Лойиҳадан амалиётга кўчаётган саноат

3_01

Жиззах вилоятида ҳудуд имкониятларидан унумли фойдаланиб, янги ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этишга алоҳида эътибор қаратилаётир

Хусусан, Бахмал туманида қоплама тош, мармар, оҳактош, Ғаллаорол туманида цемент, воллостанит, мармар, Шароф Рашидов туманида мармар, силикат, абразив, корунд, Фориш туманида цемент каби муҳим саноатбоп материаллар хомашёсининг йирик захиралари мавжуд. Ўтган йил мобайнида ана шу хомашёларни қазиб олиб, уларни қайта ишлаш борасида салмоқли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш борасида муҳим қадамлар ташланди.

Бир неча ўнлаб қурилиш материаллари ишлаб чиқарадиган йирик корхоналар ишга туширилди ва яна яқин келажакда нафақат мамлакатимиз, балки хорижга ҳам рақобатбардош  маҳсулотлар экспорт қилинишини таъминлайдиган йирик ҳаётбахш лойиҳалар амалиётига киришилди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, вилоятда пахта хом­ашёсини қайта ишлаш борасида ҳам муҳим ишлар амалга ошириляпти. Бугунги кунда ҳудудда етиштирилаётган пахтанинг 40 фоизи шу ернинг ўзидаги 5 та саноат корхонаси томонидан калава ипга айлантириляпти.
2020 йилга келиб эса вилоятда тайёрланган пахта хомашёси тўлиқ шу ернинг ўзида калава ипга айлантирилиши режалаштирилган. Бу ипнинг 85 фоизидан тайёр мато ва газлама олишга эришиш кўзда тутиляпти. Жорий йилда вилоятда ишлаб чиқарилган газлама ва матонинг 36,1 фоизидан тайёр кийим-­кечак олинади. 2020 йилга бориб бу кўрсаткич 58 фоизни ташкил этади.
Соҳа ривожида Ўзбекис­тон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 31 майдаги “Жиззах вилоятида ишлаб чиқариш тармоқларини ривожлантиришни тубдан жадаллаштириш, тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантиришнинг янги ёндашувлари ва методларини синаб кўришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур қарор бўйича 2017-2018 йилларда турли соҳаларда қиймати 3 триллион 549 миллиард сўмлик 3 минг 48 та лойиҳани амалга ошириш белгиланган. Шулардан 21 таси енгил саноат йўналишидаги йирик лойиҳалардир.
Пахтакор туманида “Пахтакортекс” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги Ўзбекистон – Швейцария қўшма корхонаси ана шулар жумласига киради. Калава ип тайёрлашга ихтисослашган корхона қурилиши 2017 йилнинг июнь ойида бошланди. Жорий йилнинг тўртинчи чорагида фойдаланишга топширилиши кўзда тутилаётган мазкур объектда 380 та янги иш ўрни яратилади.
– Корхонага Германия, Япония ва Туркияда тайёрланган энг замонавий ускуна ва дастгоҳлар ўрнатилади, – дейди корхона муҳандиси Қаҳрамон Каримов. – Шу маънода, ишлаб чиқарган маҳсулотларимизнинг асосий қисмини хорижга экспорт қилишни мўлжаллаяпмиз. Айт­ганча, ушбу қурилишга 130 нафар ишчи ҳамда ўнта юқори самарали техника жалб этилган.
Шунингдек, Ғаллаорол туманида йилига 7 минг тонна калава ип тайёрлашга ихтисослашган “Сангзортекстиль” корхонаси фаолиятини йўлга қўйиш устида иш олиб борилаётир. Айни вақтда банк кредити ҳисобидан ушбу корхонага 50 миллиард 710 миллион сўмлик ускуна ва дастгоҳларни келтириш чоралари кўрил­япти. Худди шундай Зомин туманида йилига 5,5 минг тонна калава ип ишлаб чиқариш қувватига эга “Зоминтекстиль” корхонаси барпо этилаётир. Мазкур лойиҳанинг қиймати 17 минг АҚШ долларига тенг. Зарбдор туманида пахта толасидан ип олишдан тортиб, тайёр кийим-кечак ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнларни ўз ичига оладиган лойи­ҳа ҳаётга татбиқ қилинмоқда.
Айтиш жоиз, мамлакатимизда яратилган соғлом инвестицион муҳит, хорижлик ишбилармонлар билан яқин ҳамкорлик натижасида ҳудудда енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар сони тобора ортиб боряпти. Жорий йилнинг ўзида 21 та ана шундай корхонанинг ишга туширилиши режалаштирилган. Қувонарлиси, ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг асосий қисми экспортга йўналтирилади. Бу эса вилоят иқтисодиётининг барқарор тараққиётда муҳим ўрин тутиши, шубҳасиз.

Муқимбой ИСМОИЛОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.