«Неча хирмон бир ҳовуч дон ичрадир»

2_01

Мамлакатимиз ғалла уруғчилигида олиб борилаётган изланишлар ўз самарасини бермоқда

Республикамиз мустақилликка эришгунга қадар фақат лалми ерлар учунгина буғдойнинг янги навларини яратиш бўйича селекция ишлари олиб борилар эди. Шу боис ҳам истиқлолнинг дастлабки йилларида суғориладиган ерлар учун мос буғдой навлари асосан чет давлатлардан олиб келинди. Бу, албатта, соҳа вакиллари олдига мамлакатимиз тупроқ-иқлим шароитига мос навларни яратиш талабини қўйди. Шундан сўнг суғориладиган майдонлар учун мос, иссиқлик ва қурғоқчиликка чидамли навларни яратиш мақсадида “Дон-дуккакли экинлар” илмий-тадқиқот институти ташкил этилди.

Суғориладиган ерларда буғдой экишнинг кенгайиши, ўз навбатида, ғаллазорларда касаллик ва зараркунандаларнинг кўпайишига ҳам имкон яратди. Занг касалликлари ва зараркунандалар тез ривожланиб, ҳосилдорликнинг камайишига сабаб бўлди. Ўзбекистон  Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг топшириғига асосан 2007 йилда Ўсимликшунослик илмий-тадқиқот институтида буғдойнинг нав, намуна ва линиялари экилган майдонларда сариқ ва қўнғир занг касаллигини сунъий равишда кўпайтирадиган махсус тажриба майдони ташкил этилди ва занг касалликларига чидамли нав яратиш бўйича тизимли селекция ишлари бошлаб юборилди. Бундан ташқари, буғдойнинг ўсиб, ривожланишига халақит қиладиган иссиқлик, қурғоқчилик, совуқ, шўрланиш каби табиий таъсирлар ҳам ортиб борди.
Мамлакатимиз ҳудудлари туп­роқ-иқлим шароитининг турлича бўлганлиги ҳисобга олиниб, 2008 йилдан бошлаб буғдойнинг касалликлар, иссиқлик, қурғоқчилик, совуқ ва шўрга чидамли навларини яратиш бўйича селекция ишлари қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор Амир Амановнинг илмий раҳбарлигида ягона “Мега” лойиҳа асосида Ўсимликшунослик илмий-тадқиқот институти, Қорақалпоғистон деҳқончилик илмий-тадқиқот институти, Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот инс­титутининг Қашқадарё ва Ғаллаорол филиалларида олиб борилмоқда.
Ўсимликшунослик илмий-тадқиқот институтининг сунъий касаллантириш майдонидан занг касалликларига чидамли нав, намуна ва линиялар танлаб олиниб, айнан шу линияларнинг иссиқлик ва қурғоқчиликка чидамлилиги Қашқадарёда, совуқ ва шўрга чидамлилиги Қорақалпоғистонда, лалми ерларда синов ишлари Ғаллаоролда амалга оширилмоқда. Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳақиқатан ҳам 4 та илмий ташкилотнинг биргаликда, ягона лойиҳа асосида иш олиб борганлиги ўзининг кутилган натижаларини бермоқда.
Фикримизни рақамларда ифодалайдиган бўлсак, 2008-2017 йиллар давомида буғдойнинг 50 мингдан ортиқ намуна ва линиялари синовдан ўтказилиб, улар асосида юмшоқ буғдойнинг 24 та нави яратилди ва Давлат нав синаш комиссиясига топширилди. Улардан 10 таси районлаштирилди. Қувонарлиси, истиқболли – “Ҳисорак”, “Бунёдкор”, “Ғозғон”, “Истиқлол-20” ва “Семурғ” навлари занг касалликларига чидамли генлар ва ген комбинациялари билан ҳимоя­ланган. Бу эса улардан камида 5-6 йил давомида фунгицид сепмасдан юқори ҳосил олиш, ҳар гектар ердан 120-150 минг сўм харажатни иқтисод қилиш имконини бермоқда.
Албатта, бундай натижаларга эришишнинг ўзи бўлмайди. Бунинг учун ИКАРДА, СИММИТ халқаро илмий марказлари, Австралиянинг Сидней, Германиянинг Бонн, Американинг Канзас университетлари, Кения қишлоқ хўжалиги институти ҳамда Бутунроссия ўсимликшунослик илмий-тадқиқот инс­титути билан ҳамкорликда кўплаб илмий изланишлар олиб борилди. Ўн нафар ёш мутахассис ИКАРДА, СИММИТ халқаро илмий марказлари, Сидней, Бонн университетларида узоқ ва ўрта муддатли малака ошириш курсларини ўтаб қайтдилар ва ўз илмий йўналиш­ларини белгилаб олдилар.
Фермер хўжаликлари билан интег­рацияни янада кучайтириш, биринчи марта буғдойнинг рақобат ва ишлаб чиқариш нав синовлари ҳамда бош­ланғич уруғчилик тизимини ташкил этиш мақсадида Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманидаги “Оқ-сув илмий-экспериментал” фермер хўжалиги ва Ўсимликшунослик илмий-тадқиқот институти ўртасида 2015-2020 йилларга мўлжалланган илмий ҳамкорлик шартномаси тузилди.
Ҳамкорликда илмий тадқиқот ишларини олиб бориш натижасида 2018-2020 йилларда буғдойнинг 2 та занг касалликларига чидамли, юқори ҳосилли навлари яратилиб, Давлат нав синаш комиссиясига топширилади ва ушбу навларнинг бошланғич уруғчилик тизими йўлга қўйилади. Шартномага асосан, харажатларнинг 80 фоизи фермер хўжалиги, қолгани институт томонидан қопланади.
– Ғаллачилик фанида ҳақиқатан ҳам дадил қадамлар ташланмоқда, – дейди Бошоқли дон экинлари уруғчилиги Республика маркази директори, қишлоқ хўжалик фанлари доктори Зоҳид Зиядуллаев. – Ҳар бир ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитига мос навларини яратиш бўйича селекция ишлари тўғри тизимга солинди. Комплекс белги ва хусусиятларга эга навларни яратиш мураккаб илмий йўналиш эканлиги ҳисобга олиниб, бу борадаги селекция ишлари профессор Амир Аманов илмий раҳбарлигида ҳар бир ҳудуднинг ўзида ўтказилди ва катта ютуқларга эришилди. Яратилган навлар ишлаб чиқаришда ўз ўрнини топди. “Ғозғон” нави республикамиз ҳудудларида экиш учун тавсия этилган қишлоқ хўжалиги экинлари Давлат реестрига, “Ҳисорак”, “Бунёдкор” навлари эса истиқболли навлар қаторига киритилди ва улар 100 минг гектардан ортиқ майдонга экилиб, юқори ҳосил етиштирилди. Бундан ташқари, ўтган йили Ўсимликшунослик илмий-тадқиқот инс­титути селекционерлари “СИММИТ” халқаро илмий маркази ва АҚШнинг Канзас штати университети олимлари билан ҳамкорликда юмшоқ буғдойнинг кўп йиллик навларини яратиш бўйича илмий изланишларни йўлга қўйди ва яратилган янги буғдой навларининг синови бошланди.
Жалолиддин Румийнинг бир ҳикматида шундай мисралар бор: неча хирмон бир ҳовуч дон ичрадир. Ҳа, қачонки, уруғ сифатли бўлса, ҳосил бўлиқ ва элга манзур бўлади.
Кўриниб турибдики, мамлакатимизда буғдойнинг энг яхши, мақбул навларини яратиш устида тинимсиз изланиш­лар олиб борилмоқда. Бу жараёнда, айниқса, илмий муассасаларнинг ўзаро ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этмоқдаки, келгусида бу борадаги ишлар кўлами янада кенгайиши шубҳасиз.

Раимқул СУЯРОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.