«Митти юлдуз»лар камол топаётган маскан

Қашқадарё вилояти

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 24-25 февраль кунлари вилоятга қилган ташрифи чоғида Қарши шаҳрида Абдулла Орипов номидаги мактаб ва музей ташкил этиш таклифини илгари сурган эди. 2017 йил 24 майда эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Қарши шаҳрида Абдулла Орипов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ўтган бир йил ичида ушбу таълим муассаси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Мактаб биноси олдида эл севган шоирнинг ҳайкали қад кўтарди. Янги ўқув йилидан бош­лаб, ушбу илм даргоҳида танлов асосида 142 нафар ўғил-қиз она тили ва адабиёти фанларидан чуқурлаштирилган тарзда таълим ола бошлади. Эътиборли томони, ушбу танловда 700 нафардан ортиқ ўғил-қизлар иштирок этди.
Президентимиз 2018 йил 29-31 январь кунлари вилоятга ташрифи давомида мазкур мактабда бўлиб, бу ерда амалга оширилган кенг кўламли ишлар, таълим-тарбия сифати билан атрофлича танишди.
– Бухоро вилоятининг Жондор туманидан келиб, севимли шоиримиз номидаги мактабда таълим оляпман, – дейди 7-синф ўқувчиси Отабек Раҳматов. – Юртбошимизнинг мактабимизга ташрифи катта байрамга айланиб кетди. Биз Президентимиз билан учрашувда Абдулла Ориповнинг Ватан, эзгулик, инсонийликни мадҳ этувчи шеърларини зўр ҳаяжон билан ёддан айтдик.
– Давлатимиз раҳбарининг мактабимиз ўқувчилари билан қилган мулоқоти ғоят сермазмун ва самимий тарзда кечди, – дейди Қарши шаҳридаги Абдулла Орипов номли мактаб-интернат директорининг ўқув-тарбия ишлари бўйича ўринбосари Нозима Орипова. – Музейдан шоирнинг болалик йилларида фойдаланган буюмлари, сандал, ижодкорни аллалаган бешик, дутор, қўлёзмалар, суратлар, тўқилган гиламлар бор. Давлатимиз раҳбарининг тавсияси билан музейни экспонатлар билан  бойитишга ҳаракат қиляпмиз.
Давлатимиз раҳбари ташриф давомида она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Муқаддас Абдужабборова билан ўн нафар ўқувчи иштирокида ташкил этилган мушоира дарсини ҳам кузатди. Республикамизнинг турли ҳудудларида фаолият бошлаган Ибройим Юсупов, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Муҳаммад Юсуф номидаги мактаблар ўқувчилари билан ўзаро онлайн мулоқот тарзида ўтказилган ушбу машғулотда Президент болаларнинг шеър айтишувларини мароқ билан тинглади ва  дарс охирида ўқувчиларга ўз совғаларини топширди. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг “Сиз давлат мадҳиясини яратган шоир номи берилган мактабда ўқияпсиз. Мен сизларда Абдулла Ориповнинг Ватанга бўлган муҳаббатини, она халқини севишини кўрмоқчиман. Абдулла Орипов умрининг охиригача Ватанни куйлади. Сизнинг ҳам қаламингиз уники сингари ўткир бўлсин!” деган даъватлари ўқувчиларни руҳлантирди. Улар эл-юртига манфаати тегадиган, шу юрт, шу Ватан номини дунёга ёядиган етук шахслар бўлиб камол топишни кўнгилларига тукканлар. Бу ниятни уларнинг ёниб турган кўзларидан, дарсларда ўзгача шижоат ва ғайрат билан иштирок этаётганликларидан ҳам билиш қийин эмас.
Мактаб-интернатда нафақат она тили ва адабиёти, шу билан бирга информатика, инглиз тили, рус тили, география, биология, кимё, физика, тарих, ҳуқуқ, технология хоналари давлат таълим стандартига жавоб берадиган даражада жиҳозланган. Нутқ маданияти, ифодали ўқиш, нотиқлик санъати бўйича ҳам алоҳида дарс соатлари олиб бориляпти. Шунингдек мактабда кутубхона, 210 ўринли фаоллар зали, ошхона, ётоқхона мавжуд. Яқинда “Абдулла Орипов қалдирғочлари” шеърий тўплами Тошкентдаги “Istiqlol nuri” нашриётида чоп этилди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Абдулла Орипов ҳақидаги илиқ фикри билан очиладиган тўпламдан ўттизга яқин ёш истеъдод соҳибининг шеърлари ўрин олган.
Мактаб жамоаси Президентимиз ташрифидан руҳланиб ўзгача куч-ғайрат билан фидоийлик кўрсат­япти. 2018 йил 21 март куни шоир таваллуди муносабати билан Абдулла Орипов номидаги хиёбон янада ўзгача манзара касб этади. Қад ростлаган ҳайкал ҳудуди гулзорга бурканиб, фавворалардан отилаётган зилол сувларга монанд шоир шеърлари унинг, издошлари овозида янграйди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими билан ҳамкорликда ўтказиладиган тадбир шеърият, адабиёт байрамига айланади.
Дарҳақиқат, шоир номидаги ушбу илм масканида умид ғунчалари камол топяпти. Уларнинг интилишларида, бийрон сўзларида, тийран боқишларида нурли келажак, порлоқ истиқболга бўлган ишонч ёрқин акс этиб турибди.

Ҳусан ТЕМИРОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.