Касб келажакни кўзлайди, ҳунарда ҳаёт сўзлайди

Касб-ҳунар таълими бутунлай янгича мезонга ўтказилмоқда

Сўзимиз аввалида Жаҳон савдо ташкилотининг бир маълумотини келтириб ўтишни жоиз билдик: ҳозирги кунда бошланғич синфда таълим олаётган ўқувчиларнинг 65 фоизи келажакда айни пайтда мавжуд бўлмаган касблар билан машғул бўлар экан. Қаранг, нақадар ўйлашга мажбур этадиган маълумот.

Ҳа, тараққиёт шиддати жадал. ХХI аср – тараққиёт асри, деймиз. Илм-фан ютуқлари ҳаётимизга тезкор кириб келмоқда. Таъбир жоиз бўлса, эртага кетмонни роботлар чопиши мумкин. Хўш, шундай вазиятда биз унга тайёрмизми? Келажак авлодни шунга тайёрлаб келдикми?
Шундай бўлганда касб-ҳунар коллежларини битирган ёшларимизнинг аксарияти бугун хорижда оддий ишларни қилиб, халқона айтганимизда, “қора ишчи” бўлиб юрмасди.
Гапнинг индаллосини айтганда, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизими кўплаб муаммоларимиз йиғилиб қолган соҳа. Мана улардан бири…

 “Коллеж олис, ҳунари қаттиқ”
Бундан бир неча йил олдин бир танишим нолиб қолди. Унинг икки фарзанди коллежда ўқирди. Энг яқин коллеж эса икки қишлоқ нарида жойлашган. Йўл ҳам анчайин узоқ. Яёв бориб бўлмайди. Транспорт учун кунлик ҳаражат керак. Қолаверса, бир ўғли ҳуқуқшуносликка қизиқади. Аммо олаётган таълими қиш­лоқ хўжалиги соҳасида. Бу коллежда ўзи қизиққан соҳа йўқлиги боис, аграр соҳага ўқишга мажбур бўлган эди. Шу сабаблар билан улар дарсларни кўп қолдиради. Аммо кун-кунора коллеждан одам келиб, “фарзандингни нега ўқишга юбормаяпсан” деган дашномни беради. Бу ҳолдан зада бўлиб кетган она ўшанда дардини дастурхон қилган эди.
Халқимизнинг пурмаъно нақли бор: “Осмон узоқ, ер қаттиқ”. 12 йиллик мажбурий таълим. Мактабнинг 9-синфини тугатгач, коллежда ўқишни давом эттириш зарур. Коллеж эса олисроқ, таълим ҳам фақат маълум йўналишга ихтисос­лашган. Табиийки, бу кўплаб муаммоларни юзага келтирар эди…
Касб-ҳунар таълими ёшларга келажак ҳаёт учун йўлланма бериш, касб-ҳунар эгаллашнинг муҳим палласи ҳисобланади. Мазкур давр инсоннинг етукликка ўтиш босқичи ҳамки, бу унинг нечоғли аҳамиятли ва нозиклигини билдиради. Таъкидлаш керак, ўз даврида республикамизнинг турли ҳудудларида замонавий касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар барпо этилди. Афсуски, бунда ҳудуднинг шарт-шароити, кадрларга бўлган талаб ва эҳтиёжлар, ўқувчининг ёш ва психофизологик хусусиятлари, қизиқиш ва имкониятлари билан боғлиқ жиҳатлар инобатга олинмади. Таълим муассасаларининг олисда жойлашганлиги, транспорт инфратузилмасининг етарли даражада ривожланмаганлиги ўқувчиларнинг давоматига салбий таъсир кўрсатиб, ота-оналарда жиддий эътирозлар уйғотди. Шу каби муаммолар ўқувчиларнинг давомати ва ўзлаштириш кўрсаткичи пастлигига, маълум ҳудудда муайян соҳалар бўйича кадрларнинг эҳтиёждан ортиқча тайёрланишига, бу эса, ўз навбатида, ишсизлик муаммосининг юзага келишига, ишга жойлаштириш масаласида кўзбўямачилик ҳолатлари кўпайишига йўл очиб берарди.

Муаммога ечим зарур эди
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 25 январдаги “Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан уларнинг ечими учун ҳуқуқий асос яратилди.
Янгилик шундаки, касб-ҳунар коллежларига ўқувчилар бундан кейин 9-синфни битиргач эмас, ўн бир йиллик мажбурий таълим тизимидан сўнг қабул қилинади. Ўқувчи айни балоғат палласида ўзи ўрганган мактаби, устозлари ва ота-онаси назоратида бўлади, сўнг ўзи танлаган касб-ҳунарни эгаллайди. Айни пайтгача коллежлар фақат кундузги шаклда таълим берган бўлса, эндиликда сиртқи, масофавий ва уйғунлаштирилган таълим шакллари ҳам йўлга қўйилади. Бу кундузги шаклда таълим олишга имконияти бўлмаган, ўқишни иш билан биргаликда олиб борадиган шахслар учун айни муддаодир. Масофавий таълим эса хорижий мамлакатларда тажрибадан ўтган ва кенг тарқалган замонавий, камчиқим ўқитиш усули саналади.

Ҳунарга қараб ўқитилади
Бозор иқтисодиёти шароитида маълум касб эгаларига талаб ва эҳтиёж ортиши ёки камайиши табиий ҳол. Касб-ҳунар коллежларида ўз касбини ўзгартиришни ният қилган ёки ўзи истиқомат қиладиган ҳудудда ишга туширилган корхонада фаолият кўрсатишга қарор қилган шахсларни касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш имконияти яратилади. Эндиликда коллежларга нафақат мактаб битирувчиси, балки аввал ўрта махсус ёки олий маълумот олган, касбини ўзгартирмоқчи бўлган ёки ишсиз қолган фуқаролар ҳам ёшидан қатъи назар қабул қилиниши мумкин.
Касб-ҳунар коллежларининг моддий-техник базаси, ўқув устахоналари, дарсликлар, ўқув-адабиётлар, малакали кадрлар билан таъминланганлик ҳолати ҳам замон талабларидан анча ортда қолаётган эди. Шунингдек, ўқув-режаларидаги номувофиқликлар сабаб ўқувчининг аксарият вақти умумтаълим фанларини ўқиб-ўрганишга, мактабда олинган билимларни такрорлашга кетар, касб-ҳунарлар ўрганилиш муддати ва даражасига кўра мувофиқлаштирилмаган эди. Коллежда тиббиёт ҳамшираси ёхуд мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси бўлиш учун ҳам, тикувчилик ёки пазандачиликни эгаллаш учун ҳам ўқувчи уч йил ўқишга мажбур эди. Эндиликда ўқувчилар ихтиёрийлик асосида тегишли мутахассислик ёки касбга эга бўлиш учун уларнинг мураккаблик даражасидан келиб чиқиб, 6 ойдан 2 йилгача бўлган муддатлардаги табақалаштирилган таълим дастурлари асосида ўқитилади. Бунда кадрларга бўлган реал эҳтиёжлар, иш берувчи корхоналарнинг талаб ва таклифлари албатта ҳисобга олинади. Ҳар қандай иш берувчи корхона ишчисининг юқори малакага эга бўлишидан манфаатдор. Шундай экан, касб-ҳунар коллежи ва иш берувчи корхона ўртасида узвий ҳамкорлик бўлиши, ишлаб чиқариш амалиёти бевосита корхонада ташкил этилиши мақсадга мувофиқ.

Таълим бепулми? Кимларга стипендия берилади?
Бундан буён юқори технологик тайёргарлик талаб қиладиган 6 ойдан 2 йилгача бўлган касб-ҳунар таълим дастурлари буюртмачи – иш берувчи корхоналар, идора ва ташкилотлар маб­лағлари ҳисобидан, буюртмачиси бўлмаганлар эса ихтиёрий равишда таълим олувчиларнинг шахсий жамғармаси ҳисобидан амалга оширилиши мумкин. Бу кадрлар тайёрлаш жараёнига буюртмачи ташкилотнинг масъулият билан ёндашишини талаб этади ва ўз-ўзидан таълим жараёнига иш берувчиларнинг билвосита эмас, бевосита иштирокчи сифатида жалб этилишига олиб келади ва пировард натижада касбий таълим сифати ва самарадорлиги ортади. Ёхуд шахсий жамғармаси ҳисобидан тўлов-контракт асосида ўқиётган таълим олувчи юқори касбий таълим сифатини талаб қилишга тўла ҳақли бўлади.
Кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари эса давлат бюджети ҳисобидан ўқитилади.
Шуниси эътиборлики, вазирлик, идора ва корпорациялар, йирик иш берувчилар ички имкониятлари доирасида ўқувчилар учун стипендия ва моддий рағбатлантириш сингари қўллаб-қувватлашларни амалга оширишлари мумкин. Бу касб-ҳунар эгаллаш иштиёқида бўлган ёшларни яхши ўқишга, ўз устида ишлашга, изланишга даъват этади, рағбатлантиради.

Ҳам илм, ҳам ҳунар
Касб-ҳунар таълими тизимида амалга оширилаётган ўзгаришлардан яна бири ўқувчиларга касбий таълим беришга ихтисослашган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларининг жорий этилганидир. Мазкур мажмуаларда 10-11-синф ўқувчилари 50 дан ортиқ касбларга таълим давомида ўргатилади ва бу тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилади. Ўқувчи-қизлар келажакда бир оиланинг бекаси сифатида рўзғор юритади, фарзанд тарбияси билан шуғулланади. Ишлаб чиқариш корхонаси ёки давлат ташкилоти мавжуд бўлмаган олис туманларда яшовчи ўқувчи-қизларга ҳудуд учун хос бўлган касб-ҳунарни ўргатиш, тадбиркорлик фаолиятига йўналтириш орқали ҳам оилада, ҳам жамиятда ўз ўрнини топишларига кўмаклашиш мумкин. Бир йигитга қирқ ҳунар оз, деганидек, йигитлар ҳам мактабни битириш асносида келажакда асқотиши мумкин бўлган йўналишлар бўйича касб эгаллайдилар.

Коллежда ўқиб, жаҳонга чиқамиз
Ўзбекистон дунё ҳамжамиятида ўз ўрнига эга бўлиб, хорижий мамлакатлар ва компаниялар билан ҳамкорлик алоқалари ривожланмоқда. Демак, касб-ҳунар коллежида тайёрланаётган кадр нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам бемалол фаолият юритишга қодир бўлиши керак. Бу, ўз навбатида, касб-ҳунар таълими тизимини халқаро андозалар талабларига уйғунлаштиришни, таълим стандартларининг халқаро таълим таснифи стандартлари, халқаро квалификация рамкалари ҳамда профессионал стандартлар талабларига мувофиқлигини тубдан қайта кўриб чиқишни тақозо этади. Мамлакатимиз коллежларида тайёрланган, замонавий техника ва технологияларни пухта ўзлаштирган малакали кадрлар дунёнинг исталган мамлакатида, нуфузли корхонасида бемалол фаолият юритиши мумкин.
Малакали, етук ва рақобатбардош кадрлар тайёрлаш таълим сифатига чамбарчас боғлиқ. Бу йўналишда амалга ошириладиган вазифалар аниқ белгилаб олинган. Таълим жараёнига замонавий педагогик ва ахборот коммуникацион технологияларни жорий этиш, илғор хорижий тажрибалардан унумли фойдаланиш, ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълими усталарининг малакасини ошириш шулар жумласидандир.
Жалолиддин Румий “Ҳар заминга таржимондир ўт-ўлан”, дейди. Бугун соҳага қаратилаётган эътиборни шундай қиёсласак бўлади: биз экин экмоқдан олдин заминнинг имкониятини ўрганмоқдамиз. Шундагина буғдой экиб, буғдой оламиз.
Дарвоқе, яқинда ўша танишимизни кўриб қолдик. Унинг яна бир фарзанди вояга етиб, 9-синфни тугатибди. Ўқишни эса ўзининг олдида – мактабда, 10-синф­да давом эттираётган экан.
– Мактабни тугатса, коллежда ўқийди, – дейди у. – Ҳозир қайси касбни танлаш ҳақида ўйлаяпти. Унгача анчагина улғаяди. Фикри теранлашади, дунёқараши шаклланади. Мен фарзандимнинг замонавий касб танлашига ишонаман.
Эртасини ўйлаган халқнинг келажаги буюк бўлади. Таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларда соҳани янада тараққий эттириш асосий вазифалардан этиб белгилангани келажакка қаратилган эътиборнинг ёрқин далилидир. Буларнинг барчасида инсон омили, унинг манфаатлари, келажагимиз ворис­ларини баркамол этиб вояга етказишдек эзгу мақсад мужассамлашгандир.

Шаҳноза ЭРГАШЕВА