Ҳиндистон делегацияси Сирдарёда

1_02

Сирдарё вилояти

Ҳиндистон – дунёда тиббиёт ривожи, фармацевтика саноати бўйича энг олди ўринларда турадиган давлатлардан бири. Ушбу мамлакатда ишлаб чиқариладиган дори-дармонлар жаҳоннинг кўплаб мамлакатларига экспорт қилинади.

Президентимиз ташаббуси билан республикамизда Ҳиндистон давлати билан ҳамкорликда замонавий дори-дармон ишлаб чиқарувчи корхоналар фао­лияти йўлга қўйилмоқда. Шунингдек, бир гуруҳ ҳиндистонлик шифокорларлар мамлакатимизга келиб, маҳаллий  соҳа ходимларига амалий машғулотлар, маҳорат дарслари ўтмоқда. Ҳамкорликда мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилмоқда. Сирасини айтганда, икки давлат ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланиб бормоқда.
Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Винод Кумар бошчилигида фармацевтика, кимё саноати, шунингдек, бир қатор дори-дармон ишлаб чиқариш компанияларининг раҳбарларидан ташкил топган Ҳиндистон давлати делегацияси аъзолари Сирдарё туманига ташриф буюрди.
Иштирокчиларга “Сирдарё фарм” иқтисодий зонасининг истиқболлари,  ҳудудда барпо этиладиган замонавий фармацевтика корхоналарининг “йўл хариталари” ҳақида тушунчалар берилди. Мулоқот ва янги лойиҳалар билан танишув асносида дори-дармон ишлаб чиқаришга ихтисослашган Ҳиндистон-Сирдарё қўшма корхоналари қуриш бўйича ўзаро келишувларга эришилди.
Тадбирда вилоят ҳокими Ғ.Мирзаев иштирок этди.

Бозорбой БЕКМУРОДОВ,
  “Qishloq hayoti” мухбири.