Энди даъво истаб, довон ошиш шарт эмас

4_naman

НАМАНГАН вилояти

ҳиндистонлик ҳамда беларуслик бир гуруҳ малакали шифокорлар Наманганда аҳолини  тиббий кўрикдан ўтказди.

Ҳиндистоннинг “FORTIS” клиникаси малакали мутахасислари Наманганда водий вилоятлари аҳолисини уч кун давомида кардиожарроҳлик, ортопедия-нейрожарроҳлик ва нефрология-урология йўналишлари бўйича тиббий кўрикдан ўтказди.

Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига ташриф буюрган “FORTIS” клиникаси ортопед-нейрожарроҳи Дивеш Гулати шу жойнинг ўзида бемор болаларни кўрикдан ўтказди.
– 10 ёшли қизим Муштарийни малакали мутахассислар  кўригидан ўтказиб чиқяпман, худо хоҳласа, дилбандимнинг тезда соғайиб кетишига ишонаман – дейди фарғоналик  Сайёра Рашидова.
Ражу Вияс ҳам Ҳиндис­тоннинг таниқли шифокорларидан бири. Кардиожарроҳ вилоят  кардиология марказида юрак хасталикларидан азият чекаётган беморларни қабул қилди.
– Саккиз йилдан бери Ҳиндистонга бориб, кардиологлар кўригидан ўтишнинг иложини топа олмаётган эдим, – дейди наманганлик Жаҳонгир Султонов. – Бугун уларнинг ўзлари келиб мушкулимни осон қилди.  “FORTIS” клиникаси етакчи мутахассиси Ражу Вияс  хасталигимга оид текширув маълумотномаларини синчковлик билан ўрганиб,  қимматли  тавсияларини берди. Шу хайрли иш ташкилотчиларига ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази поликлиникасида ҳам кенг қамровли тиббий кўрик ўтказилди. Буйрак хасталигидан озор чекаётган Муҳаррам Жўраевани ҳам мутахассислар текширувдан ўтказишди. Тиббий хулоса натижаларига кўра бемор шу куни касалхонага ётқизилиб, муолажа бошлаб юборилди.
Шунингдек, Беларуснинг Гродно давлат тиббиёт университети юқумли касаллик­лар кафедраси профессори, тиббиёт фанлари доктори, Беларусь Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби Владимир Циркунов ҳам Наманган вилоятида бўлди. Таниқли шифокор-олим дастлаб вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига ташриф буюрди. Профессор Владимир Циркунов тиббиёт марказининг гастроэнтерология ва анестезиология-реанимация бўлимларига ётқизилган беморлар билан суҳбатлашди. Уларни даволаш жараёнлари билан танишиб, соғломлаштириш ишларини янада жадаллаштиришга оид тавсияларини берди.
Ташриф давомида  беларуслик таниқли  шифокор  гепатологиянинг  долзарб муаммоларига бағишланган илмий-амалий конференцияда қатнашди.

Равшанбек МИРЗАОЛИМОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.