Жом – жадал ўзгаришлар оғушида

jom

Самарқанд вилояти

Бу йилги кўклам Жомга ҳар йилгидан бошқача кириб келди. Қўйни-қўнжини тўлдириб, қутлуғ қадамлар ила ташриф буюрди. Уни соғиниб кутган қиру адирлар, дашту далалар қучоғини очиб қарши олди. Ёшу қари айланайин кўкламой, қадамларингга кўз тегмасин, дея шоду хуррамлик билан унга пешвоз чиқди.

Ҳа, бугун одамларнинг кайфияти баланд. Кулиб турган очиқ чеҳраларда, самимий гурунгларда ҳаётдан мамнунлик ўз ифодасини топган. Кўзлар қувончу шодликдан порламоқда. Негаки, баҳоройнинг хуш насимларига ҳамоҳанг қишлоқда улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари бошлаб юборилди. Одамларни рози қилиш, уларга муносиб турмуш шароитлари яратиш йўлида дадил қадамлар ташланди. Бугун бу ерда яшаётган ўттиз мингга яқин аҳолининг қай бири билан суҳбатлашманг, ушбу эзгу ишлардан беҳад мамнун эканлигини сезасиз.
Самарқанд вилоятининг Нуробод туманидаги Жом қишлоғида Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган янги тизим – “Обод қишлоқ” дастури бўйича кенг қамровли ишлар бошланди. Дастлаб вилоят ҳокимлигининг ишчи гуруҳи томонидан мазкур ҳудуд батафсил ўрганилди. Аҳоли билан учрашувлар ўтказилиб, одамларнинг дарди, уларни қийнаб келаётган муаммолар таҳлил қилинди ва шу асосида тегишли дастур ҳамда лойиҳалар ишлаб чиқилди. Дас­турга кўра, қишлоқнинг Жом ва Гирдиқўрғон маҳаллаларида замонавий маҳалла маркази, “Нуронийлар маскани”, чойхона, иккита мактабгача таълим муассасаси қурилади. Шунингдек, ҳудуддаги маданият ва аҳоли дам олиш маркази атрофида замонавий истироҳат боғи, хотира майдони, ёзги амфитеатр, музей ва бошқа иншоотлар ҳам бунёд этилади. Катта йўл ёқасидаги Жом бозори ҳам бугунги кун талаблари доирасида реконструкция қилиниб, замонавий қиёфа касб этади. Бозорда сотувчилар учун ҳам, харидорлар учун ҳам қулайликлар яратилади, бетартиб савдо-сотиққа чек қўйилади. Бундан ташқари, қиш­лоқдаги касб-ҳунар коллежи ва умумтаълим мактаблари, тиббиёт муассасалари ҳам таъмирланади. Қолаверса, салкам 5,5 километр йўлга асфальт ётқизилади, ички йўлларга қум-шағал тўкилиб, текисланади. Ҳозирда йўл қурилиши корхоналари томонидан зарур техника воситалари ва ишчи кучи жалб этилиб, бу борадаги ишлар бошлаб юборилди.
Аҳолини электр энергияси, суюлтирилган газ ва тоза ичимлик суви билан сифатли таъминлаш бўйича ҳам аниқ чора-тадбирлар асосида муайян ишлар амалга оширилиши белгиланган. Жумладан, иккита артезиан қудуғи қазилиб, сув миноралари ўрнатилади. Мавжуд сув тармоқлари таъмирланиб, янги қувурлар тортилади. Эскириб, яроқсиз ҳолга келган симёғочлар янгисига алмаштирилади. Янги тармоқлар тортилиб, замонавий, кичик трансформаторлар ўрнатилади. Шунингдек, ҳудуддаги барча хонадонлар газ баллонлари билан таъминланади. Ҳозирда газ баллонларини ўз вақтида тўлдириб келиш учун тегишли транспорт воситаси ажратилган бўлиб, ундан самарали фойдаланилаётир.
Дарҳақиқат, бугун одамларнинг қувончи чексиз. Қишлоқдаги ўзгаришларга ҳамоҳанг уларнинг кўнглида ҳам ободлик, яратувчанлик ҳисси жўш урмоқда. Бугун ўз хонадони, жонажон қишлоғи ободлиги, кўркамлиги йўлида каттаю кичик оёққа турган. Аҳиллигу иноқликда қишлоқни обод масканга айлантиришга астойдил бел боғлаган.
– Қишлоғимизда рўй бераётган ўзгаришлардан одамларимизнинг боши осмонга етмоқда, – дейди “Жом” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Гулмурод Бойчаев. – Ҳақиқатан ҳам ҳазилакам ишлар бўлмаяпти қишлоғимизда. Тасаввур қилиб кўринг-а, неча йиллардан буён табиий газ-ку, у ёқда турсин, тоза ичимлик сувига ёлчимаган, тунларини чироқ ёнишини кутиб ўтказган одамларимиз онгу-шуурида нималар кечмоқда? Транспорт воситалари тугул, одамлар яёв юришга қийналадиган ўйдим-чуқур йўлларда лой кечиб юрган одамларнинг кўнглида кечаётган кечинмалар-чи?..
Ҳа, бугун жомликларнинг орзулари ушалмоқда. Тўйларида, машҳур кўпкари-ю, курашларида айтилган эзгу тилаклари ижобат бўлмоқда. Бу эса уларни янги-­янги марралар сари руҳлантириши табиий, албатта!

Раимқул СУЯРОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.