Кокос пўстлоғида пишган помидор

1_01

Тошкент вилояти

Вилоят маркази – Нурафшондан пойтахти азим – Тошкентга кетар экансиз, Йўнғичқали ҳудудида ажойиб иссиқхонага кўзингиз тушади. Ушбу иссиқхона нафақат Ўрта Чирчиқ тумани, балки мамлакатимиз иқтисодиётига ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўшмоқда. “Farovon hayot kaliti” ва “Samarali savdo niyat” масъулияти чекланган жамиятлари томонидан бу ерда етиштирилаётган маҳсулотлар маҳаллий бозорларимизни таъминлаш билан бир қаторда экспорт ҳам қилинмоқда.

Иссиқхонани агроном Икер Фиаллегас Паласиос ҳамроҳлигида кезар эканмиз, бу ердаги яшиллик ва илиқ ҳаво ҳарорати гўёки баҳор келиб, барчани экин-тикин экишга чорлаётгандек туюлади. Икер Фиаллегас Паласиос Испанияда туғилган ва бугунги кунда Ўрта Чирчиқ туманида меҳнат қилмоқда, халқимиз дастурхонини нозу неъматлар билан таъминлашга ўз ҳиссасини қўшмоқда.
– Икки гектардан зиёд майдонда иссиқхона барпо этганмиз, – дейди у. – Иссиқхона фаолиятини йўлга қўйиш баробарида 22 кишини доимий иш ва етарлича маош билан таъминлаганмиз. Халқингизнинг меҳнатсеварлиги ва меҳмондўстлиги, тўғриси, ҳайратимга сабаб бўлди. Иссиқхонага турли юмушлар билан ҳар хил харидорлар, бизнес ҳамкорлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари ташриф буюради. Ҳамиша қўли кўксида бўлган бундай ҳамкасбларим борлигидан, улар билан бир масканда меҳнат қилаётганимдан ғоятда хурсандман.
Иссиқхонада помидорлар “кокопит”, яъни кокоснинг майдаланган пўстлоғи билан тўлдирилган махсус қутиларда парваришланмоқда. Мазкур махсус қутилар Шри Ланканинг “Coco Green” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган.
– Помидорлар  гидропоника усулида етиштириляпти, – дейди агроном ёрдамчиси Шавкат Ниёзов. – Бунда ўсимлик фақат сув ёрдамида озиқлантирилади. Яъни барча зарур микроэлементлар ва ўғитларни сув орқали қабул қилади. Ушбу методда помидорлар томчилатиб суғорилади. Октябрда илк кўчатларни ўтқазганмиз. Декабрда биринчи ҳосилни халқимиз дастурхонига етказдик. Ҳозир кунига 1-2 тонна атрофида ҳосил йиғиштир­япмиз.

Отабек ИСРОИЛОВ