Ковул – оёқ остидаги даромад

2_kovul

Наманган вилояти

Президентимиз ўтган йили вилоятга ташрифи чоғида ковул ўсимлигини етиштиришни  йўлга қўйиш, ривожлантириш, ишлаб чиқариш, экспорт ҳажмини ошириш борасида тегишли топшириқлар берган эди. Бу эса тадбиркорларга истиқболли  режаларини амалга оширишлари учун қанот бағишлади. Ўтган давр мобайнида Чуст туманининг Ғалаба, Сабзазор, Ахча массивлари ҳудудидаги 5130 гектар майдон тадбиркорларга ковул плантациялари ташкил этиш учун ажратиб берилди.

Мамлакатимизда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини ривож­лантиришга ўз ҳиссасини қўшиб келаётган “Барака мева саноат сервис” масъулияти чекланган жамияти  раҳбари Содиқжон Ҳасановнинг таъкидлашича, ковул Жиззах вилоятининг Зомин, Ғаллаорол, Фориш, Шароф Рашидов номли, Андижон вилоятининг Булоқбоши, Наманган вилоятининг Чуст ва Косонсой туманлари ҳудудида  табиий  ҳолда ўсади. Унинг экспорти 2009 йилдан йўлга қўйилган.
– 2014 йил 18 февралда  БААнинг Дубай шаҳрида ўтказилган “Жаҳон озиқ-овқат маҳсулотлари кўргазмаси”да иштирок этиб, Туркиянинг “Денамикес” ва “Денизли” фирмалари билан шартнома тузишга муваффақ бўлдик, – дейди у. – Шу йили 187 минг, 2015 йили  317 минг, 2016 йили 581 минг АҚШ долларилик ковулни экспорт қилдик. 2017 йилда эса Италиянинг “Маприком” компаниясига 242 тонна, Туркиянинг “Денашикес”, “Денизли” фирмаларига 495 тонна ковул етказиб берилди. Жорий йилнинг ўтган даврида Италияга 100 минг долларлик маҳсулот жўнатдик. Омбордаги 122 тонна сифатли, харидоргир маҳсулот март ойида экспорт қилишга тахт қилиб қўйилган. Юқоридаги компания ва фирмалар билан жорий йилнинг 18 апрель кунига учрашув белгиланган бўлиб, келишувларга кўра, шу йилда  умумий қиймати 1 миллиард  700 минг АҚШ долларилик ковул етказиб берилади.
Мазкур корхона томонидан 334 гектар майдонда грек ёнғоқзорларини барпо этиш ишлари ҳам жадал олиб борилмоқда. Шунингдек, хориж­га нафақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари жўнатишни кўпайтириш, балки уларни қайта ишлаб, тайёр маҳсулотни экспорт қилиш борасида ҳам изланишлар олиб бориляпти.
– Айни кунларда 2 гектарлик майдонда юз нафардан кўпроқ қурувчилар ковул кўчатларини тайёрлаш учун иссиқхона ва ярим тайёр маҳсулотларни турли ҳажмда  қадоқлайдиган завод барпо этиш ишларини жадал суръат­ларда олиб боришмоқда, – дейди Содиқжон  Ҳасанов. – Италиянинг  “Мак­риком” компанияси билан ҳамкорликда иш олиб борадиган қўшма корхона 2019 йилда фаолиятини бошлайди. Йилига “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи остида 3 минг тоннадан зиёд маҳсулот экспорти йўлга қўйилади. Қувонарлиси, шу кунгача фойдаланилмай ётган дашт ерларда ташкил қилинаётган ковулзор, ёнғоқзор, иссиқхоналар негизида кўп­лаб янги иш ўринлари яратилади.

Равшанбек МИРЗАОЛИМОВ,

“Qishloq hayoti” мухбири.