Туризм истиқболини кўзлаб

SAMARKAND, UZBEKISTAN - APRIL 30, 2015: The Registan Square complex is the notable landmark of the country, on April 30 in Samarkand.

Самарқанд вилояти

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 ноябрдаги тегишли қарори билан Самарқанд, Бухоро, Хоразм ва Шаҳрисабз шаҳарларида хавфсиз туризмни таъминлаш концепцияси тасдиқланган эди.

Унга кўра, ушбу ҳудудларнинг Ички ишлар бош­қармаларида хавфсиз туризмни таъминлаш бош­қармалари ташкил этилиши, уларнинг бошлиқлари бир вақтнинг ўзида ИИБ бошлиқлари ўринбосарлари ҳисобланиши, шахсий таркиб эса танлов асосида чет тилларини биладиган ходимлар сафидан шакллантирилиши белгилаб қўйил­ганди.
Самарқанд вилоятида ҳам Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ташкил этилди. Бунинг учун алоҳида бино ажратилиб, бошқарма учун Самарқанд давлат чет тиллар институтини битирган, инглиз, француз, япон, корейс ва бошқа хорижий тилларни мукаммал биладиган ҳамда тарихий обидалар, миллий қадриятлар ва тарихимизни чуқур ўрганган 50 нафар ходимдан иборат шахсий таркиб тузилди. Бош­қарманинг моддий-техник базаси мус­таҳкамланиб, зарур техника воситалари билан таъминланди.
Соҳа ходимларидан талаб қилинадиган асосий вазифалар хорижлик меҳмонга нисбатан хушмуомала­лик билан муносабатда бўлиш, зарур вақтда тиббиёт қутичасидаги дори-дармонлар билан ёрдам бериш, улар бормоқчи бўлган тарихий обидалар, маданий объектлар ҳамда меҳмонхоналарга кичик харита ёрдамида йўналтиришдан иборатдир.
– Бу амалиёт туризм ривожланган давлатларда йўлга қўйилган бўлиб, унга меҳмон тарихий обидаларга ташриф буюрган вақтида, ҳолдан тойган ёки биринчи ёрдам зарур вақтларида эҳтиёж сезади, – дейди тажрибали гид-таржимон, “Дўстлик” ордени соҳиби Муродхон Эргашев. – Бу тадбирлар юртимизда сайёҳлик соҳасининг янада равнақ топишига хизмат қилади.

Нуриддин БОЛИЕВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.