Бунда тарих сўзлайди

1_bukhara

Бухоро вилояти

Президентимиз вилоятга ташрифи чоғида ҳам Бухоро шаҳри ўзининг бетакрор тарихий обидалари, осори-атиқалари,  асрлар оша давом этиб келаётган миллий ҳунармандчилик анъаналари билан юртимиз туристик жозибадорлигини оширишда улкан салоҳиятга эга эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Воҳада туризмни ривожлантириш концепцияси доирасида амалга оширилаётган ишлар ва соҳага оид дастурлар билан танишиб, аниқ кўрсатмалар берди. Жумладан, бир қатор тарихий обидалар, маданий – мерос объектларини таъмирдан чиқариш, ободонлаштириш борасидаги таклифлари, шубҳасиз, яқин келажакда музейлар фаолиятининг тубдан яхшиланишига таъсир кўрсатади.
Бухоро давлат бадиий-меъморчилик музей-қўриқхонасининг 2018 йилга мўлжалланган иш режасида сайёҳлар ташрифини кўпайтириш, маҳалла ва таълим муассасаларида Бухоро тарихшунослигининг турли йўналишлари бўйича суҳбат ва бошқа тадбирларни мунтазам ўтказиш кўзда тутилган. Шу билан бирга, вилоят марказидан узоқ бўлган ҳудудларда музей-қўриқхонанинг кўчма кўргазмаларини ташкил этиш, сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида электрон чипта сотиб олишни йўлга қўйиш, корхоналар ходимларининг саёҳатларини уюштириш, оммавий музейларда янги инновацион технологияларни жорий қилиш, аудио-гид хизматларидан фойдаланиш каби вазифалар ҳам белгиланган.
Ушбу музей-қўриқхона тасарруфидаги 17 та филиал кўргазмаларида экспонатлар намойишга қўйилган. Ҳар бир кўргазма маълум бир ихтисос­ликни ўз ичига қамраб олган.  Масалан, “Арк” ўлкашунослик музейи Бухоро воҳасининг тарихи, унинг археологик ўрганилиши, архитектураси, табиати ва этнографияси ҳамда тангашунослиги ҳақида маълумот берса, “Ситораи Моҳи Хосса” музейида халқ амалий безак санъати, сарой жиҳозлари ва уй-рўзғор буюмлари, бухороликларнинг ўзига хос миллий либослари, шунингдек, ноёб каштачилик буюмлари, амалий санъат асарлари намойиш этилади.

“Қадимги Пойкент тарихи” ва “Варахша шаҳарчаси тарихи” музейлари кўргазмаларидан воҳанинг қадимий шаҳарлари ва Бухоро Сўғди ҳудудида илк ўрта асрларда маданият гуллаб-яшнаганидан сўзловчи қимматли топилмалар ва ашёлар ўрин олган. “Бухоро сув таъминоти тарихи” музейида эса воҳанинг суғориш тармоқлари, сардобалар, ҳовузлар, ҳаммомлар ва сув идишлари жой эгаллаган. Шунингдек, музейларда Бухорода ҳуқуқ ва қонунчилик, темирчилик ҳунари тарихи, ёғоч ўймакорлиги ҳамда хаттотлик санъ­атини  ўз экспонатлари орқали сўзлаб берувчи кўргазмалар ҳам мавжуд.
Сир эмаски, Бухоро қадимдан азиз авлиёлар, буюк мутафаккирлар юрти ҳисобланади.  Тиб илмининг султони, буюк  қомусий олим Абу Али ибн Сино, ҳадисшунос имом Исмоил ал-Бухорий, “Нақшбандия” тариқати  асосчиси Баҳоуддин Нақшбанд, давлат арбоби ва ёзувчи Абдурауф Фитрат каби ватандошларимизнинг бой маънавий мероси, ибратли ҳаёт йўли маҳаллий ва хорижий сайёҳларга тарғиб қилиш мақсадида Бухоро шаҳрида ҳамда алломалар туғилган жойларда ихтисослашган музейлар ташкил этилган.
Шуни таъкидлаш ўринлики, қадим шаҳарнинг ҳали ўрганилмаган қирралари кўп. Масалан, воҳадаги 200 дан ортиқ қадимий шаҳарлар қолдиқлари маданий мерос объекти ҳисобланиб, уларда маҳаллий ва хорижий археологлар томонидан навбатма-навбат қазишма ишлари олиб борилмоқда. Вардонзе, Варахша, Пойкент, Учкулоҳ, Сеталак каби ўнлаб қадимий шаҳарчалар харобалари археологик ўрганилиб, топилган ашёлар музей-қўриқхона тасарруфидаги кўргазмалардан ўрин олмоқда. Шундай экспонатлардан бири – Варахшадан топилган “Роҳибнинг тақвоси” номли маҳобатли деворий сурат “Тарих” илмий бўлими кўргазмасига келаётган ҳар бир сайёҳда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Ҳозирги кунда Россия давлат Эрмитажи ва Франциянинг Лувр музейи археологлари Ўзбекистон Фанлар академияси Археология институти мутахассислари ҳамда музей-қўриқхона ходимлари билан ҳамкорликда қадимий Пойкент харобаларида қазишма ишлари олиб боришмоқда. Шу ернинг ўзида ташкил этилган археологлар базасида топилган ашёлар музей-қўриқхонанинг таъмирловчилари томонидан дастлабки ишлов – концервация ва реставрация қилинади. 2017 йилда жами 158 та археологик экспонат фондларга қабул қилинди.
Халқаро муносабатларда Хитой Халқ Республикасининг Шанси провинцияси “Сиань Ғарбий бозори” музейи  ҳамда Бухоро шаҳри билан биродарлашган Лоянь провинция­сининг Лоянь музейлари алоҳида ўрин тутади. Ўтган йили “Сиань Ғарбий бозори” музейи томонидан ташкил этилган илмий анжуманда музей-қўриқхона ўзининг замонавий ҳунармандчилик  кўргазмаси билан иштирок этди. Бухорода ҳам Лоянь музейининг кўргазмасини ташкил этиш кўзда тутилган.
Музей-қўриқхонада маҳаллий ва хорижий сайёҳларга кўрсатилаётган сервис хизматининг яхшиланиши натижасида улар оқими йилдан йилга кўпаймоқда. Масалан, 2016 йилда музей-қўриқхона тасарруфидаги музейларни 493 мингдан ортиқ сайёҳ томоша қилган бўлса, 2017 йилда бу рақам 626 минг кишига ортди. Сайёҳларга ўзбек, рус, тожик, инглиз, француз, немис, хитой ва араб тилларида экскурсиялар ташкил этилади. Бунинг учун 24 нафар олий маълумотли гид хизмат кўрсатади.     Сайёҳлар оқимини кўпайтириш, янги кўргазмаларга томошабинларни жалб этиш мақсадида ҳар йили Тошкент шаҳрида ўтказиладиган Халқаро ярмаркаларда музей-қўриқхона ўзининг реклама  ва тарқатма маҳсулотлари билан иштирок этади. 2017 йилда респуб­ликамиздаги 65 мингта туристик фирма билан ҳамкорлик тўғрисида шартномалар имзоланди ва   музейларга 118  нафардан зиёд  хорижий сайёҳ жалб қилинди.
Маълумки, Ўзбекистон Респуб­ликаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат музейларининг болалар  ва уларнинг ота-оналарига очиқлигини таъминлаш тўғрисида”ги қарорига асосан 18 ёшгача бўлган болалар ва уларнинг ҳамроҳлари республикамиздаги барча давлат музейларини сешанба ва жума кунлари бепул томоша қилиш имкониятига эга бўлди. Музейларда сақланаётган ноёб ашёлар, халқимизнинг бой тарихи, археологияси, урф-одатлари, ҳунармандчилиги, савдо-сотиқ ишлари, амалий ва тасвирий санъ­ати, шубҳасиз, келажагимиз эгалари бўлган ёш авлоднинг комил инсон сифатида камол топишида муҳим ўрин тутади. Ўтган йилда 148 минг нафардан зиёд бола шундай имкониятдан фойдаланди.
Музей-қўриқхона фаолиятини тарғиб этиш мақсадида 3-D форматдаги “Виртуал музей” дастури асосида интернет сайтларида маълумотлар, тадбир ва кўргазмаларнинг ахборотлари бериб борилади. Маҳаллий ва марказий оммавий ахборот воситаларида, шунингдек, интернет сайтларида музей қўриқхона илмий ходимлари томонидан  ранг-баранг мавзуларда мақолалар чоп этилади.

Абдурашид ЗИКРИЛЛОЕВ,
Бухоро давлат бадиий-меъморчилик музей-қўриқхонаси директори.