Тўғри танланган нав

Close up of Ripe cotton bolls on branch

пахта ҳосилдорлигини оширишда муҳим жиҳатлардан биридир

Мутахассисларнинг маълумотига кўра, ҳеч қандай қўшимча харажатларсиз, фақатгина ҳудуднинг тупроқ ва иқлим шароитига мос навларни танлаш, сифатли уруғни экиш орқали ҳосилдорликни 10-20 фоизга ошириш мумкин.

Шу боис, юртимизда серҳосил, тезпишар, муҳитга мослашувчан, турли касаллик ва зараркунандаларга чидамли, энг муҳими, толаси сифатли ғўза навларини амалиётга жорий этиш ишлари изчил амалга оширилмоқда. Пахта етиштириш борасида режалаштирилаётган тадбирларда ҳам ушбу тамойил акс этиб турибди.
Жорий йилда мамлакатимизда ғўзанинг 15 та тезпишар, 5 та ўртапишар, 8 та истиқболли навини экиш кўзда тутилган. Бу чигит экилиши режалаштирилган умумий майдоннинг 55 фоизини тезпишар, 30 фоизини ўртапишар, 6,5 фоизини истиқболли навлар ва 8,5 фоизини янги навлар қамраб олади, деганидир. Навлар муҳит ўзгаришига мослашувчан, жумладан, нам етишмовчилигига, шўрга чидамли ва агрофоннинг яхшиланишига улуш қўша олиши лозим.
Пахта бозорида толаси сифати билан ажралиб турадиган ва ҳосилдорлиги юқори бўлган “Султон” навининг йилдан-йилга экин майдони кўпайиб бораётир. Бу унинг муҳит ўзгаришига мослашувчанлиги юқорилигидан далолат беради. Жорий йилда Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент ва Сирдарё вилоятларида ушбу нав­ни 20-50 фоиз майдонларга экиш мўлжалланаётир.
Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари пахтакорлари ғўза экиладиган 60-70 фоиз майдонга “Андижон-35”, “Андижон-36”, “Андижон-37”, “Наманган-77”, “С-6524” каби юқори ҳосилли навларни экишни режалаштирганлар.
Бухоро, Қашқадарё ва Навоий вилоятларида эса кўп йиллардан буён синовдан ўтган, иссиқсевар, юқори ҳосилли, толаси харидоргир “Бухоро-6”, “Бухоро-8”, “Бухоро-102” ҳамда “Наманган-77” навлари экиб келинмоқда. Жорий йилда об-ҳаво шароитига қараб, ушбу ҳудудларда пахта етиштириладиган майдонларнинг 10-15 фоизига тезпишар навлар ҳам экилади.
Пахта бозорида толаси сифати билан ажралиб турган, IV тип тола берувчи “С-6524” ғўза навининг харидорлари кўпайиб бораётганлиги инобатга олиниб, ушбу нав Жиззах, Наманган, Сирдарё, Тошкент, Фарғона вилоятларининг пахта етиштириладиган 15-35 фоиз майдонларига экилиши мўлжалланмоқда. Шунингдек, Жиззах, Сирдарё, Навоий вилоятлари пахтакорлари шўрга чидамли, тезпишар “Ан-Боёвут-2” навини пахта майдонларининг 15-40 фоизига экади. Бу ушбу ҳудудлар тупроқ-иқлим шароитида ҳам мўл ҳосил етиштириш имконини беради.
Хоразм вилоятида эса кўп йиллардан буён экиб келинаётган “Хоразм-127” ва “Меҳнат” навлари қаторида истиқболли навлардан ҳисобланган “Хоразм-150” билан бир қаторда “Султон”, “Омад” ва “С-8294” каби навларни экиш мўлжалланмоқда.
Шунингдек, қатор ҳудудларда янги “Порлоқ-1”, “Порлоқ-4” навларини экиш ҳам кўзда тутилган.
Умуман олганда, юқори ҳосилли, эртапишар, касаллик ва зараркунандаларга бардошли навларни яратишда ҳар бир ҳудуднинг иқлим ва тупроқ шароити ҳисобга олинаётгани, уларни жойлаштиришда ушбу хусусият устуворлик касб этаётгани пахтачиликни янада ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга.
Уруғлик чигитни саралаш энг муҳим технологик тадбирлардан бири ҳисобланади. Кузатишлардан, тажрибалардан маълумки, чигит сараланиб, ўз вақтида экилса, ҳосилдорлик 2,5-3 центнерга ошади.
Уруғлик чигитни экиш меъёрига қаратилган эътибор натижасида эса тежамкорлик ва иқтисодий самарага эришилади. Дейлик, яхши сараланган, туксизлантирилган чигит аниқ уяларга экилганда, тукли чигит экишга нисбатан меъёр 2-3 мартага камаяди. Қолаверса,  ягана қилиш қисқаради.
Сирасини айтганда, ғўзанинг ҳудуд шароитига мос навларини тўғри танлаб жойлаштириш, оби-тобида экиш мўл ҳосилга қўйиладиган пухта заминдир.

Ренат НАЗАРОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалик ходими, профессор.
Фатхулла ТЕШАЕВ,
қишлоқ хўжалик фанлари доктори.