Секторлар фаолияти: Элга наво, дардларга дармон бахш этиб…

Сурхондарё вилояти

Президентимизнинг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида ҳудудий секторлар ташкил этилган. Сектор раҳбарлари томонидан устувор вазифалар ижроси борасида амалга оширилаётган ишларнинг ҳақиқий аҳволини ўрганиш мақсадида вилоят ҳокимининг фармойиши билан “Жамоатчилик назорати” гуруҳи ташкил этилди.

“Жамоатчилик назорати” учта гуруҳдан иборат бўлиб, унга вилоят хотин-қизлар қўмитаси, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фао­лиятини мувофиқлаштириш кенгаши, ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ва “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими жалб этилган.
Ишчи гуруҳи вилоятнинг Қумқўрғон, Шўрчи, Олтинсой, Денов, Бойсун, Термиз ва бошқа туманлардаги тоғли ҳамда чекка маҳаллалар, Термиз шаҳридаги уй-жой мулк­дорлари ширкатлари, ижтимоий соҳа объектларида бўлиб, олиб борилаётган ишлар кўлами билан танишди. Бу жараёнда аниқланган қатор камчилик­ларни жойида бартараф этиш чоралари кўрилди.
Жумладан, Шўрчи туманидаги “Қораариқ” маҳалла фуқаролар йиғинининг биноси йўқлиги, ҚВП филиали ҳам вақтинча ҳудуддаги 39-мактабнинг спорт залида фаолият юритиб келаётгани аниқланди. Бу масала юзасидан тегишли чоралар кўрилди. Вилоят ҳокимининг тегишли йиғилиш баённомаси билан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси,  “Ягона буюртмачи хизмати” компанияси Шўрчи тумани ҳокимлиги билан биргаликда тиббиёт таянч пункти ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини учун жорий йилнинг 1 июль кунига қадар биноларни қуриб битказиш вазифаси юклатилди. Шунингдек, маҳалланинг 270 нафар ўқувчиси 12 километр узоқликдаги Шўрчи агросаноат касб-ҳунар коллежига пиё­да қатнаб ўқишарди. Бу масала ҳам сектор раҳбари  ташаббуси билан ҳал этилиб, жорий йилнинг 1 февралидан вақтбай усулда автобус қатнови йўлга қўйилди.
– Шундай шароитлар яратиб бераётган давлатимиздан миннатдормиз, – дейди меҳнат фахрийси Муҳаммади бобо Бўтаев. – Айниқса, қиш фаслида сектор раҳбари ва “Жамоат­чилик назорати” ишчи гуруҳ аъзолари биздек кексаларнинг ҳолидан хабар олиб, маънавий ва моддий кўмак бераётгани кўнглимни тоғдек кўтарди. Турмуш ўртоғим руҳий касалликка чалинган. Шу боис, мен ҳеч қаерда ишламай, уни парваришлаб келяпман. Бошқа қаровчимиз йўқ. Лойсувоқ уйда яшаб келаётгандик. Ҳозир бизга уч хонали уйга пойдевор ташланиб, пишиқ ғиштдан уй қуриб беришяпти. Бундай ғамхўрлик ва эътибордан мамнунмиз.
Урганишлар натижасида Олтинсой туманида аниқланган муаммолар ҳам жойида бартараф этилди. Кам таъминланган ва ногирони бор оилаларга 40 қоп ун, 50 литр ёғ, 250 та газ баллони, 1 та газ плита, 10 та ногиронлик аравачаси, 2 та эшитиш мосламаси, 3 та қўлтиқтаёқ берилди. Шунингдек, “Ипоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи I-гуруҳ ногирони Отабек Эшонқуловга телевизор совға қилинди.

– Фарзандим I-гуруҳ ногирони. Унинг паспортининг амал қилиш муддати ўтгани боис алмаштиришга қийналиб тургандик, – дейди меҳнат фахрийси Ўрол бобо Тошбоев. – Сектор раҳбари ва ишчи гуруҳ ташаббуси билан бу муаммомиз жойида ҳал этилди. Вилоят ИИБ ХЧКФР бошқармаси ходимлари кўчма дастгоҳи билан келиб уни расмга тушириб кетди.
Олтинсой туманидаги М.Пардаев кўчаси 21-уйда яшовчи Навбаҳор Холмуродова қирқ ёшга ҳам кирмай турмуш ўртоғидан ажралди. Икки нафар фарзанди билан ёлғиз қолди. Ўзи меҳнатга лаёқатсиз. Фарзандлари эса мактаб ёшида. Сектор раҳбари ва ишчи гуруҳ аъзолари Навбаҳорнинг ҳолидан хабар олганда, уйида электр ҳисоблагичи йўқлиги аниқланди. Туман электр тармоқлари корхонаси ташаббуси билан бу хонадонга электрон ҳисоблагич ўрнатилди. Фарзандларига қишки кийим-­кечак олиб берилди.
Қумқўрғон туманининг Имомтепа маҳалласида яшовчи Х.Кембоева 61 ёшда. Биринчи даражали серроз касаллиги билан оғриган. 4 нафар қизи турмушга чиқиб кетган. Туман тиббиёт бирлашмасида бемор чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, бепул даволанишга ётқизилди.
– “Жамоатчилик назорати” ишчи гуруҳи ёрдами билан туман марказий шифохонасида 10 кун даволаниб чиқдим, – дейди Хосият Кембоева. – Маҳалла раиси ва қўни-қўшниларим барака топишсин. Уйга келсам, кўрпа-ёстиқларимни янгилаб, мен учун шароит яратиб қўйишибди. Меҳр-оқибат, эътибордан бошим осмонга етди.
Термиз туманидаги 4 сектор фао­лиятини ўрганиш натижасига кўра, истеъмолчиларни узлуксиз электр энергияси ва ичимлик суви билан таъминлаш, газ баллонлари етказиб бериш, йўл қурилиши борасида бир қатор муаммолар борлиги аниқланди ҳамда уларнинг ечими топилди. “Шарқ”, “Дўстлик”, “Учқилзил” каби маҳаллаларда трансформатор пункти янгидан барпо этилди. 3 та трансформатор пункти реконструкция қилиниб, қуввати оширилди. 8 дона ёғоч таянчлар янги бетон таянчларга алмаштирилди.
– Турмуш ўртоғим 1998 йилда вафот этган, 3 ўғил, 1 қизни икки хонали уйда тарбиялаб, вояга етказяпман, – дейди Матлуба Пиримова. – Имкониятимиз йўқлигидан ҳатто уйнинг кадастр ҳужжатларини ҳам расмийлаштиролмай турган эдик. Болаларим ҳали вояга етмаган. Ўзим  ёлланиб, меҳнат қилиб рўзғоримизни тебратиб келяпман. Ишчи гуруҳ аъзолари келишиб, яшаш шароитимиз билан танишди. Фарзандларимизга қишки кийимлар совға қилишди. Уйнинг кадастр ҳужжатини тўғрилаб беришди. Энди хонадонимизни тўлиқ таъмирлаб, эшик-ромларни ҳам янгисига алмаштиришмоқда. Бу ғамхўрлик менинг ҳаётга қизиқишимни, эртанги кунга ишончимни оширди.
Мамлакатимизда эҳтиёжманд оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор, ёшу кексани бирдек қувонтирмоқда. Ишчи гуруҳ аъзолари шу кунга қадар 3 мингдан ортиқ эҳтиёжманд хонадонда бўлиб, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатди. Озиқ-овқат маҳсулотлари, қишки кийим-кечаклар берилди. Кам таъминланган оилалар хонадонлари ҳомийлик маблағлари асосида таъмирланди. Вилоятнинг чекка қиш­лоқларидаги 500 га яқин ногирон, кекса ҳамда кам таъминланган оилалар вакиллари патронаж тиббий кўригидан ўтказилди. Уларнинг 35 нафарига туман тиббиёт бирлашмаларида, 6 нафарига вилоят шифохоналарида, 3 нафарига респуб­лика клиникаларида даволаниш учун йўлланма берилди. Таълим муассасаларида ҳам айни қиш мавсумида йўл қўйилган камчиликлар бартараф этилди.
Тадбир доирасида ишчи гуруҳ томонидан оилалардаги ажримлар ҳолати ўрганилиб, ўнлаб ёш оилалар сектор раҳбари, жамоатчилик вакиллари кўмагида яраштирилди.

Дилфуза ЖЎРАЕВА,
“Qishloq hayoti” мухбири.