Экспортчи корхоналар: Калаванинг бир учи Европада

3_xorazm

Хоразм вилояти

Хонқа туманидаги “Сilasun Таshкеnt” қўшма корхонаси йилига 2000 тонна пахта толасини қайта ишлаб, ип-калава ишлаб чиқариш қувватига эга. Корхонада 80 нафарга яқин киши меҳнат қилади.

Ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг асосий қисми Россия, Беларусь, Польша давлатларига экспорт қилинмоқда. 2016 йилдан буён Минск шаҳрида корхонанинг “Ўзбек-Беларусь” савдо уйи фаолият кўрсатмоқда.
– 2017 йилда қарийб 664 тонна ип-калава ишлаб чиқарилди, – дейди қўшма  корхона раҳбари Юсуфжон Содиқов. – Шундан 468 тоннаси экспорт қилинди. Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича тақдим этилган имтиёз­лар фаолиятимизни янада кенгайтириш, замонавий технологиялар билан таъминланишимиз ҳамда янги иш ўринлари яратишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мазкур корхонада жорий йилнинг ўтган даврида 200 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот экспорти амалга оширилди. Корхона “2017-2019 йилларда модернизация қилиш бўйича инвестицион лойиҳаларнинг манзилли дастури”га киритилган. Ҳозирда хориждан келтирилиши режалаштирилган замонавий дастгоҳларни жойлаштириш учун зарур бўлган қурилиш ишлари тўлиқ якунига етказилди. Янги лойиҳа асосида корхонанинг ишлаб, чиқариш қуввати 2 баробарга ортади, шунингдек, яна 50 та янги иш ўрни яратилади.
– “Сilasun Таshкеnt” корхонаси илғор тадбиркорлик субъектларидан бири саналади, – дейди Хонқа тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Сарварбек Ниязов. – Корхона мутасаддилари тадбиркорларни солиққа оид меъёрий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти билан кенг таништириш мақсадида ташкил этилаётган учрашувлар, очиқ мулоқотлар ҳамда давра суҳбатларида мунтазам иштирок этиб келади. Бунинг натижасида корхонада ишлаб чиқариш ҳажми кенгайиб, маҳсулотлар экспорти ортмоқда. Янги иш ўринлари яратилмоқда.
– Унумли меҳнат қилишимиз учун барча шароитлар яратилган, – дейди ишчи Шаҳноза Мирзаева. – Ҳар биримиз махсус кийим билан таъминланганмиз. Ишчи-хизматчилар учун транспорт ҳамда тиббий хизмат кўрсатиш ҳам йўлга қўйилган.

Болтабой МАТҚУРБОНОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.