Гидропоника иссиқхоналари

бунда ресурс тежалади, ҳосилдорлик ортади

Вилоятнинг қатор туманларида хорижий инвестицияларни жалб қилган ҳолда  гидропоника усулида иссиқхоналар қурилиб, ишга туширилмоқда. Бунда қишлоқ хўжалиги экинлари тупроқсиз, махсус жиҳозланган шароитда сувда эритилган озиқа моддалари ёрдамида етиштирилади.

Ўсимлик учун зарур бўлган барча мўътадил омиллар, жумладан, ҳаво ҳарорати, намлик, иссиқлик, ёруғлик, карбонат ангидрид, тоза сув, макро ва микро элементлар билан таъминлаш сунъий равишда вужудга келтирилади. Натижада ўсимликда фотосинтез жараёни фаоллашади ва кўплаб органик моддалар тўпланиб, жадал ўсиб-ривожланиши ва мўл ҳосил бериши таъминланади.
Оддий усулда етиштирилаётган помидор кўчатларидан 2,5-3 килограммдан ҳосил олинса, гидропоника усулида ҳосилдорлик 10-12 килограмм­гача етади.
Умуман, иссиқхонада помидор кўчатлари уч ой ичида пишиб етилиб, 7-8 ой давомида узлуксиз ҳосил беради. Бу ерда тупроқ ва гўнгдан умуман фойдаланилмайди. Шунга қарамай, ўсимликларнинг сув ва минерал озиқа моддаларга бўлган талаби ўз вақтида таъминланади. Оддий иссиқхоналарга нисбатан сув 60-70, иссиқлик эса 25-30 фоизгача тежалади.
Сабзавот экинларининг пишиб етилиши 20-30 кунга қисқариб, ҳосил олиш даври 50-60 кунга узаяди. Экинларнинг ҳосилдорлиги оддий иссиқхоналардагига нисбатан 2-2,5 баробар кўп бўлади.
Ана шундай иссиқхоналардан бири Янгиариқ туманидаги “Асқаров Норимон”  фермер хўжалиги негизида хорижий технология асосида қуриб битказилди. Умумий экин майдони бир гектар бўлган иссиқхона фермернинг ўз маблағи ҳамда банкнинг 2,7 миллиард сўм кредити ҳисобига барпо этилди. Ҳадемай иссиқхона ишга туширилиб, помидор кўчатлари ўтқазилади. Натижада 15 та иш ўрни яратилади.
– Бу янгилик фермерларимизни қизиқтириб қўйди, – дей­ди туман ҳокими Махсудбек Саидов. – Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш мақсадида Таган қиш­лоғида “Ўздонмаҳсулот” АЖ ҳамда Россиянинг “Нива” корхонаси ҳамкорлигида 20 гектар ерда гидропоника усулида замонавий иссиқхона ташкил қилиш ва 300 та янги иш ўрни яратилиши белгиланган. Шунингдек, Гулланбоғ қишлоғида “Саёт автомобилчи” МЧЖ томонидан “Нива” корхонасининг 1 миллион 100 минг АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри инвес­тициялари ҳисобига 2 гектар ерда ана шундай иссиқхона ташкил қилиш ва 24 та янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган бўлиб, ушбу лойиҳалар жорий йилнинг декабрь ойигача ишга туширилади.

Болтабой МАТҚУРБОНОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.