Агентликка хизмат машиналари

2_03

Қорақалпоғистон Республикаси

Нукусда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг Оролбўйидаги бир қатор туман марказларига хизмат автомашиналарини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов, Ўзбекис­тон Республикаси адлия вазири Р.Давлетов ва бошқалар Президентимиз раҳбарлигида аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталишди.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 декабрдаги “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги, унинг тасарруфида ҳудудий бўлинмалар, шаҳар ва туман марказлари ташкил этилди. Фармон асосида “ягона дарча” тамойили бўйича кўрсатиладиган 58 та, жумладан, уй-жойларнинг сув ва иссиқлик таъминоти ҳамда бошқа муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш, якка тартибда уй-жой қуришни амалга оширишга рухсатнома олиш, турар жойи бўйича рўйхатга олиш (прописка) ва рўйхатдан чиқариш ҳисобга қўйиш, турли архив маълумотномалари, патентлар, гувоҳномалар ва расмий ҳужжатлар дубликатларига эга бўлиш каби давлат хизматлари рўйхати тасдиқланди. Эндиликда мазкур тамойил нафақат тадбиркорлик субъектларига, балки бевосита фуқароларга ҳам хизмат кўрсатишда амал қилади.  Марказларнинг хизмат автомашиналари билан таъминланиши эса чекка ҳудудлар аҳолисига ҳам давлат хизматларини кўрсатиш ва унинг сифатини ошириш имконини беради.
Тадбирда бир қатор туман давлат хизматлари марказларига хизмат автомашиналарининг калитлари топширилди.

Давуд АБИБУЛЛАЕВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.