«AGRО GLOВAL» – пиллачиликда янги имкониятларни очади

Сирдарё вилояти

Президентимизнинг пиллачиликни ривожлантиришга қаратаётган эътибори натижасида қатор вилоятлар, чунончи, Сурхондарё, Қашқадарё ва Бухоро вилоятларида пилладан бир йилда уч марта ҳосил етиштирилмоқда. Ҳосилдор, касалликка чидамли тут кўчатлари танлаб экилаётгани, тутзорларнинг кўпайтирилаётганлиги, соҳага илғор технологияларни жалб этиш пиллачиликни тизимли равишда ривожлантириш имконини бераётир.

Айтиш жоизки, авваллари фақат пилла етиштириб, хом­ашё сотган пиллачилар тармоқдан кўнгилдагидек фойда кўрмас, натижада пиллачилик соҳасида деярли ривожланиш кўзга ташланмасди. Аслида пилла дунё бозорида пахтага нисбатан бир неча баравар юқори қийматда баҳоланади. Давлатимиз раҳбари шунинг учун ҳам пиллани қайта ишлаш, уни матога ва тайёр кийим-кечакка айлантириб, сўнгра хорижий давлатларга экспорт қилишни вазифасини қўйди. Эндиликда Сурхондарё, Бухоро, Наманган вилоятларида етиштирилган  пилла тўлиқ шу ернинг ўзида қайта ишланяпти. Янги технологиялар асосида ипак ва тайёр кийим-кечакка айлантирилиб, кенг ҳажмда экспорт қилиняпти.
Соҳага қаратилаётган эътибор натижасида соҳа бошқаруви Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тасарруфидан ажратилиб, “Ўзбек­ипаксаноат” уюшмасига асос солинди. Қатор вилоятларда пиллани қайта ишлаш, ипак ва бўялган матодан кийим-кечаклар тикишга ихтисослашган замонавий фабрикалар ишга туширилди. Муҳими, бу борада кўзда тутилган, 2017-2021 йилларда пиллачиликни тўлиқ саноат негизига ўтказиш асосий вазифа этиб қўйилган истиқболли лойиҳалар талайгина. Шулардан бири жорий йилда Cирдарё туманида фаолияти йўлга қўйиладиган “AGRO GLOВAL” пиллани қайта ишлаш, ипакдан тайёр мато ва кийим-кечак­лар тикиш фабрикаси лойи­ҳасидир.
“Камолот” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида барпо этилаётган корхонанинг лойиҳа қиймати 5 мил­лион АҚШ долларини ташкил этади. Шунинг 2,5 миллион доллари банк кредити, қолган ярми эса инвесторларнинг маблағлари ҳисобидан шакл­лантирилади. Фабрика тўлиқ ишга тушгач, йилига 10 миллион АҚШ долларилик маҳсулот экспорт қилинади ва биринчи босқичнинг ўзида сирдарёлик ёшлар учун 100 дан ошиқ янги иш ўрни яратилади. Айни пайтда бу ерда қурилиш ишлари бош­лаб юборилган. Шу йилнинг биринчи ва иккинчи чоракларида корхонанинг дастлабки навбати ишга туширилади.
2021 йилгача эса ипакни қайта ишлаш, тайёр маҳсулот – кийим-кечак ишлаб чиқарадиган иккинчи лойи­ҳа ҳам охирига етказилиб, ипакчилик соҳасидаги Хитой технологияси билан жиҳозланган энг йирик замонавий фабрикалардан бирига айлантирилади.
Корхона қурилишига ҳамо­ҳанг хомашё базасини мустаҳкамлаш ниятида жорий йилнинг ўзида вилоятнинг ҳар бир туманида иккитадан, 16 та янги пиллахона қурилади. Бундан ташқари, вилоятда ипак қурти озуқа захирасини яхшилаш учун 280 гектардан ошиқ майдонда  кўп барг берадиган, юқори ҳосилдор янги тутзорлар барпо қилинади. Айни вақтда маҳаллий шароитга мослаштирилган сара кўчатларни экиш ишлари тезкорлик билан бошлаб юборилди.
Вилоятдаги мавжуд 1323 гектар майдондаги тутзорлар, 639 минг дона якка тутларни парваришлаш, янги кўчатлар ҳисобига тўлдириш, таъмирлаш ишлари ҳам пиллачилар зиммасига катта масъулият юклайди. Шу мақсадда туман пиллачилик идоралари раҳбарлари масъулия­ти янада оширилди. Улар таъсисчи-тадбиркор томонидан хизмат машиналари билан таъминланди. 20 нафар пиллачилик агрономлари саралаб олинди. Олиб борилаётган ишлар, татбиқ этилаётган ислоҳотлардан кўзланган мақсад пиллачиликни сердаромад соҳага айлантириш, унинг дунё бозоридан мустаҳкам ўрин олишига эришиш, провардида эса аҳоли фаровонлигини юксалтиришдир. Сирдарё  туманида барпо этилаётган йирик пиллачилик мажмуасини ҳам ана шу хайрли ишларнинг дебочаси дейиш мумкин.
“AGRO GLOВAL” фабрикаси қурилишига тамал тошини қўйишга бағишланган тадбирда шу соҳага дахлдор республика ва вилоят ташкилотлари раҳбарлари, соҳа ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси раиси Баҳром Шарипов, Сирдарё вилояти ҳокимининг ўринбосари Комилжон Собиров ва оқсоқоллар янги барпо этилаётган корхона пойдеворига ғишт қўйиб янги корхона қурилишини бошлаб бердилар.
– Мазкур корхонанинг бунёд этилиши келажакда вилоятда етиштириладиган 500 тоннадан ошиқ пиллани шу ернинг ўзида қайта ишлаб, тайёр маҳсулотга айлантириш имконини беради, – дейди “AGRO GLOВAL” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Иззат Норматов. – Фабрикада 300 нафардан ошиқ ёшлар доимий иш ўрнига эга бўлади. Туманлардаги барча пиллачилик идоралари раҳбар ва ходимлари, ипак қурти боқувчиларни ҳам ҳисобга олсак, 10 мингдан ошиқ киши иш билан таъминланади.

Бозорбой БЕКМУРОДОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.