Ҳандақда лимонлар, лимонлардан миллионлар

3_limon

Кейинги вақтда тадбиркорларимиз қишда ҳам дастурхонлар тўкинлигини таъминламоқдалар. Изланишлар самарасида субтропик ўсимликлардан бири – лимон маҳаллий иқлимимизга мослашиб, ундан юқори даромад олиш имкониятлари яратилди. Лимон асосан иссиқхона шароитида етиштирилади. Уни ҳандақ усулида парваришлаш эса ҳам харажатни тежаш, ҳам ҳосилдорликни ошириш имконини яратади. Қуйидаги ҳандақ усулида лимон парваришлаш ҳақида маълумотлар берилади.

Бир сотих ҳандақда (3×3 метр схемада лимон эксак), ўртача ўн дона кўчат бўлади. Ҳандақда ўстирилган битта дарахтдан ўртача 200-250 тагача лимон меваси олиш мумкин. Лимон кўчатлари учинчи йилдан тўлиқ ҳосилга киради. Шу даврда лимон кўчатлари қатор орасига сабзавот ва кўкат экинлари экиш мумкин.
Энди ҳандақни тайёрлаш, кўчатни экиш ва ҳосилни парваришлаш технологияси билан танишамиз.
Тупроққа ишлов бериш. Ҳандақларда кўчат экишдан олдин туп­роғи яхшилаб текисланади ва бир сотих майдонга 600-800 кг. чириган гўнг,
60 кг. суперфосфат ҳамда 15 кг. калийли ўғитлар солиниб, 25-30 см. чуқурликда ишлов берилади.
Кўчат экиш схемаси ва муддати. Лимон кўчатларини 5 метрли ҳандақларга икки қатор жойлаштириб, девордан 1 метр, қатор ораси 3 метр, туплар ораси 3 метр экиш схемасида экилади.
Лимон кўчатларини экиш учун ажратилган майдонларга 60 см.ли чуқурлар қазилиб, кўчатларни ўтказиш пайтида ҳар бир чуқурчага 10-15 кг. чириган гўнг, 100-150 грамм суперфосфат ва 50 грамм калийли ўғит тупроқ билан яхшилаб аралаштириб солинади.
Лимон ўсимлигининг илдиз тизими яхши ўсган бир ва икки ёшли кўчатлари баҳорда (март) ёки кузда (октябрь) экилади.
Кўчатларга қўйиладиган талаблар. Бир ёшли лимон кўчатларида 3-4 та биринчи тартиб пишган новдалар ва танасининг йўғонлиги 0,7-0,8 см, икки ёшли кўчатларда эса иккинчи тартибдаги новдалар, танасининг йўғонлиги эса камида 1 см. бўлиши керак.
Суғориш. Лимон қулай ўсиши ва яхши мева бериши учун тупроқнинг мақбул намлиги тўла намлилик сиғимидан 70-80 фоизни ташкил этиши керак. Мавсумда 25 маротабагача суғориш ўтказилиб, уларнинг миқдори об-ҳаво шароити ва ўсимлик ҳолатига қараб белгиланади. Декабрь, январь, февралда – 1 маротабадан, мартда – 2 маротаба, апрель ва майда – 3 маротабадан, июнда – 4 маротаба, июль ва августда –
4-5 маротабадан, сентябрда – 3 маротаба, октябрда – 2 маротаба, ноябрда – 1-2 маротаба, шу жумладан, 5-6 маротаба гўнгли “шарбат” билан суғорилади.
Ўғитлаш. Кўчат ўтқазилгач, иккинчи йилдан бошлаб ҳар йили қиш олдидан ишлов беришда гўнг ва суперфосфат солинади. Уч ёшгача бўлган ўсимлик тагига 10 кг. гўнг, 20 граммдан азот ва фосфор ҳамда 10 грамм калий ўғити солинади. Ҳосилли лимон туплари тагига эса 20-25 кг. гўнг ва 80-100 грамм фосфор (тупларнинг ёши катталашган сари солинадиган ўғитлар миқдори кўпайтирилади), 80-120 грамм азотли ва 40-60 грамм калийли ўғитлар солинади. Бунда минерал ўғитлар икки муддатда: 50 фоиз февралда, қолган 50 фоиз май охири июнь бошларида солинади.
Шох-шаббаларини кесиш ва шакл бериш. Ўсиб кетган ва шаклланган новдаларни дарахт ёшига муносиб равишда сийраклаш, чилпиш ва буташ йўли билан мунтазам парваришлаш жуда зарур. Бунда тупнинг ўсиши ва мева бериши яхшиланади.
Кўчатлар доимий жойга ўтқазилгандан сўнг икки йил ўтгач, тўла шаклланади. Тепа қисмида 4- ва 5-тартибдаги шохлар юзага келиб, дарахт мева беришга киришади.
Ёзда чанг қоплаган баргларини вақти-вақти билан эрталаб ювиб туриш лозим. Бу тадбир баргларда пластик моддалар захираси тўпланишини ва фотосинтезининг меъёрида ўтишини таъминлайди.
Зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилиш. Лимон дарахти кўпинча юмшоқ сохта қалқондор, ўсимлик битлари, каналар билан зарарланади. Ушбу зараркунандаларга қарши омайт (10 литр сувга 3-4 грамм), данадин (10 литр сувга 10 грамм), нигуол, алтикор (10 литр сувга 1,5 грамм) кимёвий препаратларни ўсимликнинг ҳамма қисми, айниқса, баргларининг пастки тарафидан пуркалади. Ўсимлик ғунчалаган ва гуллаган даврида пуркаш мумкин эмас. Ишлов эрталаб ва кечқурун ўтказилади.
Қора куясимон замбуруғларга қарши 1 фоизли бордо суюқлиги эритмаси ёки 0,5 фоиз мис, хлор оксиди эритмаси пуркатилади.
Ўсимлик танаси гоммоз елим оқиш билан касалланганида, касалликнинг илк босқичида шикастланган пўстлоқ қисми ва ёғочи соғлом қатламгача кесиб ташланади. Бундан сўнг тозаланган жой 3 фоизли мис купороси билан дизенфекция қилинади ва боғ қатрони билан қопланади. Қатрон тайёрлаш учун канифоль ва асалари мумига (2:1) оз миқдорда мол ёғи қўшиб эритилади.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва  сув хўжалиги вазирлиги мутахассислари маълумотлари асосида тайёрланди.