Шижоати ёшларга хос нуронийлар

Навоий вилояти

Навоий шаҳрида “Кексалар ва фахрийлар масалалари бўйича энг намунали маслаҳатчи” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими ва бошқа бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда танловнинг туман ва шаҳар босқичларида ғолиб бўлган 10 нафар маслаҳатчи ўзаро беллашди.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда нуронийларнинг бой ҳаётий тажрибасидан унумли фойдаланиш ва уларни ёш авлод вакилларини халқимизнинг кўп асрлик анъаналарига ҳурмат руҳида тарбиялаш ишларига кўмаклашишга кенг жалб этиш борасида муҳим ишлар амалга оширилмоқда.
– Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида жамоатчилик тартибида фуқаролар йиғини раисининг ўринбосари – кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчи лавозими жорий этилди, – дейди вилоят “Нуроний” жамғармаси раиси Жалил Норов. – Бугунги кунда улар фаолиятга оид зарур бўлган ҳужжатларни ишлаб чиқиш, давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасида самарали фаолият олиб бормоқда. Биз уларнинг ҳаётий тажрибаларига суяниб, кўп нарсага эришмоқдамиз.
Танловда маслаҳатчилар кучли фуқаролик жамиятини барпо этишда маҳалла инс­титутининг тутган ўрнини намойиш этувчи тақдимот, маъмурий-ҳуқуқий ҳужжатлардан тўлақонли хабардорлик ва ўз фаолиятининг ҳисоботлари каби шартлар бўйича маҳоратларини намоён этишди.
Танлов якунига кўра, биринчи ўрин Қизилтепа тумани “Узилишкент” МФЙнинг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчиси Сафоқул Хўжаевга насиб этди. Иккинчи ўринга эса Навоий шаҳридаги “Дўстлик” МФЙдан иштирок этган Бобоқул Шайматов, учинчи ўринга Хатирчи туманидаги “Жалойир” МФЙ вакили Бекмурод Аслонов лойиқ кўрилди.
Якунда ғолибларга ташкилотчилар томонидан дип­лом ва эсдалик совғалар топширилди.

Отабек АСЛОНОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.