварлик, мардлик, яхшиликка чорловчи китоб­ларни топишга ҳаракат қиламан.
Биз ҳамиша озиқ-овқат ёки буюм бозорига кирар эканмиз, болаларимиз учун энг яхши маҳсулот ва кийимларни харид қилишни истаймиз. Чунки фарзандимиз энг сарасини кийиши ва ейиши керак-да. Аммо китоб дўконида бу каби қизғин савдони ҳар доим ҳам учратавермайсиз. Шунда хаёлимдан “Энг яхши китоб менинг фарзандимга” номли китоб­лар акциясини ўтказиш керакмикан, деган ўй кечади.
Бугун қайси ота-она фарзандига китоб ўқиб, эртак сўзлаб бер­япти. Болалар онгига китобнинг, бадиий адабиётнинг сеҳрли таъсирини сингдир­япти. Эътибор қаратадиган бўлсак, бу тоифа вакиллари жуда камчиликни ташкил этади, назаримизда. Ахир ўзимиз оналаримиздан, момоларимиздан эртак ва маталлар эшитиб катта бўлганимизни унутмайлик. Энг муҳими, ўша эртаклар ҳали-ҳануз бизни эзгуликка чорлаб туради.
Китоб ва китобхонлик масаласи давлат даражасига кўтарилгани ҳам бежизга эмас. Қизиқ, бугун интернетга вақт сарфлаётган, қўл телефонида турли ўйинлар билан банд бўлган кичкинтойларнинг хаёлида нималар ҳукмрон экан? Уларни назорат қилишни унутиб қўймаяпмизми?
Келажагимиз, эртамиз эгалари, ҳаётимиз давомчилари бўлмиш фарзандларимизнинг тақдирига бефарқ бўлишга асло ҳаққимиз йўқ. Биз дунё тан олган аждодларнинг авлодимиз, фарзандларимиз эса мустақил юртимизнинг ворислари, мустаҳкам қалқонларидир. Шундай экан, тарбия масаласида янглишмайлик. Уларни яхшиликка етак­лайлик – китобга ошно этайлик.

Отабек АСЛОНОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.