Уруғликдан кўнгил хотиржам

«Тошкент минтақавий пахта терминали» тизимидаги ихтисослашган цехларда сифатли уруғлик чигит тайёрланмоқда

Бўка пахта тозалаш корхонасига қарашли “Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллиги” уруғлик чигитни дорилаш цехида тумандаги “Саркор” фермер хўжалиги раҳбари, тажрибали пахтакор Шерали Ражабовни учратиб қолдик. Унинг кайфияти баланд эди.

– Ҳақиқий деҳқон учун қиш ҳам қизғин иш фаслидир, – дейди у. – Илиқ об-ҳаво шароитидан самарали фойдаланиб, ерларимизни баҳорги экишга тайёрлаб қўйдик. Техникаларимиз ҳам мавсумга шай. Сув ўзанларини тозалаб, далага етарлича маҳаллий ўғит чиқардик. Энди, гарчи ҳали бироз эрта бўлса-да, хаёлимизни уруғлик чигит банд этяпти. Негаки, фермер хўжалигимиз уруғлик пахта етиштиришга ихтисослашган. Ҳосилимиздан олинган чигит мазкур цехда турли касалликларга қарши дориланяпти. Шунга иш жараёни билан танишиб, кўнглим хотиржам тортиб қайтаяпман.
Фермернинг уруғлик билан астойдил қизиқаётганлигида катта маъно бор. Шерали бу ҳақда гапира туриб, кўнгил хотиржамлиги ҳақида бекорга сўз очмади. Деҳқон қачон хотиржам бўлади? Қачонки, таъминловчи, хизмат кўрсатувчи ва тайёрловчи корхоналар фаолиятидан қониқса. Бу бор ҳақиқат. Ўтган йили Бўка туманидаги уруғчиликка ихтисослашган 51 та фермер хўжалигида ҳар доимгидан мўл ҳосил етиштирилди. Кузда улардан “С-6524” нави бўйича 1148, “Султон” нави бўйича эса 494 тонна сара хомашё қабул қилиб олинди. Эътиборли жиҳати, ҳеч қайси фермер хўжалигида ғўза униб чиққанидан ҳосил пишиб етилгунга қадар бирорта ҳам жиддий касалликка чалингани йўқ. Натижада фермерлар зараркунандаларга қарши курашишда кимёвий усуллардан халос бўлдилар. Ушбу мақсадлар учун сарфланадиган маб­лағ иқтисод қилиб қолинди.
– Бунда ҳар йили вилоят бўйича тайёрланаётган уруғлик чигитга бир йўла 4-5 хил касалликка қарши ишлов берилаётганлиги муҳим омил бўлмоқда, – дейди “Тошкент минтақавий пахта терминали” пахта хомашёси ва уруғлик чигит тайёрлаш бўлими бош мутахассиси Мурод Солихўжаев. – Ихтисослашган цехларимизда бунинг учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган бўлиб, тайёрланаётган уруғлик чигит белгиланган талабларга жавоб беради.
Бу йўналишда “Ўзбекистон мус­тақиллигининг 25 йиллиги” цехида ҳам катта тажриба тўпланган. Амалга оширилаётган ишларни кўздан кечириб, юқоридаги фикрлар ҳар жиҳатдан асосланганлигига гувоҳ бўлдик. Ёш мутахассис Санжар Баҳромов бошқараётган мазкур жамоа бу йил Бекобод, Бўка ва Пискент туманлари фермерларига экиш учун 1100 тонна чигитни дорилаб беришни зиммаларига олган. Иш кечаю кундуз ташкил этилган. Фаолиятнинг бундай узлуксиз йўлга қўйилиши натижасида белгиланган режа бажарилиш арафасида. Барча жараён малакали мутахассислар назорати остида, цех ҳузуридаги замонавий лаборатория таҳлиллари асосида амалга оширилмоқда. Замонавий технология асосида бир кеча-кундузда 45 тоннагача уруғлик чигит касалликларга қарши дориланмоқда. Ушбу ишларга 50 нафарга яқин ишчи-хизматчилар жалб этилган. Сарвар Деҳқонов, Умид Шодиев, Ёдгор Зиёдовлар, айниқса, фаолликни таъминлашда намуна кўрсатишяпти. Бундай қизғин иш жараёнига Ботир Носиров раҳбарлик қилаётган “Тошкент сара уруғ” МЧЖ цехларида ҳам гувоҳ бўлдик. Бу ерга Германиянинг “Пектус” компанияси технологиялари ўрнатилган. Жамоа жорий йилда вилоятнинг 3 та туманига 5 та нав бўйича 1200 тонна уруғлик чигит тайёрлаб беришни режалаштирган. Ишга 50 нафардан зиёд малакали хизматчиларнинг жалб этилганлиги муддатидан аввал белгиланган режани адо этиш имконини бермоқда. Умуман, бу йил вилоятда 8 та нав бўйича 6480 тонна уруғлик чигитни тозалаш, саралаш, туксизлантириш ва дорилаш режаси белгиланган бўлиб, ўтган даврда ушбу ишлар барча корхоналарда муваффақиятли амалга оширилди. Ихтисослашган цехларда талаб этиладиган 5 минг тонна уруғ дориланиб, 1700 тоннаси туксизлантирилди. Мазкур ишларга вилоят бўйича 250 нафардан зиёд ишчи жалб этилгани ҳолда, бугунги кунда режалаштирилаётган уруғлик чигит захираси тўлиқ тайёрлаб қўйил­ди. Эътиборлиси, бу йил бошқа минтақалар, хусусан, Фарғона вилояти билан уруғлик айирбошланди. Малакали мутахассислар ва тажрибали фермерларнинг таъкидлашларича, сара уруғ алмашиш мўл ҳосил гарови ҳисобланади. Шу кунларда тайёрланган ва қадоқланган уруғлик чигитлар тегишли идоралар томонидан сертификатлаштирилмоқда. Энди улар фермерлар далаларига яқин махсус шохобчалар омборларига жўнатилади ва экиш мавсумига қадар тиним даврини ўташга қўйилади.

Иброҳим ТОШЕВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.